Энг қизиғи ва эътиборга лойиқ жиҳати шундаки, олимлар заррачани унинг квант ҳолатини йўқотмасдан, бутунлай бузилмасдан ўтмиш нуқтасига қайтаришга муваффақ бўлишди. Бу ҳолат фан дунёсида ҳақиқий инқилоб сифатида баҳоланмоқда.
Қисқача тушунтириб айтадиган бўлсак, Австрия фанлар академиясида «квант калити» номини олган махсус протокол яратилди. У фотонни бевосита кузатиш шартсиз, аввалги нуқтасига қайтариш имконини беради. Бу жараён суперпозиция ҳолатини сақлаб қолади, яъни заррача бир вақтнинг ўзида ҳам «0», ҳам «1» ҳолатда бўлиши мумкин. Бу эса илгари назарий жиҳатдангина тасаввур қилинган ҳолатнинг амалий кўринишидир.
Муҳими, ушбу протокол фақат орқага эмас, балки «олдга» ҳам ишлайди. Яъни барча эҳтимолий йўналиш ва траекторияларни ягона натижада бирлаштириш орқали вақтни тезлаштириш имкони пайдо бўлади. Бошқача қилиб айтганда, вақт жараёнини нафақат тўхтатиш, балки илгари суриш назарий жиҳатдан мумкин бўлиб қолди.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, ушбу усул фақат фотон ёки кичик заррачаларда эмас, балки ҳар қандай квант объектига қўлланиши назарда тутилмоқда. Демак, келажакда у катта жисмларга ҳам татбиқ қилиниши мумкин. Тасаввур қилинг: инсон танаси ёки турли асбоблар билан ҳам вақтни орқага қайтариш эҳтимоли мавжуд.
Олимлар таъкидлашича, асосий натижа шунда — бу йўналишдаги илмий кашфиёт квант компьютерлари ривожланиши учун катта қадам ҳисобланади. Ҳатоларсиз ишлайдиган янги авлод квант компьютерлари тиббиёт, фан ва олам тадқиқотларида квант симуляцияларни минглаб марта тезроқ амалга ошириш имконини беради. Масалан, дори-дармон ишлаб чиқиш ёки космос моделларини яратиш каби жараёнлар кескин равишда тезлашиши мумкин.
Албатта, одамлар ўз ҳаётини вақтда эркин бошқаришига ҳали анча йиллар бор. Аммо олимлар таъкидлаганидек, бизда эндиликда вақт йўналишини ўзгартириш имконини берувчи илк ишлайдиган протокол мавжуд. Бу эса инсоният учун тамоман янги давр бошланиши демакдир.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!