Ўзбекистон Суперлигасининг 21-туридан ўрин олган “Насаф” – “Бухоро” баҳсидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи вазифасини бажарувчи Виктор Карпенко матбуот анжуманида қатнашиб, учрашув юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Ўйин ҳақида
— Аввало, рақибни табриклайман. Бугун майдонда фақат битта жамоа ҳақиқий футбол ўйнади ва тўғри ғалабага эришди. Биз эса ўйинда етарлича интенсивлик кўрсата олмадик. Шогирдларим ёмон ўйнади деб айтмайман, аммо натижадан кўриниб турибдики, биз беллашувга етарлича тайёр эмасдик. Ҳисобда орқада қолгандан кейин ўйинга қайтиш қийин бўлди.
“Бухоро”нинг мақсади
— Биз майдонга қўрқмасдан футбол ўйнаш ниятида тушгандик. Аммо “Насаф” жуда кучли таркибга эга, уларнинг ҳар бир футболчиси хавфли. Шунинг учун ҳимояда эҳтиёткор бўлиш зарур эди. Илк голдан кейин жамоа психологик жиҳатдан синди ва шундан сўнг биринчи бўлимдаёқ тўртта тўп ўтказдик. Ростини айтсам, жамоани руҳлантириш учун керакли сўзларни топа олмадим, бу эса мураббийлар штаби камчилиги ҳисобланади.
“Бунёдкор” билан ўйиндан фарқ
— Ҳар қандай жамоа рақиб қандай имконият берса, шу асосда ҳаракат қилади. “Бунёдкор” бизга эркин ўйнаш имконини берганди, “Насаф” эса бундай имконият қолдирмади. Биринчи голни ўтказмаганимизда, эҳтимол, ўйин бошқача тус олган бўларди.
Жамоанинг ўз майдонига қайтиши
— Албатта, ўз уйингдаги учрашув бутунлай бошқа. Деворлар ҳам ёрдам беради, дейишади. Биз буни узоқ вақт кутдик. Доим сафарда ўйнаш жуда оғир. Аввало уйда тайёргарлик кўрасиз, кейин яна йўлга чиқишга тўғри келади. Бухорода эса кўплаб мухлисларимиз бизга ёрдам қилади, бу футболчилар учун катта куч.
Раҳбарият қўйган вазифалар
— Биздан ҳар бир учрашувда ғалаба талаб қилинади. Шунингдек, жамоа олдига Кубок финалига чиқиш вазифаси ҳам қўйилган. Биз шу мақсадлар йўлида ҳаракат қиламиз.
Манба: championat.asia
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!