17:15 / 02.08.2018
6 239

Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (25-қисм)

Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (25-қисм)
— Майли, мен эски латталарни титишни ёмон кўраман. Сен илгари нима ишлар қилгансан, қанча пул топгансан. Буёғиминан ишим йўқ. Ҳозиргисидан гапира қоламан. Хуллас, шу кеча… Йўқ, икки соат ичида юз минг сўм топиб келиб мана шу стол устига ташлайсан.

— Нима?.. М-менда бунча пул йўқ…

— Йўғ-э, «Волга» минган йигитнинг гулида юз минг бўлмайдими?..

— Ишонинг, ака, ҳамма пулларим «оборот»да, ахир! Нега ишонмайсиз?..

Кўрдимки, босим ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Семеннинг пешонасини тер босиб, кўзларидан ёш сизиб чиқа бошлади.

“Пул бунақаларнинг жонидай гап-да! — ўйладим ўзимча. — Ўша жонини суғуриб олиш эса шу тобда менинг гарданимда. Бир бойвачча ҳаромхўрдан пул ундира олмасам, Толяннинг олдида нима деган одам бўламан?..”

— Майли, — давом этдим босиқлик билан. — Ўзингда бўлмаса, манави қиз ўртоқларингдан оларсан! Ё қиз ўртоқларинг сенга қарз беришмайдими?

— Булар энди-энди иш бошлашяпти. — деди Семен қақшаб. — Унақанги катта пул йўқ бизларда! Илтимос, ака, бизга рухсат беринг, кетайлик! Розиман, иккала уйингизниям минг сўмданга сотиб оламан.

— Ў, ҳимматинг зўр-ку! — кулдим Давидга қараб. — Энди бизга сенинг минг сўминг керакмас. Ўша пулингга-чи, бир жойингни артгин! Бизга айтилган пулларни келтириб бер!

— Йўқ унча пул менда. — қайсарлик билан эски гапини такрорлади Семен.

— Йўқ дегин?.. Агар шу аҳволда ўтираверсанг, бўйнингга тағин отнинг калласидай қўшимча қарзни илиб қўяман.

Семен жавоб бермади. Титраган қўллари билан чўнтагидан сигарет чиқариб тутатди-да, чўзиб-чўзиб тортди.

— Эшитдингми гапларини, Давид? — ҳамроҳимга ўгирилиб сўрадим.

— Менга рухсат бер, оғайни, — хириллаб Семен томон талпиниб қўйди Давид. — Бир уриб абжағини чиқарай бу калондимоғнинг!

— Давид, абжағини чиқаришга улгурасан. — дедим шишадаги қўлбола ароқдан пиёлага тўлдириб қуйиб. — Ундан кўра, менга айт, бу боланинг аёл қариндошлари борми?

— Э, кетворган хотини бор. — деди Давид жонланиб. — Бир-икки кўрганман. Қомати во!.. Братваларнинг кўзи тушса борми… Синглисиям ўн олтига тўлди адашмасам.

— Жуда боп бўпти! — дедим керишиб. Сўнгра пиёладаги ароқни ичиб, газагига қария бўлаклаб қўйган қуён гўштидан оғзимга солдим. — Лекин… Бу йигитнинг гулиям ёмон эмасга ўхшайди. — дедим Давидга юзланиб. — Қара, дўмбоққина йигит. Братваларга айтсак, аввал ўзини «трамвай»га қўйишарди.

Бу гапим ҳаммасидан ўтиб тушди. Хожасининг номусини астойдил ҳимоя қилишга отланган икки йигит хезланганча менга яқинлашишди. Давид эса шай турганди. Эпчиллик билан йигитлар қаршисида пайдо бўлиб, бирининг бошига тўппонча, иккинчисининг томоғига пичоқ тиради.

— Ўтминан ўйнашмаларинг! — уларни огоҳлантирдим ҳеч нарса бўлмагандек қуён гўштини кавшаб. — Куйиб қоласанлар! Куйсанг, юзингда бир умр доғ қолади. Аёллар сендан юз ўгириб кетишади.

— Ҳозир буларни… — Давид лаблари асабий титраб чапдагисининг томоғига тиғни маҳкамроқ қадади. — Оёғини осмондан қилиб, чотини йириб ташлаш керак!..

— Энди хотининг ва синглингга келсак, — Семенга ўгирилиб чала қолган гапимни давом эттирдим. — Уларниям братваларнинг қўйнига тиқамиз. Ишонавер, ўша куниёқ сен билан ажрашади хотининг. Негаки, братвалар сенга ўхшаган ҳезимкаш эмас. Синглингни бўлса, хизматкор қилиб олишади. Ҳар ҳолда кўпчиликнинг кўнглини овлаш ҳам савоб, йигитнинг гули!

— Ҳақоратнинг ҳам чегараси бўлади-да! — Семеннинг овози баттар титраб чиқди. — Ундан кўра, ўлдириб юбора қолинглар!

— Ўлдириш қочмайди, йигитнинг гули! — дедим унга. — Сен ўлиб кетсанг, хотининг, синглинг, бошқа қариндошларинг-чи! Уларни қаерга кўмамиз? Гўристон ҳам чўзма эмаски, истаганча жой топаверсак.

— Шеригингизга айтинг, бизни тинч қўйсин! — кутилмаганда бошига тўппонча тиралган йигит шанғиллади. — Ё отиб ташласин!

— Сен бола, жуда маҳмадона экансан-ку! — даст ўрнимдан турдим-да, тўппончани нари суриб йигитнинг сочини чангалладим. — Бу гапинг учун шахсан сен ва манави мишиқи ҳамтовоғинг йигирма минг сўмдан нақд қўлимга топширасанлар.

— Аҳмоғингиз йўқ. — бўш келмади йигит. — Бизам кўча кўрган болалармиз. Хариф эмасмиз.

— Ў, шунақами?

Дарҳол Давидга кўз билан имо қилдим. У қўлидаги қуролларни чўнтакка жойлади-да, орқасидан келиб йигитларни бўйни аралаш туширди. Улар олдинма-кетин иҳраганча энкайиб қолишди. Иккинчиси — тепки йигитларнинг орқасига бориб тушди. Иккови ҳам оғриқ зарбига дош бера олмай хонани энгашган кўйи айлана бошлади.

— Хўш, гапимга энди тушундиларингми, қариқизлар? — масхарали оҳангда савол ташладим йигитларга. — Сенлардан сўраяпман!

Йигитлар бараварига бош ирғашди.

— Бу бошқа гап. Ана энди, Семен, сен гапир! Шартим тушунарли бўлдими ёки бошқатдан бошлайми?

— Мениям битта шартим бор. — сал дадиллашиб тилга кирди Семен.

— Нима? — бу гапни эшитган Давид бир сакраб унинг тепасида ҳозир бўлди. — Қанжиқ! Кимга шарт қўяётганингни биласанми?

— Қўй, шарти бўлса, айтсин! — дедим Давидга. — Айт, йигитнинг гули! Нима шартинг бор?

— Шерикларимдан пул олмайсиз.

— Нега?

— Улар энди оёққа туришяпти.

— Бунинг менга қизиғи йўқ. «Разбор»га тушгандан кейин орқага йўл қолмайди. Қолаверса, булар маҳмадоналик қилиб қўйишди. Маҳмадоналарни жиним суймайди.

— Илтимос, улардан пул олманг! Майли, мен айтганингизни олиб келаман. Фақат йигитларни тинч қўйинг!

— Улар ҳам айтилган пулларни олиб келишади. Келгусида уччовингам шахсан менга улуш бериб турасан. Эвазига сенларни бегоналардан ҳимоя қиламан. Қани, бўл тез! Уйингга қўнғироқ қил! Хотининг айтилган пулларни олиб келсин! Сенлар ҳам бўла қолларинг! Мамед оға, уйингизда телефон борми?

— Хотиним пуллар қайдалигини билмайди. — деди Семен. — Ўзим бориб ярим соат ичида олиб келаман.

— Сен билан бирга Давид ҳам боради.

— Йўқ, ўзим бориб келаман. Шерикларим учун ҳам ўзим пул олиб келаман.

— Сен жуда меҳрибон устоз экансан унда. — дедим Семеннинг елкасига қоқиб. — Ҳақиқий йигитнинг гули шундай бўлиши керак. Тўғрими, Давид?..

— Мен барибир оғриниб бераман! — тўнғиллаб аста ўрнидан қўзғалди Семен.

— Нега энди? — бу гапидан жаҳлим баттар қўзғаб унинг йўлини тўсдим. — Акаларингга-я?

— Чунки бу пулларни менга Худо берган.

— Худо беради-ям, олади-ям! Шуни билмасмидинг?

— Нима, сиз Худомидингиз?

— Йўқ, албатта. Мен ўша Худо берган пулларингни шилиб, бир меъёрга келтириб турадиган одамман. Бор энди гапни кўпайтирмай! Билгинки, шу бугундан эътиборан бизнинг паноҳимиздасан. Шунисига шукр қилсанг-чи, аҳмоқ! Хуллас, ярим соат кутаман. Пул ўз оёғи билан келмаса, бояги гапларим эсингда бўлсин! Фақат ментларга сотаман деб овора бўлма. Ўзингга жабр қиласан!

— Тушунарли. — деди Семен чиқиб кетаётиб. — Менам эркакман!..

* * *
— Эркакмиш, — ижирғаниб кулди Давид унинг шериклари жўнаб кетишгач. — Ғирт хунасага ўхшайди-ю, эркакман деб кўкрагига ургани-чи!..

— Бойлар шунақа бўлишади. — уқтирдим Давидга «Хўш, разборни бопладимми?» дегандай керилиб. — Улар кечаю-кундуз таҳлика ичида яшашади. Кечалари уйқуси қочади. Тушидаям пул ўғирлатиб чиқади. Уни қўй, буни қўй, энди нима қиламиз?

Давид мамнунлигидан терисига сиғмай ўтирган Мамед оғага бир қараб қўйгач, соатига кўз ташлади.

— Лекин… Бопладинг. — елкамга қўл ташлади Давид жавоб ўрнига. — Кутмаган эдим… Ўлай агар, бунақанги кетворган разборни яқин орада кўрмагандим. Иштонини алмаштиради-ёв уларинг!..

— Шунинг учун ҳам ўғримиз, — мақтаниб қўйдим кўксимга уриб. — Битта бойнинг юрагини ололмасак нима қилиб юрибмиз? Ҳали шошма, насиб қилса, сен билан бунданам зўр ишларни қиламиз. Бахтимизга Толян омон бўлса бас!.. Қўй, ундан кўра, айт, нима қиламиз? Қаерга борамиз? Еленани кўришга олиб борасанми-йўқми?

— Настядаги пулларниям олгандан кейин тўппа-тўғри турмага жўнаймиз. — деди Давид.

— Нима?.. Мен, ахир, Еленани кўриб ўтишим зарур. Уни кўрмасам бўлмайди.

— Керак бўлса, Еленангнинг ўзи турмага боради. — Давид пиёладаги охирги чефирни сипқориб ўрнидан қўзғалди. — Бу ишинг учун ҳали Толян сени мукофотлайди, оғайни. Шундай экан, тезроқ ишларни битирайлик-да, қуён бўлайлик!

— Вақт ҳам тонгга яқинлашиб қолди-ёв! — гапга аралашди Мамед оға. — Келинглар, эрталабгача ўтириб кайф қилинглар! Кетиш бўлса қочмас!

— Э, қария, — дея Мамед бобонинг елкасига қоқди Давид. — Ҳали кўп келамиз сизникига. Турмада нималар бўлаётганини фақат Бургут тасаввур қиляпти. Ҳали биз ментларга чап бериб Настяникигаям кириб ўтишимиз лозим бўлади. Ўзингиз айтинг, хурсандмисиз?

— Теримга сиғмай кетяпман, болам. — деди Мамед бобо кўзларига ёш олиб. — Қариганимда қаёқдаги итфеъл бойларга оёқости бўлармиканман деб ўйловдим. Сизларни Худонинг ўзи етказди.

Уёқ-буёқдан гаплашиб тургинимизча, Семен келиб айтилган пулларни қўлимга топширди.

Шундан кейингина биз машинага ўтирдик.

Настя масаласини ҳал этиб турмага етиб олишимиз учун тахминан уч соатча вақт зарур эди.

* * *
Машина серқатнов йўл бўйлаб ўқдек учиб борарди. Орқа ўриндиқда ўтирибман-у, кўнглимга қил сиғмайди. Бир ёқдан Еленани қидириб топмаганим алам қилар, иккинчи тарафдан бугун бошимдан кечиши муқаррар бўлган ишларни ўйлаб ич-этимни ердим.

Қалбимнинг тубидан отилиб чиқишга чоғланаётган номаълум ҳайқириқ эса вужудимни чирмаб, асаб томирларимни зириллатарди.

“Майли, — дердим хаёлан ўзимни ўзим тинчлантириб. — Бу дунёда фақат пешонага ёзилгани бўлади. Буни Худойимнинг ўзи неча марта менга билдириб қўйди. Кечроқ бўлса-да, бу ҳақиқатни англагандай бўляпман. Англамасам, Настяга бўри каби ташланиб, қайтадан наҳс ботқоғига ботардим. Нафсимни енга олдим-ку! Ўзимни кўзига қон тўлган буқадек тутмадим-ку!.. Шукр!.. Турмада кутиб турган таҳқирлашлар бунинг олдида нима бўпти? Энг асосийси, тартибли аристон деган номга хиёнат қилмадим. Толяндек номдор ўғрининг ишончини яна бир карра оқлай билдим…

Бироқ ҳаётда сўзимни бериб қўйишим ҳам мумкинмас. Айниқса, ҳозир мени кутиб оладиган турма ходимлари қаршисида қаддимни эгмаслигим шарт. Акс ҳолда шунча қилган ишларим бир пулга арзимай қолади. Майли, уларнинг пайтавасига қурт тушса тушаверсин. Чидайман!.. Ҳар қандай азобга тоқатим етади…”

Давид мени турма яқинида қолдирди-да, шу заҳоти ортга қайтди.

Ана, турманинг «қора йўлаги». Кетишим ҳам шу йўлак орқали кечганди.

Секин бордим-у, эшикни итардим. Очилди. Ичкарига қадам қўйдим. Бино олдидаги кичик ҳовличадан ўтиб асосий эшикка яқинлашдим. Эшик ланг очиқ эди. Йўлакда қўлида супурги, латта, челак кўтариб юрган балландадаги аристонларни кўрдим. Хўш, қандай кирай?.. Ҳойнаҳой, асосий дарвоза олдида офицерлар «қиличини қайраб» тургандир. Нега бу ерни бўш қолдиришди? Наҳотки, айнан шу эшик орқали киришимга ақллари етмаган бўлса?..

Йўқ, уч-тўрт қадам босиб улгурмасимдан нариги тарафдан келаётган баланд бўйли, тақа мўйлов капитанга кўзим тушди. Турмага келганимдан бери бу капитанни уч-тўрт кўрганим бор. Ҳамиша ёнида келишган, дўмбоққина малласоч аёл бўларди. Кейинчалик билдим. Аёл капитаннинг хотини экан…

Капитаннинг ёнида қўлида чарм таёқ ўйнатганча турма назоратчиларидан бири ҳам келарди.

Улар мени кўришлари билан таққа тўхташди.

— Жойингдан жилма, Шарипов!.. — бақирди капитан. Турма назоратчиси эса шу заҳоти навбатчилик қисми томон чопиб кетди.

Мен буйруқни сўзсиз адо этдим. Икки қўлимни орқага қилганча жим туравердим.

Капитан дадил юриб келиб қўлимни кишанлади. Бу табиий ҳол эди. Лекин бир нарсага тушунмасдим. Одатда менинг тутиб қўйган ишим ҳазилакам эмас. Турмадан қочган маҳбусни ўнлаб аскарлар қўлларида қурол билан «қарши» олишлари, маҳбус турли қийноқларга гирифтор этилиши, бундан ташқари, муддатига яна қўшиб берилиши лозим эди. Нега мени фақат капитангина қўлга олди? Йўқ, адашибман. Ҳали нафас ростлаб улгурмасимдан йўлак аскар, офицерларга тўлди. Қандайдир қориндор майорнинг буйруғи билан аскарлар икки қўлтиғимдан маҳкам қисиб иягимни полга теккизишди. Бошқалари тепа-тепа икки оёғимни икки ёнга суриб ташлашди.

Тепамга қўлимни кишанлаган капитан келиб совуқ тиржайди.

— Ҳа, қаҳрамон, қўлга тушдингми? — бақирди у гўё ўзини намойиш қилмоқчидек. — Турма энангни уйидай кенг бўлиб қолибди-да-а сенга? Ё бизни изқувар итга йўймоқчи бўлдингми?

— Ит бўлмай кимсан? — аскарларнинг босими остида хирилладим. — Итдан баттарсан!
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (25-қисм)