
Кўпчиликка таниш одат – бармоқни «чақиллатиш». Айримлар буни шунчаки ҳузур учун қилса, бошқалар бундан қўрқади: гўё бу одат суяк ва бўғимларга зарар етказармиш. Аммо физиотерапевт мутахассис Рауль Вальдесусо фикрича, бармоқни чақиллатиш соғлом одам учун мутлақо хавфсиз, деб ёзади Peopletalk.
Хруст қайдан пайдо бўлади?
Шифокор Вальдесусо испаниялик журналистлар билан суҳбатда тушунтиришича, «чақиллаш» ёки хруст тўғридан-тўғри суяк ёки бўғимлар ишқаланиши билан боғлиқ эмас. Аслида бу овоз — бўғим капсуласи ичидаги газ пуфакчаларининг ёрилиши натижасида юзага келади. Яъни бу физиологик, табиий жараёндир. Агар оғриқ ёки шиш пайдо бўлмаса — бундан хавотирга ўрин йўқ.
Қачон эҳтиёт бўлиш керак?
Шу билан бирга, мутахассис таъкидлашича, агар одамда аввалдан бўғимлар билан боғлиқ касалликлар бўлса, унда бу одатни ташлаш мақсадга мувофиқ. Хусусан:
-
агар хруст оғриқ билан бирга кузатилса;
-
қўлда шиш ёки ҳаракатда чекланиш юзага келса.
Бу белгилар бўғимдаги яллиғланиш жараёнидан дарак бериши мумкин. Бундай ҳолда ўзбошимчалик билан ўзгариш киритиш эмас, балки ревматолог ёки ортопедга мурожаат қилиш тавсия этилади.
Руҳий сабаблар ҳам борми?
Шифокорлар яна бир жиҳатга эътибор қаратишади — хрустлатиш кўпинча руҳий ҳолат билан боғлиқ бўлади. Масалан, стресс ёки хавотир ҳолатида одамлар ўзи билмаган ҳолда шундай ҳаракатлар қилиши мумкин. Бу навбатдаги «эмоционал разряд» сифатида намоён бўлади.
Шунинг учун шифокорлар буни доимий одатга айлантирмасликни маслаҳат беришади. Бундай ҳолатларда нафас олиш машқлари, диққатни тўплаш (медитация) ёки енгил спорт билан шуғулланиш орқали хотиржамликка эришиш мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!