Минг тўққиз юз ўн саккизинчи йил, тўққизинчи июль. Тун. Америкалик ёш аскар қуролдошлари билан айғоқчилик мақсадида душман постига яқинлашади. Лекин у тўппа-тўғри ўзи томонга келиб тушган снаряддан эсанкираб қолади. Снаряд парчалари аскарнинг бутун баданига санчилади. Ёнидаги икки қуролдоши аллақачон нафас олмасди. Ҳушига келган аскар учинчи чалажон шеригини окопга олиб тушишга уринади. Буни сезган душман аскарнинг устига пулемётдан ўқ ёғдиради. Натижада аскар тизза ва болдиридан яраланади. Ярадор шериги тирик қолмайди. Душман таъқибидан аранг қочиб қутилган аскарни тиббий кўрикдан ўтказишганда унинг баданидан йигирма саккизта снаряд парчасини суғуриб олишади. Бу ёш аскар кейинчалик дунё оммасига ўзининг инсон ва урушга бағишланган “Чол ва денгиз”, “Алвидо, қурол!”, “Қўнғироқ ким учун чалинди?”, “Қуёш яна порлайверади” каби асарлари билан танилган Эрнест Хемингуэй эди.
Ҳеч қачон орқага чекинмаслик, доимо олға интилиш каби сифатларни ёш аскар ҳаётининг мезони қилиб олди ва умр бўйи шунга амал қилишга уринди.
Хемингуэйнинг қаҳрамонлари ҳам ўзига ўхшайди. Урушга нафрати чексиз Фредрих Генри (“Алвидо, қурол!”), енгилмас чол (“Чол ва денгиз”), навқирон, айни ҳаёт шарбатини симирадиган палласида урушнинг аччиқ-чучугини тотиб кўрган Ник Адамс (“Ник Адамс ҳикоялари”)...
Яна шуни унутмаслик керакки, Хемингуэй урушда эканлигида юқоридаги сингари воқеалар бир неча маротаба такрорланади. Рус адабиётшуноси Иван Кашкинга ёзган мактубида шундай дейди: “...Монтана штатидаги Биллингс шифохонасида ётибман. Ўнг қўлим синган, нақ елкамдан чиқиб кетай дейди. Қўлимнинг соғайишига беш ой кетди, шундай эса-да ўнг қўлим фалаж бўлиб қолди. Чап қўлим билан ёзишга тиришаяпман, бироқ уддалай олмаяпман. Ниҳоят, асаб толаларим тикланиб, ўнг қўлим билан ёзишим мумкин. Шу вақт ичида тушкунликка тушмасликнинг ўзи мушкул. Кейин тортган барча азоб-уқубатларим, шифохонада ётган кишиларни, барча-барчасини хотирладим ва “Доктор, рецептни беринг” ҳикоямни ҳамда “Тушдан кейинги ўлим” романини ёздим...”
Хемингуэй биринчи галда улкан донишманд эди: вақтнинг юрак дукурига қулоқ оса билар, асрнинг оғриқли муаммоларини ўз дардидай қабул қилар, ўз даврининг ижтимоий-маънавий саволларига жавоб излашга интиларди. Ёзувчиликда, айниқса, фидокорликни, адолатни қадрларди: “Ёзувчимисан, Эйфель минорасидек метин виждонинг бўлсин”.
Хемингуэй асарларини ўқиб, баъзан ўқувчида ғалати парадокслар туғилади, яъни агар уруш бўлмаганида Хемингуэй аскарликка ёлланмаган, аскар бўлмаганида аскарларга хос некбин руҳ шаклланмаган, некбинлик шаклланмаганида эса у енгилмаслик ҳақидаги асарларни қоғозга туширмаган бўлармиди?..
Булар Хемингуэйга шуҳрат келтирган асарлари яратилишига туртки бўлган, урушдан ёзувчи манфаатдор бўлиши керак деган фикрни келтириб чиқармайди, албатта.
Уруш ўз номи билан уруш: қон тўкилади, инсон ўлдирилади, миллионлаб кишилар оч-наҳор қолади. Некбин руҳдаги одам қандай қилиб мана шулардан лаззатланиши мумкин?
Адибнинг “Тўқчилик ва йўқчилик” романини ўқиб, Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” асари хаёлимизга келади. Гўё асар тақлиддай туюлади: жамиятнинг қуйисида ейишга нони, кийишга уст-боши йўқлар турса, юқорисида урушни ҳам писанд қилмай, ўйин-кулгига ружу қўйган зодагонлар умргузаронлик қилишади. Бироқ ғоя жиҳатидан икки роман ўз аравасини бошқа-бошқа томонга судрайди.
Хемингуэй ҳеч қачон пул учун ёзмади. Яхшироқ ва ҳаққонийроқ ёзишни ўзига дастуриламал қилиб олди. Унинг кундалигида шундай фикрлар бор: “...Уруш кетаяпти экан, нуқул мени ҳам ўлдиришлари мумкин деб ўйлайсан. Аммо мана, мени ўлдиришмади, тирикман. Демак, мен ёзишим керак. Бироқ ёзиш ўлимдан-да мушкулроқ. Мен текинга жон деб ёзардим, лекин биров сенга ақча тўламаса, очдан ўларкансан.
Голливудга йўл олиб ёхуд ҳар хил бўлмағур нарсаларни ёзиб, катта даромадга эга бўлишим мумкин эди. Бироқ мен то тирик эканман, яхшироқ ва ҳаққонийроқ ёзишга тиришаман”.
Хемингуэй бутун умр некбин руҳдаги асарларни, қаҳрамонларни яратиб, инсонларга тўғри йўл кўрсатиб келганига қарамай, ҳаёти сўнгида ўз жонига қасд қилади. Унинг бундай йўл тутишига ўзи аввалроқ айтган “Ёзолмай қолсам, ўзимни отаман” деган фикрлари қайсидир маънода ёзувчини оқлаши мумкин.
Башариятга мерос бўлиб қолган унинг асарлари ёзувчи ҳамон яшаётганидан дарак беради.
Сўнгсўзимизни ёзувчининг ўзи якунлаб берса: “Инсонни янчиб ташлаш мумкин, лек уни енгиб бўлмайди”.
Саиджалол Саидмуродов
Манба: darakchi.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар