00:17 / 08.03.2018
4 591

Ортиқча ахборотни қандай енгиш мумкин?

Ортиқча ахборотни қандай енгиш мумкин?
Бемалол айтишимиз мумкинки, бугун нафақат одамлар ахборотни, балки ахборот ҳам одамларни излайди. Умуман кераксиз маълумотлар атрофимизни ўраб олган ва хоҳлаймизми, йўқми улар билан тўқнашаверамиз.

Ортиқча ахборот ўзи билан паришонхотирлик, хотиранинг сусайиши, уйқунинг бузилиши, чарчоқни олиб келади ва бу зарарлар айсбергнинг юқори қисми, холос.

Қуйида бир неча усуллар сизни ахборот шовқинидан тўлиқ ҳимоя қилмаса-да, лекин уни камайтириб, сизга қандай ҳордиқ олишни ўргатади.

1. Ҳар биримиз ижтимоий тармоқларда ўз аккаунтларимизга эгамиз. Фасебоок, Вконтакте, Твиттер, ОК, ЛинкедИн, Инстаграм, Фоурсқуаре, Гоогле+… Улардан кўпчилиги деярли керак ҳам эмас: вақтимизни олади ва миямизни кераксиз маълумотлар билан тўлдиради. Бир вароқ қоғоз олинг ва сизга энг керакли ижтимоий тармоқларнинг рўйхатини тузиб чиқинг. Мазкур рўйхатга кирмаган ижтимоий тармоқларни шавқатсиз равишда ўчириб ташланг.

2. Ортиқча ахборот – нисбий тушунча. Агар дўстларингиз Фасебоокда юзлаб гуруҳлар ва саҳифаларга аъзо бўлаётганини ва ҳар куни ўнлаб твитларни «фаворите» қилаётганини кўрсангиз, бу уларнинг амалларини сиз ҳам такрорлашингиз керак, дегани эмас. Ҳар кимга ҳар хил: кимгадир безиён бўлган нарса, бошқа биров учун ҳалокатли бўлиши ҳам мумкин.

3. Ижтимоий тармоқларда лентангизни фойдасиз, бекорчи ва асабга тегадиган маълумотлар билан тўлдирадиган дўстларингизни қўрқмасдан «унфоллов» қилинг.

4. Ҳар доим ҳам чексиз ахборот уммонида ёлғиз сузиш яхши эмас. Баъзан сифатли контентни танлаб берадиган ресурслардан фойдаланиш кўпроқ самара беради. Намуна сифатида, Лифеҳаскер нашри Рамблер сайтининг бош саҳифасини тавсия этади.

5. Ухланг. Ухлашдан олдин тоза ҳавода озроқ сайр қилинг. Бу билан сиз миянгизга дам берасиз ва фикр-у хаёлингизни эгаллаган кераксиз маълумотлардан ҳоли этасиз.

Агар ишингиз фойда келтиришни тўхтатса – ахборот истеъмол қилинг. Агар ахборот ҳам фойда келтиришни тўхтатса – ухлаб олинг.
Урсула Ле Гуин.


6. Устуворликни аниқлаб олинг: сифатли ахборотга эътибор қаратинг, миқдорига эмас.

7. Ахборотнинг пассив истеъмолчиси бўлиб қолманг, ўзингиз ҳам контент яратинг. Шахсий блогингизни юритинг, жуда бўлмаса қоғоз кундалик юритсангиз ҳам бўлади. Булар сизга миянгизни ортиқча фикрлардан халос этади.

8. Ахборот миқдори ошиб кетишининг асосий сабабларидан бири – бу биз бир вақтда бир неча ишни олиб, ҳеч қайсисига эътиборни тўлиқ жалб қила олмаймиз. Аввал бир ишни тугатиб, сўнг навбатдагисига ўтинг.

9. Барча қурилмаларингизни (компьютер, телефон ва бошқалар) ора-орада ўчириб туринг. Электрон почтангизни ҳар 15 дақиқада текширишга ҳам уринманг. Ҳаммасини ўчириб, ўзингизга озроқ дам беринг.

10. Ўзингизни «қайта юкланг». Компьютеримиз қотиб қолганида, одатда, нима қиламиз? Тўғри, қайта ўчириб ёқамиз. Миянгиз маълумотларга тўлиб кетиб, портламоқчилигини ҳис қилсангиз, ўзингизни «қайта юкланг». Жиддий куч сарф этишни талаб қилмайдиган ишлар билан шуғулланинг. Масалан, истироҳат боғларига боринг, кўнгилочар ишлар билан шуғулланинг, «жиннилик»лар қилиб туринг – бир сўз билан айтганда, беғубор болаликка қайтиб туринг.

11. Ахборотни қандай қабул қилишимизга ҳеч эътибор берганмисиз? Одатда, матнни охиригача тўлиқ ўқиб чиқмаймиз, айниқса, интернетдаги мақолаларнинг фақат тепасини ёки қатор ташлаб, баъзан эса фақат биринчи ва охирги қисмини ўқиймиз, холос. Кун бўйи чала информацияларни йиғиб, бошимизни атала билан тўлдирамиз. Бундай ҳолатнинг олдини олиш учун яхши бир китобни танлаб ўқинг. Бадиий китоб бўлиши шарт ҳам эмас. Бу ахборот қабул қилиш жараёнингизни изга туширади.

12. Бирор бир ғоя (лойиҳа) устида ишланг. Бу ўзингизнинг мутахассислик фаолиятингизга боғлиқ бўлиши ҳам шарт эмас. Шунчаки ўзингизга қизиқ соҳа бўйича ғоя ўйланг ва уни амалга оширишни бошланг. Бунда миянгиз ишончли манбалардан энг керакли ахборотни қидиришни бошлайди. Бу «нима бўлса ҳам, вақт ўтса, миямиз нималар биландир машғул бўлса бўлди», деган фикрнинг олдини олади.

13. Шундай ҳолатлар бўладики, катта миқдордаги маълумотни эслаб қолишга тўғри келади, лекин вақти келиб, маълум миқдордан ортиғини қабул қила олмай қоламиз: бечора миямизга ортиқча ахборот сиғмай қолади. Беш дақиқа олдин ўқиганимиз аллақачон ёдимиздан чиқиб кетади. Бундай ҳолатларда саҳифа-саҳифа матнларни қаҳрамонларча ҳазм қилишга уринманг. Ахборотни соддалаштиринг: ўзингизга қисқа режа тузиб олинг. Бундан ҳам яхшиси – керакли маълумотларни визуаллаштиринг: уларни расм ёки схема кўринишида тасаввур қилинг. Шунда хаёлингизда эслатма сифатида сақлаб қўясиз.

Магистратурада ўқиб юрганим пайтларимда, бир устозимиз айтганди: «олдин маълумот топа олмай, борини кўпайтириб ёзиш билан шуғулланар эдик. Энди эса ахборот шунчалик кўпки, уларнинг энг кераклисини топиб, қисқартириш билан оворамиз». Шундай экан, доим ишончли, фойдали ва керакли маълумотларни ўқинг.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ортиқча ахборотни қандай енгиш мумкин?