Одам боласининг бу қадар тез ўзгаришини мана шу ерда кўрдим. Милиционерларга кўзи тушган Тамара ҳозиргина мен билан ҳамдарддек югуриб, жасадни беркитиш йўлини қидираётганини унутиб, бирдан тусини ўзгартирди ва бақира бошлади:
— Мана шу! Шу ўлдирди акамни! Уйимга бостириб кирди! Мана, мениям ҳаммаёғимни момоталоқ қилиб ташлади!
Аёл кишининг фарёди ҳар қандай эркакни ҳушёр торттиради. Милиционерлар бараварига менга ёпишишди…
Тамаранинг икки юзламачилиги менга алам қилиб, қаршилик кўрсата бошладим. Икки билагимдан олиб нуқул эгиб олмоқчи бўлаётган милиционерга кутилмаганда калла солдим. У учиб бориб йўлакдаги шкафга урилди.
Афсуски, тўрт кишига бас кела олмадим. Улар бир амаллаб қўлларимни қайиришди ва полга юзтубан ётқизишди. Қайсидир бири қўлларимни кишанлади.
— Синглим, жасад қаерда? — сўради бошимни маҳкам босиб олган милиционер ҳамон увиллаганча аюҳаннос солаётган Тамарадан. — Намунча дод-вой қиласиз? Кўрсатмайсизми жасадни?
— А-ана… Балконга ётқизиб қўйганман. — деди пиқиллаб Тамара. — Бу… Ярамас пулларимгача тортиб олди! Ишонмасаларинг чўнтакларини ковлаб кўринглар!..
— Вася, буни машинага орт! — буюрди тик тургани. — Тўхта, чўнтакларини текшириб кўр!..
Кўз очиб юмгунча чўнтакларимдаги пулларни тийин-тийинигача тортиб олишди. Ўзимни эса машинага қамашди.
— Ифлос! — дердим хаёлан ўзимга ўзим. — Ҳали шошмай тур! Сендан албатта ўч олмасдан қўймайман! Итдай ўлиб кетасан!..
* * *
Шаҳар ишки ишлар бош бошқармаси навбатчилик қисмидагилар мени кўришди-ю, типирчилаб қолишди. Бунинг ҳайрон бўладиган жойи йўқ. Суратларим аллақачон турмадан қочганлар қаторидан жой олиб улгурганди. Навбатчи офицер телефонга ёпишди. Афтидан турмага сим қоқди шекилли, гаплашиб бўлгач, мийиғида жилмайиб қўйди.
— Буни тўппа-тўғри турмага етказинглар! — деди у ёнида буйруқ кутаётган милиционерларга. — Биласизларми бу нусха ким?
Милиционерлар елка қисиб олишди.
— Ўта хавфли рецидевист. Бўйнида, адашмасам, саккизта мурда турибди. Бунинг устига камерадан қочиб кетган. Вей, — офицер иягимдан тутиб менга совуқ тикилди. — Энди тирик қолмайсан! Ўлдим деявер! Айтганча, Вася, келганларингдан кейин тўғри менга учрашасизлар! Сизларни мукофотга тавсия қиламан!
— Ҳали буни исботлаш керак, начайлик! — жавоб қилдим мен ҳам унга худди шундай совуқ боқиб.
Тап тортмай тилга кирганим офицерга ёқмади. У қорнимга муштлади.
— Олиб кетларинг! — бақирди ёнидагиларга.
Буйруқни эшитганлари заҳоти милиционерлар икки елкамдан маҳкам босиб ташқарига судраклашди.
* * *
Милиция машинаси иккита улкан ва баланд дарвозалардан ўтиб турма ҳовлисида тўхтагач, негадир енгил тортгандек бўлдим. Итларнинг акиллаши, соқчиларнинг бақир-чақирлари қулоғимга кирмади. Ҳатто, олдинда кутаётган қийноқлар, карцер балоси тўғрисида ҳам ўйлаб кўрмадим.
Хаёлан Еленани тасаввур қилдим. Унинг малла сочлари, оқ халат ярашиб турган тик қомати, пирпираб ҳар қандай эркакни маст қилувчи узун киприклари, ҳар замон титраб кетувчи ингичка лаблари кўз олдимдан ўтаверди.
— Хайрият, уни қайтадан кўрадиган бўлдим! — кўнглимдан ўтказдим машина эшиги очилишини кутарканман. — Ҳозир эшикни очишади. Чарм таёқ билан савалай-савалай навбатчилик қисмига олиб киришади. Ундан сўнг ҳойнаҳой карцерга қамашса керак. Балки стакангадир… Бунинг қизиғи йўқ. Нима бўлгандаям барибир Еленани кўраман-ку!
Ўзим ҳам қисқа муддат ичида пишиб, ҳақиқий жиноятчига айланибман чоғи. Ҳеч нарсадан қўрқмай қўйдим. Дунёни сув боссса тўпиғимга чиқмайдигандек хотиржамман. Тўғри-да, сиқилиб, қўрқиб нимага эришаман. Мен бу ердагилар учун қотил, ашаддий каллакесарман. Шундай экан, яхшилик, ширин сўз кутишим ғирт аҳмоқлик эмасми?
— Қани, туш итдан тарқаган! — бақирди баланд бўйли, кенг елкали, ранги асаблари бўшроқ одамни юрак касалига йўлиқтиргудек совуқ бир нусха эшикни очиб.
Ним қоронғиликда унинг кийимига разм солдим. Майор экан.
— Бу Василий Ивановичнинг ўрнига тайинланмаганмикан? — ўйладим ўзимча секин пастга тушиб.
Мени ҳайрон қолдириб, ташқарида турган аскарларнинг ҳеч бири калтаклашмади.
Қишнинг совуқ ҳавосидан сўнгги бор тўйиб симирдим-да, аскарларнинг олдига тушдим.
* * *
Кутилганидек, ортиқча расмиятчиликлар қилиб ўтиришмади. Майор ўзим таниган назоратчига карцерга ташлашни буюрди холос.
Назоратчи ҳам майорнинг ҳузурида индамаган бўлса-да, йўлакка чиққанимиздан сўнг кулимсираб гап қистирди.
— Сендақасини умримда кўрмагандим! — деди у карцерга яқин келгач, қўли билан «деворга орқанг билан ўгирил!» ишорасини қилиб. — Бардам бўлавер, «братва»лар орасида обрўйинг ошиб кетди! Буёғига қўрқмасанг ҳам бўлади.
— Менга қара, начайлик, — дедим мақсадга ўтишга шошилиб. — Елена қаерда? Уни кўрсам бўладими?
— Елена? Қайси? Санчастдагими?
— Ҳа, ўша, ўша! — дедим ҳовлиқиб.
— У ишдан бўшаб кетган.
— Нима? Нега бўшаб кетади?
— Билмадим-у, аммо эрининг ўлимидан кейин ишлай олмади дейишяпти.
Қандай даҳшат!.. Бир неча сония ичида барча умидларим пучга чиқса!.. Энди нима қиламан? Уни кўришни қанчалар орзу қилгандим!..
— Бирор нима керак бўлса, айтавер! — хаёлимни бўлди назоратчи. — Ёрдам қиламан.
— Мени қайси камерага ўтказишаркан? — сўрадим ундан.
— Билмадим. ҳарқалай, ёмон камерага кирмайсан. Ҳозирча ўн кунлар карцерда ётиб турасан. Айтганча, тезроқ кир, яқин дўстинг ҳам шу ерда ётибди!
Кирдим.
Эшик ёпилди.
Не кўз билан кўрайки, бурчакдаги бетон супачада Гоги ўтирарди.
— Ў, Мурод! — у мени кўрди-ю, сакраб ўрнидан турди. — Ростдан ўзингмисан? Кўзларимга ишонмайман!
Биз кўришдик ва супачага чўкдик.
— Тутишибди-да! — деди Гоги менга бироз ачиниш билан боқиб. — Қаерларда бўлдинг? Қани, бир бошдан гапир-чи!
— Гоги, мен яна пича муддатга озодликка чиқишим керакка ўхшайди. — дедим бошимдан ўтган ишларни бирма-бир гапириб бергач, супачани муштлаб.
— Нима, ишинг чала қолдими?
— Ҳа. Бир ифлосни ўлдиришга улгурмай қолдим. Шу ишни охирига етказмасам, тинчлана олмайман.
— Сенга маслаҳат берайми?
— Албатта.
— Ҳозирча шу ишни орқага суриб тур.
— Нега?
— Сени суд қилишсин, турмага боргин. Ана ундан кейин қочаверасан. Биласанми, елкангда оғир юк турибди. Енгиллатиб олмасанг бўлмайди.
— Мени қайси турмага жўнатишаркан? — сўрадим қизиқсиниб.
— Ҳарқалай, умумий колонияга тушмаслигинг аниқ. Назорат кучайтирилган турмага тушасан. Лекин-чи, ўша ерлардаям ўзимизнинг «братва»лар ўтирибди. Хат ёзиб бериб юбораман. Сени илиқ кутиб олишади.
— Ўзинг-чи? Бу ерда нима қилиб ўтирибсан?
— Э, камерангдаги армани бор-ку… Ўшани дўппослагандим.
— Ўша камерадамидинг?
— Ҳа, бир ҳафтача яшадим. Айтганча, башарти, ўша камерага тушсанг, сен ҳам бир адабини бергин! Энди бемалол тартиб ўрнатаверсанг бўлади. Юқоридаги «братва»лар аллақачон сени тан олишган.
— Шунақа дегин? — хурсанд бўлиб ўрнимдан турдим. — Ҳақсан! Энди бошқача яшайман. ҳаммасига тупурдим. Ҳаётимни гаровга қўйдим ҳисоби. Буёғи барибир. Ўлиб кетаманми, тирик қоламанми, қизиғи йўқ. Бир нарсани биламанки, ҳаддидан ошганларни аяш йўқ.
— Баракалла! — Гоги ҳам ўрнидан қўзғалиб елкамга қоқди. — Бу турма қонуни. Жиноятчига айландингми, ҳаётда омадинг келмадими, демак, омадни зўрлик билан келтириш керак.
— Гоги, ичадиган ҳеч нарсанг йўқми?
— Қаёқда?.. — деди Гоги қўл силтаб. — Карцерда бунақа нарсаларга рухсат беришмайди.
— Пул-чи? Биласанми, ёнимда бир даста пул бор эди. Олиб қўйишди.
— Пул бор. Cенга йўқ деб бўлармиди?!. — Гоги чўнтагини ковлаштириб, иккита ўнталик чиқарди.
— Ў, бу газаккаям етади. ҳозир…
Секин бориб карцер эшигини бир-икки тепдим. Шу заҳоти назоратчи келиб эшикни очди.
— Ҳа, Мурод, тинчликми? — шивирлаб сўради у.
— Мана буни ол-да, бизга бир шиша ароқ, бир бўлак колбаса келтир!
— Дўконлар ёпилиб қолмадимикан?
— Бунисини ўзинг биласан. Қолгани хизмат ҳақингга!
— Майли, ҳаракат қилиб кўраман.
Назоратчи пулларни олиб чўнтагига солди-да, қайтадан эшикни ёпди.
* * *
Карцерни турманинг дўзахи деб беҳуда айтишмайди. Биринчи куни сезилмаган бўлса-да, бора-бора таъсирини ўтказмай қолмади. Эски йўталим тутиб, кечалари алламаҳалгача ухлай олмайдиган, суякларим симиллаб оғрийдиган бўлди. Аммо сир бой бермадим. Бошқалар сингари бақир-чақир қилиб назоратчини чорламадим. Жоним оғриб, ҳаётдан тўйиб кетсам-да, ғиқ этмасдан ўтиравердим.
Ниҳоят бешинчи куни карцер эшиги шарақлаб очилиб, назоратчи жилмайганча кириб келди.
— Нима бало, турмадан қочиб қаҳратонда тобланиб қайтганмисан? — сўради у бир бурчакда титраб-қақшаб ўтирган Гогага бир нигоҳ ташлаб оларкан. — Карцерга тушганлар дод-вой қилишарди, томирини кесиб қонга бўялишарди. Сен бўлсанг, ғинг демайсан-а!..
— Менга барибир, — дедим ҳамон совуқ жонимдан ўтганини сездирмасликка тиришиб. — Бир бошга бир ўлим. Дод-вой қилиб нимага эришаман?..
— Бўпти, юр, муддатинг битди. Камерага ўтасан.
— Қайси камерага? — сўрадим атайин.
— Қайсига бўларди? Ўша ўзинг билган камерага-да!.. Индинга эса суд. Хуллас, бу ерда узоқ қолиб кетмайдиган бўлдинг.
— Шунисигаям шукр. — деб қўйдим Гогага кўз қисиб. — Ҳақиқат бор экан-ку!
Гога билан эҳтиёт шарт қучоқлашиб хайрлашдик. Чунки, турмада ҳаёт бир хилда кечмайди. Бугун чақчақлашиб ўтирган одамингни эртага кўрмаслигинг, йиллаб учрашмаслигинг мумкин.
— Бўш келма! — деди у маъюс тортиб. — Қаерда бўлсанг ҳам, менинг гапларимни ёдингда тут! Айтганча, тўхта, сенга бир энлик хат ёзиб бераман. Мабодо мен билган турмага тушсанг, мана шу хатни Женя деган одамга кўрсатасан. У турмада ҳурматли аристонлардан ҳисобланади. Биз ака-укадек бўлиб кетганмиз. Мени айтсанг, сенга ҳамма шароитни яратиб беради.
— Ёрдаминг учун раҳмат! — Гогани қайтадан қучдим. — Насиб бўлса, учрашармиз.
Гога кўзлари ёшланиб, қўли билан «энди кет» ишорасини қилди-да, тескари ўгирилиб олди.
* * *
Мен назоратчи ҳамроҳлигида иккита панжарадан ўтиб, ниҳоят «манзил»га етдим.
Мана ўша 125- камера. Ҳамон темир эшикнинг бўёқлари кўчганча қолиб кетибди. Ичкаридан кимнингдир бақиргани эшитилди. Назоратчи шарақлатиб эшикни оча бошлаши билан товуш тинди.
— Қани, Мурод, киравер! — деди назоратчи кулимсираб. — Судга тайёргарлигингни кўр! Хизмат бўлса, тортинмай айтавер!
Кирдим. Камерада буткул бошқа маҳбуслар ўтиришарди. Ўнгдаги пастки каравотда тепакал, олтмиш ёшларга бориб қолган маҳбус ўтирибди. Ўнг билагига бургут сурати чизилган.
Юқори қаватда мен тенги, паст бўйли, қориндор аристон ғужанак бўлиб олганча жим ётибди.
Мени кўргач, сакраб ўрнидан турди ва пастга тушди.
Озғингина, лаблари учиб-учиб турган ўттиз ёшлар оралиғидаги бир йигит ҳожатхона ёнидан жой олибди. Унга маъноли қараб олгач, чапга кўз ташладим. Биринчи қаватга парда тутиб қўйилибди. Демак, бу ерда армани ётибди. Гогидан сўнг ўзини камерабоши деб эълон қилган бўлса ажабмас.
Тепа каравот бўш эди. Мен секин қўлимдаги кўрпа ва чойшабларни юқори қаватга қўйиб, эски-туски кийимлар жойланган сумкамни бир четга ирғитдим.
— Салом братва! — бақирдим ўзимга ажабланиб нигоҳ қадаган аристонларга бир-бир боқарканман. — Нега жим бўлиб қолдиларинг? Мен Муродман!
Шу тобда парда секин очилиб армани кўринди.
— Сен?.. — у кўкариб кетган юзларини кафти билан ишқалай-ишқалай ўрнидан туриб менга яқин келди. — Натуре, ўзингмисан?..
— Арсен! — кўришиш учун қўл чўздим. — Нима бўлди?
Юзига ишора қилдим.
— Э, душман ўқи тегди. — мажбуран тиржайди армани. — Ўзингдан гапир!
Мен жавоб ўрнига қайтадан қолган аристонларга қараб олдим.
— Бу ерда нималар бўляпти ўзи? — тўсатдан дўқлаган оҳангда сўз қотдим. — Кимлар ўзи булар? Нега салом бермайди?..
Армани индамай елка қисиб олиб жойига ўтирди.
— Таништирмайсанми? — унга яқин бордим мен. — Нега ялпайиб ўтириб олдинг?
— Мурод, бас қилсанг-чи! — армани ҳамон ён бергиси келмасди. — Нимага келар-келмасингдан дўқ урасан?
— Тур ҳамманг ўрнингдан! — стол устида тутқичи томони пичоқ каби ўткирланган қошиқ турарди. Қўлимга олиб аристонларга бақирдим. — Тур дедим!
Биринчи бўлиб ҳожатхона ёнида ўтирган йигит қаршимда ҳозир бўлди. Кетидан армани истар-истамас менга яқин келди.
— Бугундан бошлаб камерада мен тартиб ўрнатаман! — тушунтирдим уларга. — Арсен, жойингни билиб тез иккинчи қаватга чиқ!
Турмада ҳурматим ошганига мана шу лаҳзаларда яна бир марта амин бўлдим. Олдинги сафар мени еб қўйишга тайёр турган армани ҳозир ит қувган мушук каби шумшайганча кўрпасини йиғиштиришга тушди.
— Бу нусха ким? — сўрадим ҳожатхона тарафдан чиқиб келган йигитни кўрсатиб.
— Буми?.. — армани афтини бужмайтириб тескари ўгирилди. — Хуллас, қиз боланинг номусига тегиб қамалган. Биласанми яна қанақа қизнинг?.. Озарбайжон…
— Тушунарли… Исминг нима? — сўрадим йигитдан қовоғимни уйиб.
— Сергей. — зўрға жавоб қилди у ердан кўз узмай.
— Сергей, нега камера тозаланмаган?
— Ҳ-ҳозир… Тозалайман.
У шоша-пиша қўлига супурги олди.
Шундан сўнг овқатланиш учун мўлжалланган стол қаршисига ўтириб, эгнимдаги пальтони ечдим-да, юқоридаги қориндор аристонга юзландим.
— Сенга алоҳида таклиф керакми?
Қориндор аввал ўрнидан туриб ўтирди ва кўзларини ишқалай-ишқалай бир сакраб пастга тушди.
— Нима дейсан?
Армани кулиб юборди.
— Мурод, бу ўғри! Лақаби Дарвин. — деди йигит билан мени таништирган бўлиб. — Айтишига қараганда, братвалар уни ҳурмат қилармиш.
— Шунақа дегин? — мен даст ўрнимдан турдим-да, қориндорнинг ёқасидан олдим. — Вей, мен чақирганимда ўқдай учиб келишинг керак!
— Аҳмоғинг йўқ. — хириллади Дарвин. — Ким бўпсан?
Бу гапи учун уни мушт билан сийладим. Дарвин учиб бориб арманга ёпишиб қолди.
— Бўлди, бўлди, ўзим тушунтириб қўяман! — армани уни панасига олди. — Ҳали танишмаган-да, танишмаган!.. Кел, дўстим Мурод, эсон-омон келганинг учун бугун сени сийлайман! Зўр ароғим бор! Нима дейсан?
— Аслида гапни ана шундан бошлаш керак эди. — кулдим янги ўрнимга жойлашарканман. — Фақат тезроқ бўл! Карцерда ётавериб суякларим қайишиб кетди.
Ҳаш-паш дегунча стол устига қора нон, шўр бодринг, бир бўлак колбаса қўйилди. Дарвин менга олақараш қилганча нонни ип билан бўлаклаб, кетидан колбаса, бодрингларни майдалади.
— Энди мен бир гап айтсам. — деди Арсен ароқ қуйилган темир кружкасини қўлига олиб. — Дарвин, қария Алексей, хуллас, ҳаммаларинг билиб қўйинглар. Бу Мурод бўлади. Бўйнида ҳозирча еттита мурда илиниб турибди. Братвалар орасида обрўси баланд. Шундай экан, келинглар, шу дўстимизнинг ҳурмати учун ичайлик!..
Мен ароқни ичиб бўлгач, секин ҳожатхона томон нигоҳ ташладим. Сергей бўзрайганча бизга тикилиб ўтирар, кўзларида ёш ғилтилларди.
(давоми бор)
Манба: "Ҳордиқ" «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади