Фотофобия кўзнинг ёруғликка сезгирлигини оширади. Бундай ҳолатда ёрқин қуёш нури ёки уйда нормал ёруғлик кучли ноқулайлик туғдиради. Бу ёруғлик тўсатдан жуда порлоқ бўлиб, унинг манбасига қараганида кўзларда кучли оғриқ, пешонада оғриқ, қуруқ кўзлар ва ёш оқиши ҳисси сифатида намоён бўлади.
Фотофобия сабаблари
Нур сезувчанлигининг ўзи касаллик эмас, балки аломатдир. Бунга нима сабаб бўлиши мумкин ва қачон шифокорга мурожаат қилишингиз кераклиги ҳақида маълумот берамиз.
Қуруқ кўз синдроми
Ушбу синдромда ёруғликка сезгирлик кўз қизариши, қичишиш ва кўзда бирор нарса бордек ҳис қилиш билан бирга келади. Қуруқ кўз синдроми — кўз ёшлари пайдо бўлиши билан боғлиқ муаммолар туфайли кўзлар етарли даражада намланмайдиган ҳолат.
Кўпинча ёш билан ёки гормонал мувозанатдаги ўзгаришлар туфайли юзага келади. Баъзи касалликлардан азият чекадиган одамларда ушбу синдромнинг пайдо бўлиш хавфи ортади, масалан, Паркинсон касаллиги. Қуруқ кўз синдроми билан оғриган беморлар учун шифокорлар даволаш сифатида махсус томчилар буюради.
Аллергия
Ёруғликка юқори сезувчанлик кўпинча чанг, моғор ёки ҳайвонлар юнгига аллергия туфайли юзага келади. Бу реакция қичишиш ҳисси ва кўз ёшининг кучайиши билан бирга келади. Шифокор кўзингизни текшириб, қўшимча равишда симптомларни енгиллаштирадиган дори-дармонларни тавсия қилади.
Бош мия чайқалиши
Агар ёруғликка сезгирлик билан бирга кучли бош оғриғи пайдо бўлса, бу яқинда жароҳат олганликни кўрсатиши мумкин. Мияси чайқалган одамлар ҳам кўпинча кўнгил айнишини бошдан кечиради. Бундай ҳолатда, албатта, шифокорга мурожаат қилиш керак. Қайта тиклашнинг калити дам олишдир, аммо баъзи беморлар махсус даволанишни талаб қилади.
Кератит
Бу шохпарда инфекцияси ҳисобланади. Ёруғликка сезгирликдан ташқари, кўзни очишга ҳаракат қилганда хира кўриш ва оғриқ билан характерланади. Ушбу касаллик инфекциялар, кўзларга бегона нарса тушиши ёки узоқ вақт давомида линзаларда юриш натижасида юзага келади.
Бунда, албатта, инфекциянинг ўзига хос турини аниқлаш учун антибиотиклар ёки уни даволаш учун мос келадиган бошқа дори-дармонларни буюрадиган шифокор билан маслаҳатлаш лозим. Даволаш пайтида контакт линза тақмаслик ҳам муҳим, чунки улар вазиятни янада оғирлаштириши мумкин.
Мигрен
Нурга реакция товушларга сезгирлик, бош оғриғи ва кўнгил айниши билан бирга келади. Симптомлар узоқ вақт давомида пайдо бўлмаслиги ёки бир неча кун давом этиши мумкин. Нур мигрен хуружини қўзғатадиган энг кучли сабаблардан бири ҳисобланади. Оғриқ қолдирувчи воситалар симптомларни енгиллаштиришга ёрдам беради, аммо мос келадиганларни топиш учун шифокор билан маслаҳатлашган маъқул.
Кератоконус
Ушбу касаллик билан шох парда ингичкалашиб, конус шаклини олади. Шу сабабли кўз ёруғликка реакция бермайди, бу унга нисбатан сезгирликни оширади. Одатда кератоконусли беморларга кўзойнак ва контакт линзада юриш буюрилади.
Кўз зўриқиши
Фототаъсирчанлик кўзнинг узоқ вақт зўриқиши туфайли юзага келади. Агар узоқ вақт давомида бир нуқтага эътибор қаратсангиз, кўз зўриқади. Мисол учун, бутун кунни компьютер ва смартфон қаршисида ўтказганингизда ёки бир неча соат машина ҳайдаганингизда шундай ҳолат кузатилади.
Компьютер фойдаланувчиларининг камида ярми бу симптомга дуч келади. Одатда ундан қутулиш учун кўзларга дам бериш кифоя. Ишлаётганда танаффус қилинг ва экран ёрқинлигини пасайтиринг.
Конюнктивит
Бу кўз қовоғи ва кўз шиллиқ қаватининг яллиғланиши. Яллиғланганда кўз пушти-қизил рангга киради. Яллиғланиш бактериялар ва вируслар, бегона нарсалар ёки кўзга тушадиган кимёвий моддалар туфайли юзага келади. Бу ҳолда фототаъсирчанлик кўзда қум борлиги ҳисси билан бирга бўлиши мумкин. Даволаш одатда томчилар ва компрессларни ўз ичига олади, бактериялардан қутулиш учун антибиотиклар керак бўлиши мумкин.
Блефарит
Бу кўз қовоқларининг яллиғланиши. Макияж, тери муаммолари, шу жумладан, киприклар тагидаги тери инфекцияси (бу, масалан, замбуруғ сабаб бўлиши мумкин) томонидан қўзғатилади. Яллиғланишни даволаш учун шифокор билан маслаҳатлашиш керак, акс ҳолда бу ҳолат сурункали бўлиб, бошқа касалликларга олиб келади. Даволаш одатда кўзни яхшилаб тозалаш ва илиқ компрессларни ўз ичига олади.
Шохпарда шикастланиши
Фототаъсирчанликдан ташқари, бу муаммо кўздан оқинди билан ҳам характерланиши мумкин. Одатда шохпарда кўзга кирган бегона нарсалар билан зарарланади. Ҳатто кичик бир зарра ҳам етарли. Аммо шикастланиш контакт линзаларини нотўғри тақиш билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Шохпарда шикастланиши тўғри даволанмаса, бу жиддий муаммоларга олиб келади.
Дори-дармонларни қабул қилиш
Кўпгина дорилар фототаъсирчанликка олиб келади. Ушбу аломатни келтириб чиқарадиган моддалар орасида тетратциклин, ибупрофен, метотрексат, напроксен, ҳалоперидол ва метилфенидат мавжуд. Дори-дармонлар туфайли жиддий муаммо бўлса, препарат буюрган шифокор билан боғланинг.
Симптомларни қандай енгиллаштириш мумкин?
Фотофобиядан халос бўлиш учун биринчи навбатда уни қўзғатган ҳолат билан шуғулланиш керак. Аммо даволаниш дарҳол фойда бермаслиги мумкин ва ёруғликка реакция бир мунча вақт давом этади. Бир нечта оддий қоидалар фотофобия кучайишининг олдини олишга ёрдам беради. Ташқарига чиққанда ҳар доим қуёшдан сақлайдиган кўзойнак тақинг. Хонада яшилликни яратинг, чунки у камроқ реакцияга сабаб бўлади. Томчи дорилардан фойдаланинг ва илиқ компресслар қилинг.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг