Ҳарқалай, тутган йўлим иш берди. Ҳеч ким Елена ҳақида лом-мим демади. Барча гувоҳлар турма бошлиғига, тезкор гуруҳ аъзолари-ю, прокуратура вакилига фақат мени қотил сифатида кўрсатишди.
Биринчи бўлиб мени турма назоратчилари қўлларимни кишанлаган ҳолда навбатчилик қисмига олиб киришди. У ердаги захил юзли майор ҳам менга таниш эди. Турмага олиб келишганда, илк бор ўшандан «улуш» олганман.
— Тағин шуми? — бақирди у назоратчиларга «чиқавер» ишорасини қилиб. — Ҳали келиб-келиб бизнинг ҳамкасбни ўлдиришга журъат этдингми? Сен-а? Вей, энди тамомсан! Яқинларинг ўлигингниям топа олишмайди!..
— Менинг яқинларим йўқ. — дедим бепарволик билан. — Энди менга барибир!
Майор бу гапимни эшитгач, ўн чандон тутоқди. Муштларини тугиб рўпарамга келди-да, қулочкашлаб ўнг чаккам аралаш мушт туширди.
Мен хонанинг нариги бурчагига учиб кетдим. Тишларим синди шекилли. Оғзимдан лахта қон кела бошлади. Аммо майор менинг аҳволимга қараб ўтирадиган ҳолатда эмасди. Тепамга яқинлашиб дуч келган еримга тепа кетди.
— Майор, бу нима қилганингиз? — ғужанак бўлиб олганча ҳуш-беҳуш ётардим-у, қулоғимга кимнингдир дағал товуши аниқ кириб турарди. Шу товуш келган заҳоти майор мени тепкилашдан тўхтаб нари кетди.
Жоним сал ором олган кўйи чуқур-чуқур нафас олишга уриндим. Афсуски, ич-ичимда пайдо бўлган кучли оғриқлар нафас олишга йўл бермасди.
— Ақлдан оздингизми? — ўшқирди овоз эгаси. — Ким сизга маҳбусни калтаклашга изн берди?
— Ўртоқ подполковник, — ўзини оқлай кетди майор. — Вадимнинг бошига етган мана шу ярамас бўлади, ахир!
— Хўш, шунинг учун калтаклаш керакмиди? Тез ўзига келтириб менинг кабинетимга олиб киринг!
— Хўп бўлади!
Майор қўлтиғимдан тутиб мени турғазишга тутинди.
* * *
— Бу туролмайди-ёв! — деди бир менга, бир подполковникка боқиб майор.
— Ҳе сизларга ишонганнинг уйи куйсин! — подполковник қўл силтаб ташқарига юрди. — Врачни чақиринг! Олиб кетишсин!
Кўз очиб юмгунча санитарлар юз-кўзларимдаги қонларни артиб, Еленанинг хонасига олиб киришди.
Унинг ўзи йўқ эди. Ўрнига ўрта ёшли, қорачадан келган бир эркак беморларга қараётган экан. Дарҳол яраларимга дори суртди. Иситмамни, қон босимимни ўлчаб, юрагимни эшитиб кўрди. Шундан сўнг укол қилиб, устимни юпқа чойшаб билан ёпиб қўйди.
— Омадсиз йигит экансан, ука!
Орадан бир соатча вақт ўтиб кўзларимни очганимда шу ерда супур-сидир қилиб юрадиган олтмиш ёшлар оралиғидаги маҳбус тепамда ўтириб, ачиниш билан мени кузатарди.
— Нималар қилиб қўйдинг? Умринг хазон бўлади-ку!..
Мен индамадим. Гапириш учун оғиз очишга чоғланганимда, жағимда қаттиқ оғриқ турди. Оғзим қуруқшаб, зўрға ютина олдим холос.
***
Тўрт кун деганда яралар битиб, иситмам ҳам тушди. Қайтадан мустақил ўрнимдан тура оладиган, деярли сувдан иборат ярим коса шўрва, бир бурда қора нонни бемалол қўлимда тутиб, ейдиган бўлдим.
Хаёлимда эса ҳануз Еленанинг маҳзун чеҳраси айланар, ўзим эмас, фақат унинг тақдири мени қаттиқ ташвишга солиб, юрагим сиқиларди.
Тушга яқин шифтга тикилганча навбатдаги «мулозамат»ларни кута бошлаганимда, ичкарига ўзим билган турма назоратчиси кириб келди.
У астойдил пол юваётган кекса маҳбусга қараб олгач, тепамга келди.
— Хўш, маҳбус Шарипов, ўрнингдан тура оласанми?
Мен қовоғимни уйиб оҳиста бош ирғадим.
— Унда мен билан юрасан! — деди назоратчи жиддий оҳангда.
— Қ-қаерга? — сўрадим гарчи юрагим карцерга тушишимни сезиб турса-да.
— Адвокат кутяпти сени.
— Н-нега?..
— Вей, намунча суриштираверасан? Бу ерда мен савол бераман, тушундингми?!. Тур тез!
Назоратчи мени ўртаси баланд панжара билан тўсилган махсус хонага олиб кирди. Панжаранинг нариги тарафида чамаси ўттиз ёшлардаги оқ-сариқдан келган, мовий кўз бир аёл сигарет чекиб ўтирарди.
Панжарага яқин келганим ҳамоно аёл қўлидаги сигаретни кулдонга қўйиб ўрнидан турди.
— Ўтиринг!
Мен курсига чўкдим.
— Чекасизми?
— Йўқ.
— Унда ўзимни таништирай. Исми-шарифим Наталья Черникова. Сизнинг адвокатингизман. Сиз-чи?
— Маҳбус Шарипов! — турмага келганимдан бери бу тахлит расмиятчиликларга кўникиб қолганман. Турмада истайсанми-йўқми, керак бўлса юз марталаб ўзингни таништиршга мажбур этишлари мумкин. Бош тортишга ҳаққинг йўқ. Шу заҳоти ё бошингга темир таёқ келиб тушади, ёки карцер билан қўрқита бошлашади.
— Жуда яхши. — деди адвокат аёл қайтадан қўлига сигаретини олиб. — Хўш, нега виждонингизга қарши бордингиз?..
Мен бу саволни тушунмай, адвокатга ҳайрат аралаш боқдим.
— Бу… Нима деганингиз?
— Ахир, сиз ҳеч кимни ўлдирмагансиз. Туҳмат қилишган сизга. Нега ўзингизча қаҳрамонлик қилмоқчи бўляпсиз?
— Қаҳрамонлик қилаётганим йўқ.
— Нега унда ҳақиқатни айтишдан бош тортяпсиз?
— Сиз ҳали мендан ҳеч нарса сўрамадингиз.
— Хўп, сўрадим ҳам дейлик. Илгариги ишни қўйиб турайлик. Охиргиси. Майор Вадим Сергеевни сиз ўлдирдингизми?
— Ҳа.
— Нега? Қандай қилиб?
— У Еленага азоб бераётганди.
— Елена сизга ким бўлади?
— Бунинг сизга аҳамияти йўқ.
— Яхши. Қандай қилиб ўлдирдингиз?
— Полда пичоқ думалаб ётган экан. Ўша билан ўлдирдим.
— Афсуски, пичоқ сопида сизникидан ташқари яна Еленанинг бармоқ излари борлиги аниқланган.
— Бўлса бордир. Пичоқни Елена мендан олдинроқ ишлатган бўлиши мумкин.
— Шарипов, ёлғонни эплай олмас экансиз. Ўйлаб кўринг, мен сизни ҳимоя қилишим керак. Буни сизнинг ёрдамингизсиз амалга ошира олмайман. Нега тушунмайсиз?
— Менга ёрдамнинг кераги йўқ.
— Нима, бир умр турмада ўтириб, қийналишни истайсизми? Бу ерларнинг қанақа жой эканини биласизми?
— Биламан.
— Жуда қўпол ва қайсар одам экансиз.
— Шундай туғилганман.
— Конвой!.. Олиб чиқинг!
Мен бу адвокат аёлнинг қалбида ғалаён зоҳир эканини чуқур ҳис этиб турардим. Ҳа, у астойдил ёрдам беришни, ҳақиқатни рўёбга чиқаришни хоҳлаяпти. Аммо нима қилай? Иложим йўқ. Ўзим ёқтирган аёлни, хаёлимдаги фариштани қамоққа тиқиб қўядиганлардан эмасман. Ундан кўра, ўша жазони фақат ўзим ўташни ихтиёр этаман. Ва бу йўлда ҳеч қачон аҳдимдан қайтмаслигимни ҳам биламан.
Конвой кирди дегунча икки қўлимни орқага қилиб ташқарига йўл олдим.
* * *
Тун чўкди. «Санчасть»да ҳам соат кечки ўндан сўнг чироқлар ўчириб қўйилади. Ташқарида фақат назоратчиларнинг оёқ товушлари-ю, навбатчилик қисмига эндигина олиб келинган маҳбусларнинг бақир-чақирлари, соқчиларнинг дўқ-пўписалари эшитилади.
Хайрият, муолажаларим тамом бўлди. Худо хоҳласа, эртага камерага қайтаман. Очиғи, камера анча тинч. Маҳбусларнинг турли ҳазил-ҳузулларини эшитасан.
Фақат кавказликка ўхшаган қўрс маҳбусларни ҳисобга олмаса, камеранинг ёмон жойи йўқ. Бу ерда-чи? Кунора ўзини сўймоқчи, осмоқчи бўлган, томирини кесганларни олиб кириб туришади. Ширин уйқуда ётганингда ўшаларнинг ҳайқириқларидан уйғонасан. Уларга қараб юрагинг баттар музлайди. Ўзингни ўшаларнинг ўрнига қўя бошлайсан. Кўрибсанки, тонгга қадар ухлай олмай азобда қоласан…
Бир маҳал хонага кимдир кириб чироқни ёқди. Мен ҳали кўзимни очиб улгурмай, иккинчи қаватда ётган маҳбус сакраб ўрнидан турди. У мен тенги, айтишларига қараганда, нашафурушлик қилиб қўлга тушган. Шу гал еттинчи марта қамалиши экан. Кечагина хумор тутиб томирини кесиб ташлагач, бу ерга ётқизишганди.
— Сен ётавер, Миша! — чироқни ёққан турма назоратчиси эди. — Шарипов, сен ўрнингдан туриб кийимингни кий!..
— Менми? — назоратчининг совуқ нигоҳлари ўзимга қадалганини кўрдим-у, ўрнимдан қўзғалдим.
— Олдимга туш! — буюрди назоратчи. — Тезроқ бўл! Имиллама!
Турманинг бир жиҳати менга ёққанди. Бу ерда худди милиция бўлими ёки навбатчилик қисмига илк бор қадам қўйган кунингдаги каби конвой, назоратчилар елкангга милтиқ тирашмайди. Қўлларидаги чарм таёқларни ҳисобга олмаса, ҳеч бир қуролсиз тинчгина керакли жойга олиб боришади.
Биз назоратчи билан ним қоронғи йўлак бўйлаб, буткул бошқа тарафга кетиб борардик. Кўз ўнгимда фақат карцер гавдаланар, шу сабабли шошилмасдан қадам ташлардим. Қизиғи, назоратчи ҳам тезлай демасди.
Ниҳоят узун йўлак тамом бўлиб, ўнгга бурилдик. Бу ерда яшил рангли темир эшик бўлиб, қия очиқ эди.
— Деворга ўгирил! — буюрди назоратчи. — Шу ердан қимирлама!
У кўз очиб юмгунча ичкарига кириб чиқди ва яна буюрди:
— Энди ичкарига кир!.. Эсингда бўлсин, сен турма бошлиғи подполковник Рафаэл Николаевич ҳузурига киряпсан. Ўзингни яхши тутгин! Акс ҳолда…
— Хўп бўлади! — назоратчининг сўзини маъқулладим мен. Ва секин ичкарига мўраладим.
Ҳа, бу ўша… Мени майорнинг тепкиларидан асраб қолган одам. Баланд бўйли, юзлари ичига ботган, қорачадан келган подполковник оёқларини чалиштирганча юмшоқ курсида сигарет тутатиб ўтирарди.
“Демак, бу одам турма бошлиғи экан-да!” хаёлимдан кечирдим мен.
— Киравер! — деди подполковник жойидан қўзғалмай. — Анави ерга ўтир!
Ўтириб, подполковникнинг саволларини кута бошладим.
— Аҳволинг қалай, йигит? — мулойимлик билан сўради у.
Очиғи, муомаласи бироз кўнглимни бўшатгандек бўлди. Турмага келганимдан бери ҳеч бир офицер, ёки соқчи, назоратчиларнинг юмшоқ муносабатини кўрмагандим.
— Яхши. — дедим овозимни пасайтиришга уриниб.
— Буёғига нима қилмоқчисан?
— Б-билмадим, — дедим тутилиб. — Пешонамга ёзилгани…
— Пешонангга нималар ёзилганини биласанми?
— Биламан.
— Билармиш. — подполковник даст ўрнидан туриб тепамга келди. — Нега ўлдирдинг майорни?
— Аёл кишига қўл кўтаргани учун.
— Нима, хотини эканини билмасмидинг? Шунинг учун ўлдириш керак эдими?
— Билмадим.
— Сен ярамас, билмадим дейиш билан қутулиб кетаман деб ўйлаяпсанми? Тўғрисини айт!
— Мен тўғрисини айтдим.
— Шунақами? Билиб қўй, агар ўзингни шундай тутаверадиган бўлсанг, жуда қийин бўлади. Ундан кўра, ҳақиқатни гапир-да, даф бўл!
— Менга ишонмаяпсизми? — шу гал унинг кўзларига тик боқишга жазм этдим. Боиси, турма бошлиғи мендан гумонсираётгани сезилиб турар, агар бўш келсам, ҳақиқатни гапиришга мажбурлашига шубҳа йўқ эди. — Мен ўлдирдим ўша нусхани!
— Марҳумларни ҳақорат қилма! — бақирди подполковник. — Сендақанги ифлосларнинг кўпини кўрганман! Ҳали шошмай тур! Тўтидай сайратмасам… Иванов!..
Назоратчи шу ондаёқ остонада пайдо бўлди.
— Олиб бориб, анави… Челидзе ўтирган камерага қама буни!
— Хўп бўлади!..
— Ана ўша ерда эсинг кириб қолса ажаб эмас. — деди киноя аралаш подполковник чиқиб кетаётганимда. — Мулла минган эшакдай ювоштириб қўяди у сени!..
(давоми бор)
Манба: hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади