00:08 / 19.05.2018
7 761

Тўйдан олдинги томоша ёхуд замонавий қайлиқ можароси

Тўйдан олдинги томоша ёхуд замонавий қайлиқ можароси
Вилоят сафарларидан бирида кўринишидан анча камсуқум бир йигит: «Кечирасиз, алоҳида гаплашиб олсак бўладими?» деб қолди. Унинг илтимосини бажонидил қабул қилдим.

Бу йигит газетамизни анчадан бери кузатиб бораётган мухлислардан бири экан. Оилавий қадрият ва тутумлар, оила маънавияти, урф-одат ва анъаналар ҳақидаги мақолаларга ихлоси баланд эканини изҳор қилди. Кейинги пайтларда ўзини бир масала ташвишга солаётганини билдирди.

«Бир қиз билан гаплашиб юраман, — деди бироз тортиниб. — У ўқишга кирди. Менинг икки йилдан бери омадим юришмади. Ўша қизга уйланиш-уйланмаслигим ҳали номаълум. Унинг уйидагилари ўқимаган экан, деб менга бермаслиги ҳам мумкин. Ёки ота-онам уни сенга олиб бермаймиз, деб қоладими... Шунга сиз нима маслаҳат берасиз? У билан гаплашиб юришимнинг зарари йўқми?..»

Йигитнинг ёши йигирма бирда экан. Бундай ҳолат шундай ёшдагиларнинг кўпчилигига яхши таниш. Лекин қилаётган иши тўғри-нотўғрилиги ҳақида камдан-кам киши бош қотиради. Кўпчилик, ҳатто катталар, ота-оналар ҳам бу масалага «кимда кимнинг кўнгли бор, кўяверинг, ўйнасин», деб панжа ортидан қарайди. Аслида-чи? Буни фарзандлар ҳаётига, оила шаънига, жамият равнақига салбий таъсири йўқми?

Куёвни ойнада кўрганлар

Бобо-бувиларимиз бир-бирини чимилдиқда кўриб, турмуш қуришгани балки бугун айрим ёшларга эртак бўлиб туюлиши мумкин. Лекин уларда ҳам ҳозирги ёшларникидан-да гўзалроқ кўнгил, бойроқ ҳис-туйғулар бўлганини ҳеч ким инкор эта олмайди. Яна бир ҳайратланарли далил шуки, уларнинг турмуши тўйдан олдин ўлдим-куйдим, деб юрган ҳозирги баъзи бир ёшларникидан анча мустаҳкам бўлгани ҳақиқат.

— Чолим билан чимилдиқда кўришганмиз, — дейди етмиш саккиз ёшли онахон Хосият Бердимуҳаммедова. — Чимилдиқда келин-куёвга ойна тутиш удуми бўларди. Қиз эркакнинг юзига тик қарашга иймангани учун уни илк бор кўзгуда кўрган. Шунгача улар бир-бири билан кўришиб-учрашиб юришмаган. Фалончининг қизи кўчада бегона йигит билан чақчақлашиб турган экан, деган гап оила учунгина эмас, ўша қизнинг уруғ-аймоғи учун ҳам катта иснод саналган. Биз оиламиз шаънига ана шундай доғ тушириб қўйишдан қўрқардик.

«Ёшлигингда ўйнаб қол, қизим»

Қуда бўлишдан олдин икки тараф бир-бирини обдан суриштириши урф-одатларимизда ҳалигача сақланиб келяпти. Йигит ёки қизнинг бирон бежо ҳаракатини сезиб қолса, бугун ҳам унга яхши муносабат билдирмайдиганлар кам эмас. Турмуш қураётган йигит-қизларнинг оилавий муносабатларга бепарволиги хатарли ҳолат, албатта.

«Оммавий маданият» оилаларимизга «пўшт-пўшт» демасдан кириб келди, — деб ёзади Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси Султонмурод Олим. — Айрим қизларимиз коллеж ёки лицейда, бакалавриат ёки магистратурада ўқиб юрган кезлари ҳеч кимдан уялмай-нетмай йигитлар билан хат ёзишадиган, SMSлашадиган, интернет орқали беҳаё мулоқотлар қилиб турадиган бўлиб кетишади. Ҳеч ким уларни бу йўлдан қайтармайди. Баъзиларининг онг-тасаввурида бунинг хато экани ҳақида фикрнинг ўзи ҳам йўқ. Шу орада совчи келади, унаштирилади, тез фурсатларда тўй ҳам бўлиб ўтади. Ўрганган кўнгил-ку?!. Яна ўша эски «иш»ини бемалол давом эттираверади. Бизнинг миллатда бу қайси маънавиятга тўғри келади? Айнан шундай воқеа-ҳодисалар сабаб бўлиб уйи бузилаётганлар – қанча?!.»

— Маҳалламизда бир оила қиз узатадиган бўлди, — дейди Собина Рустамова. — Тўйга озгина қолганда тўй тўхтатилди. Сабаби, қиз бошқа йигит билан гаплашиб юраркан. Шундан кейин икки оила ўртасида катта можаро бўлди. Она қизининг бу ишини қусур санамади, оддийгина эркалик деб баҳолади. Нариги томон эса бундай қизни келин қила олмаслигини дангал айтди. Шу қизнинг ҳалигача тўйи бўлгани йўқ.

Виждон амри

...Рўпарамда мендан жавоб кутиб турган ўша йигитга савол бердим:

— Ўзингиз нима деб ўйлайсиз? Дейлик, ўша қиз билан кўча-кўйда учрашиб-гаплашиб юрганингизни оилангиздагилар, яқинларингиз, қўни-қўшнилардан биронтаси кўриб қолса, сиз буни қандай қабул қиласиз? Шундай пайтда қалби­нгиз, виждонингиз нима дейди?

— Бу жуда ноқулай ҳолат, албатта, — деди йигитча худди жиноят устида қўлга тушиб қолган одамдек каловланиб.

— Ана, кўрдингизми? Аслида жавобни ўз виждонингиздан сўрасангиз ҳам бўлади. Виждон бор ва уйғоқ бўлса, ўзи сизга тўғри танловни тақдим этади. Фақат сиз иродасизлик қилмасдан, унинг айтганини бажаришингиз керак.

Масалан, сиз олдин ҳам бирон қизни ёқтириб қолганмисиз? Мактабдами ё ундан олдинми? (Йигит бир зум ўйлаб туриб, тортинибгина бош ирғади.) Кейин унга уйландингизми? Йўқ! Балки ҳаётингизда яна бошқа қизларни ҳам учратарсиз, эртага нима бўлишини билмаймиз-ку, тўғрими? Демак, сувни кўрмасдан этик ечиш тўғри эмас, шундайми?

Йигит билан қисқа суҳбатимиз тугади. У билан самимий хайрлашдик. Биламан, бу гаплар унга ҳозир анча оғир келяпти. Балки уйида ота-онаси ва бошқа яқинлари ҳам масаланинг моҳиятини тўғри тушунишига ёрдамлашишса, унга анча осон бўлармиди...

Маъмуржон ЭРКАЕВ, «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти мудири ўринбосари:
— Никоҳдан олдин учрашиб-гаплашиб юришда кишининг обрўси, шаъни, ор-номуси оёқости қилиниши эҳтимоли бор. Уйланмоқчи бўлган йигит ихтиёр қилинган қизни кўриши, учрашиши мумкин, албатта, аммо бу иш икки ёшнинг ота-онаси ёки тарбиясига масъул бўлган шахсларнинг гувоҳлиги ва иштироки асосида бўлиши шарт. Акс ҳолда, йигит билан қиз гувоҳларсиз доимий кўришиб-гаплашиб юриши турли гуноҳларнинг келиб чиқиши билан бирга, жамиятда иллатларга ҳам сабаб бўлади.

Ҳозирги вақтда интернет ва телефон орқали сўзлашувлар, ёзишувлар ҳам зинога сабаб бўлувчи йўллар ҳисобланади. Турмуш қурмаган ёшлар ўзларини турли ножўя хатти-ҳаракатлардан ҳам, гап-сўз, муомала-муносабатлардан ҳам ҳимоя қилиши зарур.

Нигора ШОМУРОДОВА,психолог:
— Оила масаласи жуда нозик, у шунчаки юзаки муносабатларни тан олмайди. Йигит билан қизнинг бирон келишувсиз ўзаро гаплашиб юриши омонат муносабат эканини кўрсатиб турибди. Ҳиссий муносабатларга шунчаки эрмак ёки ўйинчоқ сифатида қараш эртанги кунда ҳам оилавий ҳаётга енгил-елпи қарашга олиб келади. Ўзини ҳурмат қилган инсон ҳиссий кечинмаларини ва вақтини беҳуда сарфламайди.
Соҳибназар ТУРДИАЛИЕВ

Манба: Оила даврасида

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Тўйдан олдинги томоша ёхуд замонавий қайлиқ можароси