Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган янги стратегия эълон қилинди. Стратегик ислоҳотлар агентлиги ишлаб чиққан мазкур ташаббус мамлакатдаги шаҳарларнинг иқтисодий ва туристик салоҳиятини кучайтиришга қаратилган.
Тунги кўчалар ва янги имкониятлар
Лойиҳага кўра, аҳоли сони 50 мингдан кўп бўлган шаҳарларда махсус тунги кўчалар ташкил этилади. У ерда кафе, ресторан, савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари кечаси ҳам фаолият юритиши кафолатланади.
2025–2030 йилларда режага кўра:
-
320 та тун-у кун ишлайдиган ҳудуд ташкил этилади;
-
8 мингдан зиёд кафе ва ресторанлар ишлайди;
-
14,2 мингта савдо ва хизмат нуқталари фаолият кўрсатади;
-
755 та автотураргоҳ барпо этилади;
-
11,3 минг янги иш ўрни яратилади.
Туризм соҳаси ҳам эътибордан четда қолмайди: тунда фаолият юритадиган маданий тадбирлар орқали ҳар йили 190 мингга яқин маҳаллий ва хорижий сайёҳ жалб этилиши кутилаётир.
Тадбиркорларга ёрдам ва рағбат
Қарор лойиҳасида тадбиркорлар учун солиқ кешбэги кенгайтирилади. Шу билан бирга, маҳаллий брендлар ўз филиалини очса, иш ўринлари сонига қараб молиявий қўллаб-қувватланади:
-
5 иш ўрни яратса – 1 млрд сўмгача;
-
10 иш ўрни яратса – 5 млрд сўмгача;
-
15 иш ўрни яратса – 10 млрд сўмгача ёрдам олади.
Ходимларни қайта тайёрлаш харажатларининг ярми қопланади. Миллий сертификатлар учун тўлиқ ёрдам, халқаро сертификатлар учун эса 3 минг долларгача компенсация берилади.
Тунги иқтисодиёт инфратузилмаси
Янги тунги ҳудудларда:
-
узунлиги 800–2000 метрлик кўчалар белгиланади;
-
тезлик 20 км/соатгача чекланади;
-
фавқулодда хизматлар учун махсус жойлар ажратилади;
-
Wi-Fi ва банк хизматлари ишлайди;
-
музей, кинотеатр, спорт ва фитнес марказлари узайтирилган вақтда ишлайди.
Шунингдек, ҳар бир вилоят ва туман марказларида “тунги иқтисодиёт менежери” лавозими жорий этилади.
Қўшимча ташаббуслар
-
2025 йил охирига қадар Тошкентда каршеринг ва велошерингнинг пилот лойиҳаси йўлга қўйилади.
-
Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўчма мобил клиникалар фаолиятини ташкил қилади.
-
Тошкент Фармацевтика университети Тошкент вилоятига кўчирилади. Университет жойида 1000 ўринли автотураргоҳ ва замонавий беш юлдузли меҳмонхона барпо этилади.
Эслатиб ўтамиз, Стратегик ислоҳотлар агентлиги Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида 2024 йилда махсус ҳудуд ажратилиши ҳақида хабар берганди.
Агентлик жорий йил бошида Тунги иқтисодиёт концепциясини ишлаб чиқди.
Хулоса
Тунги иқтисодиёт лойиҳаси нафақат шаҳар аҳолиси, балки туристлар учун ҳам янги имкониятлар яратади. У тадбиркорлик субъектлари учун рағбат, аҳоли учун иш ўринлари ва мамлакат учун туризм салоҳиятининг ўсишига хизмат қилиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!