date

Смартфон билан ҳожатхонада узоқ ўтириш хавфли оқибатга олиб келиши мумкин

Смартфон билан ҳожатхонада узоқ ўтириш хавфли оқибатга олиб келиши мумкин

АҚШдаги тиббиёт мутахассислари олиб борган сўнгги изланишларда аниқланишича, ҳожатхонада смартфондан фойдаланиб, узоқ вақт ўтириш бавосил касаллигига олиб келиши эҳтимоли катта. Сабаби шундаки, бундай ҳолатда тўғри ичакдаги қон томирларига босим ортади, пайлар ҳамда бириктирувчи тўқималар кучсизланади ва натижада оғриқли тугунлар ҳосил бўлади.

Ушбу хасталик халқ орасида кўпинча бавосил (геморрой) номи билан юритилади. Тадқиқот 2024 йилнинг 8 январидан 15 декабригача Бостон шаҳрида колоноскопия текширувидан ўтган катта ёшлилар орасида ўтказилган. Жами 125 киши иштирок этган бу изланишда кўнгиллилар демографик маълумотлари, овқатланиш тартиби, жисмоний фаоллик, ичак фаолияти ва ҳожатхонадаги одатлари ҳақида онлайн сўровномага жавоб беришган.

Натижаларга кўра, иштирокчиларнинг 66 фоизи — яъни 83 киши ҳожатхонада телефондан фойдаланишини маълум қилган. Уларнинг 43 фоизида колоноскопия жараёнида геморрой аниқланган. Мутахассислар томонидан ўтказилган батафсил текширувлар бу ҳолатни икки мустақил эндоскопист ҳамда кўз билан кўриш орқали тасдиқлаган.

Таҳлил натижаси шуни кўрсатдики, телефон билан ҳожатхонада ўтириш бавосилга чалинганлик хавфини 46 фоизгача оширади. Олимлар бунинг асосий сабабини бир ҳолат билан изоҳлашди: смартфон одамга вақтни сездирмайди ва натижада унитазда ўтириш вақти ортиб кетади. Узоқ вақтлик босим эса қон томирларининг кенгайиши ва оғриқли тугунлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Тадқиқот муаллифлари одамларга оддий тавсия ҳам беришган: ҳожатхонага кирганда телефонни ташқарида қолдириш, у ерда 5 дақиқадан ортиқ вақт ўтказмаслик, агар жараён чўзилса, танаффус қилиб кейин қайта ўтириш. Бундай қоидалар хавфни сезиларли даражада камайтириши мумкин.

Шу тариқа, замонавий турмуш тарзида оддий кўринадиган одатлар соғлиққа жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлиги яна бир бор исботланди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Смартфон билан ҳожатхонада узоқ ўтириш хавфли оқибатга олиб келиши мумкин