15:00 / 17.01.2018
5 983

"Ижарага олинган ошиқ..."

"Ижарага олинган ошиқ..."
Эшик тақиллади. Бу пайтда Орзиқулов домланинг имтиҳонига тайёрланавериб ҳолдан тойган, кундузги иссиқ туфайли лоҳас бўлган Ўктам ва Зайниддин эндигина уйқуга кетишганди. Туриб эшикни очишга эринишди. Эшик яна тақиллади. Тақиллайверди.

— Тур, қара, — деди Ўктам минғирлаб. — Эшитмаяпсанми?

— Нега мен қарар эканман? — тўнғиллади Зайниддин.

— Чунки сенга келишган. Севинч бўлса керак.

— Севинч қишлоғига кетган. Демак, сен учун келишган. Тур ўзинг!

— Оббо! — Ўктам бир кўзини очиб, қаддини ростлади. Зайниддинга норози қаради-ю, эшикка борди.

Зайниддин эшик орқасидан келаётган ғўнғир-ғўнғир овозларни эшитмаслик учун қулоғини ёпиб, кўзларини маҳкам юмди. Чала қолган уйқусини эндигина давом эттирмоқчи эди, Ўктам унинг елкасидан туртди:

— Сенга келишибди.

— Ким? — деди Зайниддин кўзларини очмай.

— Ҳилола, бир қиз билан.

— Мени йўқ деб айт.

— Бу гапингни катта жойда ишлаганингда котибангга айтасан!

Ҳилола — уларнинг курсдоши. Хоҳлаган пайтда келиб эшикни тақиллатаверади. Курсбоши бўлгани учунми, ўзини бемалол тутади. Стипендия олиб келса қани эди! Стипендия учун ўзинг боришинг керак!

Малолланиб ўрнидан турган Зайниддин Ўктамга савол аломати билан қаради:

— Бир қиз билан дейсанми?

— Ҳа, роса офатижон...

Зайниддин бориб эшикни очиб, Ҳилолага юзма-юз бўлди. Ундан сал нарида турган қизнинг юзини кўра олмади — “офатижон” тескари қараб олган эди.

— Намунча ухламасанг! — кулди Ҳилола. — Олдингга бир илтимос билан келдик.

— Нима илтимос экан, гапир, — деди Зайниддин.

— Сал ғалати илтимос, — Ҳилола шундай деб бояги қизга ўгирилди: — Мўътабар, бу ёққа қара.

Қиз ўгирилди ва яқинлашиб салом берди. Қизариб-бўзариб кулимсиради.

“Ҳа, офатижон экан, жингалак сочлари Севинчникига ўхшаркан”, — деб қўйди Зайниддин ичида.

— Бу қиз ҳамқишлоғим бўлади, исми Мўътабар, — деди Ҳилола.

Зайниддин хижолат чекиб, бош ирғаб қўйди:

— Ҳа... Яхши... Хурсандман.

Ҳилола Мўътабарга “боравер” ишорасини қилди-да, у кетгач, муддаога ўтди:

— Зайни, бу қизни эрга беришмоқчи.

— Хўш, мен нима қилишим керак, никоҳлаб қўяйми? — деди Зайниддин.

— Сенга ундан ҳам зўр иш бор. Эшит, Зайни. Бу қизни мажбурлаб эрга беришмоқчи, у эса ўқийман деяпти. Шунга сенинг ёрдаминг керак.

— Ўқиса ўқийверсин.

— Эрга тегса, ўқий олмайди-да!

— Ота-онаси билан гаплашиб, қизингиз ўзини осмоқчи дейинми?

— Йўқ! Нима десам экан?.. Фақат нотўғри тушунма... Бироздан кейин бўлажак куёв келади. Сен... сен Мўътабарнинг йигити бўлиб турасан... Вақтинча!

Зайниддин Ҳилолага бақрайиб қаради:

— Нима? Йигити бўлиб тураман?

— Ҳа... Куёв бўлмиш қайтиб кетади, шу билан олам гулистон! Совчи юбориб қўймаяпти-да!

— Кечирасан, Ҳилола, бу ролга бошқа йигитни топишни маслаҳат бера...

— Менга қара, Орзиқулов домланинг имтиҳонидан беш олдим деб ҳисоблайвер!

— Орзиқулов домладан?

— Ҳа... Тоғамнинг божаси бўлади у киши.

Орзиқулов домла — домла эмас, пулемётчи! Талабалардан имтиҳон олмайди, балки уларни тутдай тўкади. Тариллатиб йиқитаверади, йиқитаверади. Шундай экан, Ҳилоланинг таклифига кўниш керак. Аммо “вақтинча йигит бўлиб туриш...” Бу ҳақда Севинч эшитиб қолса нима бўлади? Эшитмаса керак. Қаёқдан ҳам эшитарди?

— Аниқ беш олиб берасанми?

— Вой, мен бирор марта алдаганмидим, Зайни?

— Хўш, нима қилишим керак?

— Куёв бўлмиш ётоқхона ҳовлисига келганида сен Мўътабар билан қўлтиқлашиб кўчага чиқиб кетиш...

— Қўлтиқлашиб?.. Э, йўқ, тўғри келмайди. Талабалар деразадан кўзини лўқ қилиб қараб турганида...

— Севинчни ўйлаяпсанми? Унга ўзим тушунтираман.

— Унга тушунтиролмайсан. Бу илтимосингни, яхшиси, бошқа бировга айта қол.

— Вой, Севинчдан шунчалик қўрқасанми? — айёрликка ўтди Ҳилола. — Ҳеч ким айтмайди унга!

— Ҳеч ким айтмасмиш! Ўн саккизта агентга тайинлаб кетган у.

— Хўп дегин, Зайни. Савоб бўлади. Сендан бошқа кимга айтаман?

— Мана, Ўктамни кўндириб бераман, аммо кўндирганим эвазига Орзиқулов домланинг имтиҳонидан барибир мени ўтказиб берасан. Тўрт баҳо бўлсаям майли.

Ҳилола овозини пайсайтириб деди:

— Ўктам тўғри келмайди, Зайни! Хўппа семиз...

— Семизми, ориқми, нима фарқи бор? Куёв бола кўриб қайтиб кетса бўлди-да!

— Йўқ, йигит бўлганга яраша йигит бўлсин! Мана, сен келишган, истаранг ҳам иссиқ. Мўътабар сен билан юриб чиқса, ишонарли бўлади. Қолаверса, Ўктамнинг севган қизи йўқ, Мўътабарга ёпишади-олади. У эса ўқиши керак. Фақат сен тўғри келасан, Зайни. Тўғрисўз, виждонлисан, ичингда киринг йўқ. Кўринишинг ҳам чаккимас, Аржун Рампалга ўхшайсан.

Бу мақтов сўзлари Зайниддинга ёқиб тушди, ўзи билан фахрланиб, ойнага қарагиси келиб кетди. Бироқ кўнгли сал хижил: Севинчни, аниқроғи, унинг рашк қилишини ўйлади. Аммо ўртада имтиҳон ҳам бор! Орзиқулов домланики! Балки Севинчга обдон айтилса, тўғри тушунар? Ахир Зайниддин фақат имтиҳон учун бу шартни бажарган бўлади-ку! Савоб йўлига!

Йў-ў-қ, Севинч барибир тушунмайди. Қовоғини уйиб олади, аразлаб Зайниддиннинг кўнглини хуфтон қилади. Бевафо, хиёнаткорга чиқаради.

— Жа узоқ ўйладинг-да! — деди Ҳилола. — Хўш, нима дейсан?

— Менга қара, қўлтиқлашиб юриш шартми? Ўша Мўътабар ҳамқишлоғинг орқамдан юрса бўлмайдими? Ўзбек қизига етти ёт бегона йигитни қўлтиқлашиб юриш тўғри келадими?

Ҳилола қошларини чимирди.

— Гапни кўпайтирма, — деди у. — Аслида Орзиқуловнинг имтиҳони учун сен Мўътабарни кўтариб юришинг керак. Бас, етар. Сен Мўътабар билан ётоқхона ҳовлисидан чиқиб кетасан, мен душанба куни имтиҳондан беш баҳо олиб бераман. Айтгандай, куёв бўлмиш йигитга бир-икки марта ўқрайиб қараб қўйишни унутма.

Зайниддин яна бироз ўйланиб турди-да, деди:

— Ётоқхона ҳовлисидан чиқиб кетгач, тезда қайтамизми? Мўътабаринг мени у ёқ-бу ёққа судрамайдими?

— Вой, жа сенга кўзи учиб тургани йўқ. Қўрқма! Бироз айланиб қайтиб келасизлар.

— Нима? Қайтишда ҳам қўлтиқлашиб...

— Агар куёв бола бўлмаса қўлтиқлашиш шарт эмас. Ётоқхонага олдинма-кейин кирасизлар.

— Яхши, розиман, аммо менга кафолат керак, Ҳилола!

— Қанақа кафолат?

— Мен Мўътабар билан кетаётиб ётоқхона деразаларидан қизлар қарамасин!

Ҳилола бу гапни эшитиб аввалига кулди, кейин жаҳли чиқди.

— Қизиқсан-а, Зайни, уларнинг деразага қарамаслигини тақиқлаб бўлармиди?!

— Ўша куёв бола билан телефонда гаплашсам-чи? Рақамини бер, буёғини ўзим қотириб ташлайман.

— Гапни кўпайтирма, дедим, Зайни! Бўлди, вассалом! Куёв бола пастда кўриниши билан олдингга келамиз. Эгнингда чиройли кийимлар бўлсин.

— Шошма... Мен кўзимга қора кўзойнак тақиб чиқаман, майлими?

Ҳилоланинг энсаси қотди:

— Қора кўзойнак тақасанми, оқми, шу ишни бажарсанг бўлди.

— Яна... мабодо аниқлаштириш учун кимдир “вой, пастда кетаётган Зайниддинми?” деб сўраса, “у эмас”, дегин.

— Хўп, х-ў-ў-ў-п.

— Айтгандай, парик йўқми?

— Бўлди, бас, тайёрланиб тур.

Ҳилола кетгач, Зайниддин хонага кириб, роса ўйланди. Ўктамдан маслаҳат сўрагиси келди, бироқ сир бой бермади. Худдики айтса, бу гап тарқалиб кетадигандек туюлди.

— Нима гап? — сўради Ўктам.

— Э, ҳалиги... — чайналди Зайниддин. — Ҳилолани биласан-ку, қизиқ, ҳалиги...

— Уйқуни ҳам ўчирди. Энди давом эттирамиз... Мазза — мазза, домлаларга мазза! Улар фақат ўзининг фанини билади, биз — шўринг қурғурлар эса ҳамма фанни ўқиб ёдлашимиз керак. Ҳали Орзиқуловдан кейин Облоқуловнинг имтиҳони турибди.

— Ўктам, қора кўзойнагингни бериб тур.

Талаба халқи қизиқувчан бўлади. Бир гапнинг тагига етмаса қўймайди. Ўктам ҳам бундан мустасно эмас: у ҳайрон бўлиб кўзойнак нега кераклигини сўради.

— Кўзим оғрияпти, — деди Зайниддин кўзларини олиб қочиб. — Китоб ўқийвериб тешилиб кетди. Анови... оқ кўйлагингниям берасан-да.

Ўктам ошнасига синчиклаб қаради:

— Йўл бўлсин?

— Йўл... Ҳа, дўхтирга! Кўзимни кўрсатиб келай, қара, қизариб кетибди.

— Ҳали мендан сир яширадиган бўлдингми? Севинч қишлоғига етиб бормай туриб бошқаси билан кинога бормоқчимисан?

— Э, сенга нима?! — деди Зайниддин, кейин ўзини босиб тушунтирди. — Кинога эмас. Бошқа ёққа. Ҳилоланинг бир илтимосини бажармоқчиман. Агар Севинчга билдирмайман десанг, сенга айтаман.

Ўктам ҳеч нима демади. У тумтайиб олди. Кўзойнаги ва кўйлагини берди-да, китоб ўқишга тутинди. Унга қараб Зайниддиннинг виждони қийналиб кетди. Аммо нима қилсин?..

Ҳилола эшикни тақиллатганида Зайниддин ойнага қараш билан овора эди. Вақт шомга яқинлашган.

Мўътабар чиройли кийиниб олибди. Зайниддин у билан зиналардан тушгунича, худди қаршисидан Севинч чиқиб қоладигандек, ҳадикда бўлди.

Ётоқхона эшигидан чиқишгач, Зайниддин кўзойнакни тақиб олди, худди шу аснода мўътабар унинг билагидан тутди. Ўриндиқлардан бирида ўтирган барваста йигит улардан кўз узмасди. “Куёв шу йигит бўлса керак”, деб ўйлади Зайниддин. Деразалардан эса ўнлаб нигоҳлар бақрайиб турарди.

Мўътабар пичирлади:

— Биз бир-биримизга кулиб қарашимиз керак. Ҳилола опам шунақа деди. Бўлинг, кулинг.

Одам хавотир ва ташвиш ичида кулса беўхшов чиқади. Худди шундай бўлди. Зайниддин ўлганининг кунидан тиржайиб Мўътабарга қараган эди, қиз бечора ўзини тута олмай хахолаб кулиб юборди.

“Тентак қиз, — деди ичида Зайниддин, — кўрмаган одамларгаям реклама қиляпти”.

— Ғалати экансиз, — кулгидан бўшамасди Мўътабар. — Умримда бунақа куладиган кишини кўрмаганман.

— Тезроқ юринг, — қистади Зайниддин.

— Мистер Бинга ўхшаб кетаркансиз.

Айни куёвтўранинг ёнидан ўтаётганларида Зайниддиннинг телефони жиринглаб қолди. Токи ўтиб кетгунларича жиринглади. Бироз тинди-ю, яна жиринглади. Зайниддин чўнтагидан телефонини олишга мажбур бўлди. Экранга қараб, омонат таққан кўзойнаги тушиб кетаёзди: Севинч!

— Алло, Севинч!

— Ҳа, яхшимисиз? Нега қўнғироққа жавоб бермайсиз? Қаердасиз?

— Менми? Ухлаб қолибман. Ётоқхонада.

— Алдаманг, қаёққа кетяпсиз? Ётоқхонадан чиқиб кетаётган эмишсиз-ку!

— Йўғ-ей, — Зайниддин шундай деб ёнида ҳамон кулимсираб кетаётган Мўътабарга “жим” ишорасини қилди. — Дугоналарингиз ҳазиллашган. Хонадаман.

— Ҳозир қайтадан қўнғироқ қиламан, видеони ёқасиз.

— А?.. Ҳа... Бемалол!

Сўзлашув тугагач, Зайниддин нима қиларини билмай қолди. У тез-тез юриб, дарвоза томонга шошилди. Телефон яна жиринглади. Зайниддин орқа томонга қаради. Узоқда қолган куёвтўра ўрнидан туриб шу тарафга келарди. Зайниддин жиғибийрон бўлди. Телефон тиниб, яна жиринглади. Бу сафар Ҳилола экан.

— Зайни, нега анқаясан? Юринглар яна. Анови йигит орқаларингдан тушган.

— Орқамиздан нима бор унга? Индамай ўтирсин-да!

— Боплаб тумшуғини эзиб қўй шуни, Зайни!

Телефони банд бўлиб туриши кераклигини ўйлаган Зайниддин соткани Мўътабарга узатди:

— Мана, гаплашинг, фақат узиб қўйманг.

— Ҳилола опамми? Вой, нимани гаплашаман ҳозир?

— Билмадим, ҳаёт ҳақида.

Зайниддин шу дамда фақат Севинчни ўйларди. Демак, дугоналари унга хабар қилишган, балки суратга олиб ҳам улгуришгандир. Энди нима бўлади? Қандай баҳона топса ишонарли чиқади? Ўйлаш, яхшилаб ўйлаш керак. Севинчни шошириб қўядиган гап ўйлаб топиш керак.

— Ҳилола опам сиз билан гаплашмоқчи, — деди Мўътабар телефонни узатиб.

— Алло, ҳа, нима дейсан? — жаҳл қилди Зайниддин.

— Зайни, гаплаш анови айиқ билан. Орзиқуловнинг имтиҳонидан ўтиш осон эмас, айтиб қўяй.

— Бўпти, сен қўйиб қўйма, — Зайниддин телефонни қайтариб Мўътабарга берди.

Яна анча юришди. Куёв бола уларга яқинлашиб қолган эди.

— Ўв, думғаза! — деб бақирди Зайниддин унга бурилиб. — Нима, шпионмисан? Нега ортимиздан қолмаяпсан? Агар сени мана бу қиз қизиқтирса, менга тегишли бу! Сенга эса, ана, катта кўча! Биз бир-биримизни... ҳалиги... севамиз. Тушундингми? Қани, туёғингни шиқиллат-чи!

— Ҳа, бир-биримизни севамиз, — деб қўйди Мўътабар ҳам.

Йигит бироз талмовсиради, сўнг янада яқин келди.

— Ака, сиз билан алоҳида гаплашиб олсак бўладими?

— Мен билан, алоҳида? — кўксига урди Зайниддин. — Хоҳлаган жойингда гаплашаман. Қўрқади деб ўйлаяпсанми? Башарангни шахмат тахтаси қилиб ташлайман.

— Нимани гаплашасизлар? — орага қўшилди Мўътабар.

— Сиз ҳув анови жойга бориб, музқаймоқ ялаб ўтиринг, — деди унга Зайниддин. — Хотиржам бўлинг. Ҳаммаси жойида.

Мўътабар орқасига қараб-қараб кафе томонга кетди. Зайниддин эса иягини олдинга чўзиб, икки қўлини белига тиради.

Йигитча хушмомала, одамохун экан. Исми Яздон эканлигини айтиб, қўл чўзди. Мўътабарни анчадан буён севиши, усиз яшай олмаслигини айтиб дарди ҳол қилди. Ўзи ҳам пойтахтда ўқир экан. Мўътабар билан келажагини боғламоқчи бўлгани, келгусида пойтахтда қолишни режалаштирганини баён қилди. Ҳаммаси ҳақида қизга айтиш учун келганида бугун шу ҳолнинг устидан чиқибди.

Зайниддин дастлаб кеккайиб турди, кейин унга раҳми келди. Яздон бахт тилаётганида секин пичирлади:

— Оғайни, илтимос, эртагача чидаб туринг. Мен имтиҳондан ўтиб олай.

— Тушунмадим, ака.

— Кейин тушунтираман. Мен ўзим сизни топаман. Ҳозир эса ёлғондакам ёқангиздан ушлаб силтаб юбораман, сиз индамай кетасиз. Ишонаверинг, ҳаммаси яхши бўлади.

— Х-х-ў-п, ишондим, ака...

Зайниддин Мўътабарни ишонтириш учун Яздонни қаттиқроқ силтаган эди, кўйлагини ёқа тугмаси узилиб, қўлида қолиб кетди...

— Зўр бўлди, — деди Зайниддин Мўътабарнинг ёнига қайтиб. — Энди икки дунёда ҳам олдингизга келмайди.

Мўътабар хомуш эди:

— Бекор қилдингиз. Силтамасангиз ҳам бўларди. Роса хафа бўлгандир.

— Ахир мен... Ҳилола айтди-ку! Сиз...

— Мана, телефонингиз. Севинч дегани юз марта қўнғироқ қилди... Намунча терговчи бўлмаса?!.

— Ним-ма?!.

Душанба куни имтиҳондан беш баҳо олган бўлса-да, Зайниддиннинг ичига чироқ ёқса ёришмасди. Шунга қарамай сўзида турди. Яздон билан телефонлашиб, ўтган кунги музқаймоқ кафеси олдида учрашишди. Мўътабар билан Ҳилолани кутиб ўтиришди.

Бироздан сўнг уларнинг олдига икки қиз яқинлашиб кела бошлади: Мўътабар ва Севинч...
Анвар Намозов

Манба: Erk.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » "Ижарага олинган ошиқ..."