Буюк Британиядан то Япониягача бўлган турли мамлакатларда олиб борилган ижтимоий тадқиқотлар одамлар муносабатларида ташқи кўриниш қандай аҳамиятга эга эканини кўрсатиб келади. Яқинда Жанубий Кореянинг Конкук университети (Konkuk University, Сеул) олимлари томонидан олиб борилган илмий изланишда эса, эркакнинг бўйи аёлининг турмушдаги бахтлилик даражасига қандай таъсир қилиши ўрганилди.
Изланишда 7 850 нафар турмуш қурган аёл иштирок этди. Улар ўзлари ва турмуш ўртоқларининг бўйини кўрсатишди ва никоҳдаги қониқиш, эмоционал ҳолат, ўзини хавфсиз ҳис этиш каби саволларга жавоб беришди.
Тадқиқот натижасига кўра, турмушнинг дастлабки йилларида аёл киши баланд бўйли эркак билан яшаганида ўзини роҳат, муҳофаза топган ва хотиржам ҳис қилиш эҳтимоли юқори бўлар экан.
Аёллардан бири бундай таъриф берган:
“Мен аёл сифатида ўзимни нозик, бироқ ишончли ҳис қилишни ёқтираман. Бир қарашда кўзга пастдан тепага қараш ҳисси мен учун аҳамиятли. Бу нафақат ички хотиржамлик, балки овқатланиш, кийиниш, ҳатто туфли танлашда ҳам эркинлик беради”.
Бироқ, тадқиқот шундан дарак берадики, бўй ва ташқи кўриниш билан боғлиқ бахтлилик ҳисси – доимий эмас. Олимларнинг фикрича, 18 йил ўтгач, жуфтликдаги умумий бахтлилик даражаси бўйдан қатъи назар барқарорлашади. Яъни, эр ва хотин тенг бўйли бўлса ёки хотин эридан баланд бўйли бўлса ҳам, уларнинг муносабати аввалгидек мустаҳкам бўлиши мумкин.
Мутахассислар бу ҳолатни кўпинча анъанавий жамият қарашлари ва генетик инстинктлар билан изоҳлашади. Баланд бўйли эркаклар кўпинча куч, ҳимоя ва етакчилик рамзи сифатида қабул қилинади. Шунинг учун айрим аёллар, хусусан, турмушнинг бошида, бундай эркак билан ўзини хавфсиз ҳис қилади.
Шу билан бирга, турмуш қуриш ёки жуфт танлашда ташқи кўринишдан кўра, шахсий уйғунлик ва психологик соғлом муносабат муҳимроқ эканлиги таъкидланади. Яқинда шундай психологик таҳлил ҳам эълон қилиндики, унда инсонларнинг ёлғиз қолишдан қўрқиши, ўз-ўзи билан вақт ўтказа олмаслиги хавфли руҳий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги қайд этилган.
Манба: Peopletalk
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!