Инсон ҳаёти доимо бир хил ўтмайди. Ҳаётда дуч келадиган турли воқеа-ҳодисалар туфайли баъзида ўзгаларга қарз беришга тўғри келса, баъзида қарз кўтаришга эҳтиёж тушади. Мусулмон киши бошқа ишларда бўлгани сингари қарз олди-бердисида ҳам шариат кўрсатмаларига риоя қилса, кўплаб яхшиликларга эришади.
“Қарз” сўзи луғатда “кесиш” маъносини англатади. Аммо бу сўз “кесиб олиб берилган” маъносида ишлатилади. Яъни қарзга берилган маблағ қарз берувчининг молидан кесиб олиб берилган бир бўлак бўлгани учун ҳам у қарз деб номланган. Истилоҳда эса қайтариб олиш мумкин бўлиши учун айнан тенги бор (мислий) маблағни бировга бериб туриш қарз деб аталади.
Айнан тенги бор маблағ деганда қуйидаги учта турнинг бирига кирувчи моллар тушунилади:
1. Вазний (тортиб ўлчанадиган) моллар. Бунга тилла, кумуш сингари тортиб ўлчанадиган моллар киради. Ҳозирги кунимиздаги қоғоз пуллар ҳам тилла ва кумушнинг вазифасини бажараётгани учун мазкур турга киради;
2. Кайлий (маълум идишда ўлчанадиган) моллар. Бунга арпа, буғдой сингари бир хил идишда ўлчанадиган моллар киради. (Ҳозирда буларни ҳам тортиб ўлчаш одат тусига кирди);
3. Адади мутақориб (ўзаро бир-бирларига яқин ададдаги) моллар. Бунга тухум, ёнғоқ сингари моллар киради.
Демак, қарзга бериладиган мол мазкур учта турнинг бирига кириши лозим бўлади. Буларга кирмайдиган нарсаларни, масалан, кўчмас мулкларни айнан тенги бўлмагани учун қарзга бериб бўлмайди. Аммо нон, аслида, айнан тенги бор нарсалардан бўлмаса-да, инсонларнинг унга эҳтиёжи катталиги туфайли адад билан ҳам, вазн билан ҳам ўлчаб қарз олиш жоизлигига фатво берилган.
Қарз беришнинг ҳукми нима?
Шариатда муҳтожларга кўмак беришга тарғиб қилинган. Шунга кўра, қарз беришнинг умумий ҳукми мандуб, яъни уни адо қилиш афзал амал ҳисобланади. Аммо қарз сўровчининг ҳолатига қараб мазкур ҳукм ўзгаради:
- агар қарз сўровчи ношаръий бўлмаган бирор зарурий эҳтиёжи учун сўраётгани аниқ бўлса, ўзига тўқ кишининг унга қарз бериб туриши вожиб бўлади;
- агар қарз сўровчининг олган қарзини маъсият-гуноҳ ишларга сарфлаши аниқ бўлса, унга қарз бериш ҳалол эмас;
- агар қарз сўровчи олган қарзини маъсият-гуноҳ бўлган ишларга сарфлаши аниқ эмас, аммо эҳтимоли бўлса, унга қарз бериш макруҳ, яъни номаъқул амал саналади;
- агар қўлида маблағи бор киши бирор зарурий эҳтиёж учун эмас, балки тижоратига кўпроқ пул тикиб, янада мўлроқ пул топиш учун қарз сўраса, унга қарз бериш ҳукми мубоҳ, яъни жоиз бўлади.
Қарз олишнинг ҳукми нима?
Инсон бирор зарурат туфайли муҳтож бўлиб қолган вақтда мазкур заруратни бартараф этиши зиммасига лозим бўлади. Шунга асосан, қарз сўрашнинг умумий ҳукми мубоҳ, яъни жоиз амал ҳисобланади. Аммо қарз сўровчининг ҳолатига қараб мазкур ҳукм ўзгаради:
- бирор зарурий эҳтиёж учун маблағ зарур бўлиб қолган ва олган қарзини тўлашига кўзи етадиган киши учун қарз олиши жоиз бўлади;
- олган қарзини тўлашига кўзи етмайдиган киши учун, модомики, бирор зарурий эҳтиёж уни зўрламасдан туриб қарз олиши жоиз бўлмайди;
- агар олган қарзини тўлашига кўзи етмайдиган киши бирор зарурий эҳтиёжга дучор бўлиб, қарз кўтаришга мажбур бўлиб қолганда ҳам, қарз берувчи инсон унинг тўлашга қурби етмаслигини билиши лозим бўлади. Ана шунда қарз берувчи молини ўз ихтиёри билан унга берган бўлади. Шунга кўра, олган қарзини тўлашига кўзи етмайдиган кишининг қарз сўраётган пайтда ўзини тўлайдиган қилиб кўрсатиши ҳалол эмас. Чунки унинг бу иши қарз берувчини алдаш ҳисобланади;
- қарздор қарзни тўлашга қодир бўлиши билан уни тўлаши лозим бўлади. Чунки имкони бўла туриб, қарзини тўламасдан чўзиб юриш ёки қарздан қутулиш йўлларини қидирмаслик зулм қилиш ҳисобланади.
Шунингдек, қуйидаги одобларга риоя қилиш кўплаб яхшиликларга сабаб бўлади:
- бирор муҳим заруратсиз қарз олишдан сақланиш. Яъни қандайдир “орзу-ҳавас”га эришиш учун қарздор бўлиш комил мусулмоннинг одобига тўғри келмайди. “Ривоят қилинишича, ўтган замонда бир қарздор киши одамларнинг қарзини бермасдан от миниб юрар экан. Шунда қози уни қозихонага чақиртирибди. У отини боғлаб ичкари кириши билан қози ташақарида унинг отини соттириб пулини қарз эгаларига тақсимлаб берибди. Ҳалиги киши чиқиб: “Отим қани?!” – деса, қози: “Қарздор бўлиб от миниб юрганингдан кўра, қарзсиз пиёда юрганинг афзал”, – деб жавоб берган экан”;
- заруратига яраша қарз олиш. Масалан, эллик минг сўм керак одам “етмиш минг сўм олиб қўяверай-чи, у ёғи бир гап бўлар” демаслиги, балки керакли қарзнинг ўзи билан кифояланиши яхши бўлади;
- имкон қадар солиҳ кишилардан қарз олиш. Яъни бирор пасткаш кимсадан қарз олса, уни қарз олганига пушаймон едириши мумкин;
- қарзни бекаму-кўст қайтаришда ташаккур айтиб, миннатдорчилик билан қайтариш.
Қарзнинг тўғри бўлиши шартлари
Қарз тўғри бўлиши учун унда қуйидаги тўртта шарт топилиши керак:
1. Қарз “қарзга бердим” ва “қарзга олдим” лафзлари билан ёки мазкур лафзнинг маъносига далолат қиладиган олди-бердилар билан бўлиши керак;
2. Томонлар қарз олди-бердиси битимини тузишга салоҳиятли бўлишлари, яъни балоғатга етган, ақли расо кишилар ўз ихтиёрлари билан олди-берди қилишлари керак. Шунинг учун балоғатга етмаган ёки ақли норасо, ёки мажбурланган кимсаларнинг қарз олди-бердилари тўғри бўлмайди;
3. Бериладиган қарз айнан тенги бор (мислий) маблағ бўлиши керак;
4. Қарзга бериладиган маблағнинг миқдори ва жинси аниқ бўлиши керак. Шунга кўра, вазни ё адади қанчалиги ёки буғдой билан арпа аралашиб кетгани сингари жинси ноаниқ бўлиб қолган нарсаларни ҳам қарзга бериб бўлмайди. Чунки миқдори ёки жинси ноаниқ нарсалар қарзга берилса, айнан нимани қайтариб олиши номаълум бўлиб қолади. Шунинг учун молдан мазкур ноаниқликларни кетказмасдан туриб уни қарзга бериш мумкин бўлмайди.
Қарзга муддат белгилаш мумкинми?
Қарз беришда уни қайтаришга маълум муддатни белгилаш мумкин эмас. Яъни қарз берувчида берган қарзини ўзи хоҳлаган вақтида қайтаришни талаб қилиш ҳақи бўлади. Қарзга муддат белгилаш мумкин эмаслигига уламолар иккита сабабни келтирганлар:
1. Қарз беришнинг аввали (яъни бериш вақти) бировнинг ўз молидан бир қисмини ўзгага фойдаланишга бериб туришига ўхшайди. Фойдаланишга бериб туришда эса вақт белгилашнинг шариат жиҳатидан бирор эътибори йўқ. Шу маънода қарз берувчи ҳам қарзни мутлақо ихтиёрли равишда беради. Шунинг учун уни қайтариб олишда ҳам мутлақо ихтиёрли бўлади. Яъни қарз берувчида берган қарзини қайтаришни талаб қилиш имконияти доимо бўлади.
2. Қарзнинг охири эса пулни пулга сотишга ўхшайди. Яъни бировга берган қарзини қайтариб олиш вақтида худди олдин берган пули эвазига ҳозирги пулни сотиб олаётганга ўхшайди. Аслида, жинси ё миқдори бир хил бўлган савдода насия қилиш “насия рибо” бўлади. Насия рибонинг эса ҳукми ҳаромдир. Масалан, арпани буғдойга насия савдо билан олиб бўлмайди. Шунга кўра, берилган қарз “насия рибо”га ўхшаб қолмаслиги учун унга вақт белгилаш мумкин бўлмайди. Аммо қарзга муддат белгилаш мумкин бўлган ўринлар ҳам бўлиб, уламолар қуйидаги тўртта ҳолатдан бирида қарзга муддат белгилаш дурустлигини айтганлар:
1. Васият қилганда. Вафот этаётган киши меросхўрларига ўзининг молидан бирор кишига фалон муддатга қарз бериб туришни васият қилса, ўша муддат ўтишдан олдин меросхўрлар қарзни қайтаришни талаб қила олмайдилар;
2. Қарз олган киши тонган вақтда. Агар қарздор олган қарзидан тонса, қарз берган киши унинг қарз олганини исботлаганидан сўнг “фалон муддатда қайтарасан” деса, ундан яна талаб қилиши учун ўша муддат ўтиши лозим бўлади;
3. Қози қарзга ҳукм қилган вақтда. Қози бировнинг зиммасида қарз борлигига ҳукм чиқарса, уни фалон муддатда адо этишни белгилаши мумкин бўлади;
4. Қарз бошқага ҳавола қилинганда. Яъни қарз уч киши ўртасида бўлиб қолса, масалан, қарздор қарз берганга: “Фалончи тўлаб беради” деса, қарз берувчи ўша кишига муддат белгилаши мумкин.
Демак, бизнинг мазҳабимизга кўра, фақат ушбу ҳолатлардан бирида қарзга муддат белгилаш мумкин бўлади. Булардан бошқа ҳолатларда қарзга муддат белгилаб бўлмайди.
Қарзни ёзиб қўйиш ҳукми нима?
Қарзни ёзиб қўйишнинг ҳукми мандуб, яъни уни адо қилиш афзал амал ҳисобланади. Яъни қарзни ёзмаслик ҳам мумкин, аммо ёзиш афзал саналади. Ёзганда, албатта, гувоҳлар иштирокида ёзилади. Қарзни гувоҳлар иштирокида ёзиб қўйишда икки томон учун ҳам манфаатлар бўлиб, бу билан қарздорнинг ҳам, қарз берувчининг ҳам ҳақлари ҳимоя қилинган бўлади. Гоҳида қарз берувчи киши қарздорга хат-ҳужжат қилиш ҳақида гапиришга ҳаё қилиб айта олмаслиги мумкин. Шунинг учун бунга қарздорнинг ўзи ташаббус кўрсатиб, ёзиб қўйишни таклиф қилиши одоб ҳисобланади. Шунингдек, агар қарз бўлиб-бўлиб тўланадиган бўлса, қарз эгаси ҳам ҳар олган ҳақини давомли равишда ёзиб бориши лозим бўлади.
Қарздор қарзини тўлиқ адо қилса, қарз эгаси қарз ёзилган хат-ҳужжатни қарздорга қайтариб бериши ёки унинг кўз ўнгида йиртиб ташлаши ёки унинг қарздан қутилганлиги ҳақида тилхат ёзиб бериши лозим бўлади. Бу ишларни қарздор талаб қилмаса ҳам, қарз берувчининг ўзи қилиши керак. Агар қарз берган киши берган қарзини тўлиқ олганидан сўнг мазкур ишни қилмаса, қарздор ундан бу ишларни қилиб беришини сўрашга тортинмаслиги керак. Чунки бунга эътиборсизлик қилиш гоҳида турли нохуш ҳолатларга сабаб бўлиб қолиши мумкин.
Фойда келтиришга сабаб бўлувчи қарз ҳаромдир
Қарз берувчининг қарздордан ўзи учун бирор фойда олишини шарт қилиб қарз бериши ҳаром ҳисобланади. Аммо қарз берувчи бирор фойдани шарт қилмаган ва ўша жамият вакиллари орасида қарз берганга нимадир фойда келтириш одат ҳам бўлмаган бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда қарз берувчининг қарздордан бирор манфаатдор бўлишида зарар йўқ эканига фатво берилган.
Демак, қарз берувчи қарздорга бирор фойдани шарт қилиб қарз бериши мумкин эмас. Шунингдек, шарт қилмаса ҳам, қарздорлар нима биландир қарз эгаларига фойда беришлари жамият вакиллари орасида одатга айланиб қолган бўлса, мазкур фойдани олиши ҳам ҳалол бўлмайди.
Шу маънода қарз берган кишига қарздор ҳадя берса, уни қабул қилиши мумкинми деган саволга уламолар қуйидагича жавоб берганлар:
- агар қарз сабабли эмас, балки ораларидаги қариндошлик ёки дўстлик сабабли бераётганини аниқ билса, бундай ҳадяни қабул қилишининг зарари йўқ;
- агар қарз сабабли бераётганини билса, қабул қилмайди;
- агар нима сабабли ҳадя бераётганини аниқ билмаса, то билгунича қабул қилмай туриши афзал бўлади.
Қарз қаерда қайтарилади?
Қарз қайси шаҳарда олинган бўлса, ўша шаҳарда қайтарилади. Аммо кўтариб келиш ва йўлда талафот кўриш хавфи сингари бирор ноқулайликлар бўлмаса, бошқа шаҳарда қайтарса ҳам бўлади. Шунинг учун қарз берувчи бирор ноқулайлик сабабли қарзини бошқа шаҳарда қабул қилмасликка ҳақи бўлади.
Агар қарз берувчи бошқа бир шаҳарда қарздордан қарзини қайтаришни талаб қилса, қарз ўша шаҳардаги нархга кўра эмас, балки қарз олинган шаҳардаги нархга кўра қайтарилади.
Абдулқодир АБДУР РАҲИМ
Манба: Mumina.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди