Ўзимни босишга, Толян айтгандай, бир гапдан қолишга ҳар қанча уринмайин қоним қайнаб, бир ғазабимга ўн ғазаб қўшилиб келаверди. Гарчи бундай пайтларда жаҳлга эрк бериш яхшиликка олиб келмаслигини жуда яхши билсам ҳам мени очиқдан очиқ ҳақорат қилиб, шаънимга доғ туширмоқчи бўлаётган бу икки аристонни жазоламаслигим мумкин эмасди.
Қандай қилиб ётган ўрнимдан чўзилиб анча нарида турган темир стулчани олганимни ва ирғиб туриб у билан Жоранинг башарасига солганимни билмай қолдим. Зарб шу қадар кучли бўлдики, бақириб кулаётган Жоранинг товуши бирданига тиниб, оғриқ зўридан ўтириб қолди. Пайтдан фойдаланиб, уни юз-кўзи, елкаси аралаш яна бир неча бор стулча билан «сийладим». Гарчи еган «темир зарб»ларидан сўнг ўзига келиши қийин бўлишини билсам-да, эҳтиёт шарт Жоранинг жигарини мўлжаллаб уч-тўрт бор тепдим ва ана шундан кейингина иккинчи рақибимнинг яқинлашишини кутдим. Мен томонимдан бундай кескин ҳаракат бўлишини кутмаган, шекилли, Жоранинг шериги аввалига турган жойида тошдек қотиб, менга ғайритабиий тарзда қараб турди. Кейин жонҳолатда менга ташланди. Унинг ҳаракатларидан муштлашувнинг яхшигина ҳадисини олгани кўриниб турарди. Ёшлигида бокс тўгарагига қатнаган бўлса керак, ҳимояси ҳам чакки эмасди.
— Эркак бўлсанг, ётган одамни тепкиламасдан мен билан олиш, итнинг боласи! — деди у тишларини бир-бирига қайраб ғижирлатаркан.
— Касал ётган одамнинг устидан кулиш, уни ҳақоратлаш эркакликка киради-ю, йиқилиб тушганни тепкилаш эркаклик эмас эканда, сенинг-ча! — жавоб қайтардим мен ҳам ундан қолишмай.
— Бизга аслида сени яхшилаб калтаклаш, бу ёғига турма етакчилигига уринмасликни тайинлаш топширилганди. Афсуски, бу сафар уларнинг айтгани бўлмади. Жаҳлимни чиқардинг: Бу ердан сенинг ўлигинг чиқади энди!
— Сал эҳтиёт бўлиб гапир, яна шеригинг каби ўрнингдан тура олмай қолма!
— Менинг ғамимни емай қўя қол! Ундан кўра, қабринг устига нима деб ёзиб қўйишимизни айт: чумчуқ деб ёзишсинми ёки…
Унга гапини тугатиш насиб этмади. Қўлимдаги темир стулча билан уни ҳам айлантириб ура бошладим. Тан олиш керак, у анча-мунча зарбаларимга чап беришга улгурди. Аммо тўғридан берилган зарбани, барибир, ўтказиб юборди. Шу ондаёқ унинг темир теккан боши ёрилиб, сизиллаб қон оқди.
— Бўш келма, Димон! Бу ифлосни аяб ҳам ўтирма, братан! — тилга кирди шу пайтгача бир бурчакда ихраб ётган Жора. — Ҳозир ўзим сенга ёрдам бериб юбораман. Бир амаллаб қўлидагини тортиб олсак, марра бизники! Эртага шу пайт ўлигини каламушлар еб битирган бўлади!
Аммо бу гаплар Димонга мадад бўлмади. У яна темир зарбига дуч келмаслик учун эҳтиёт бўлиб қолган, анча узоқроқда туриб мен томонга жаҳд қилар ва қулай пайт келишини пойлаётган, бир томондан Жоранинг ўзига келишига умид қилаётгани ҳам билинарди. Унинг ҳимояга ўтиб олганидан фойдаланмасам, Жора ўзига келиб қолса вазият менинг зараримга ўзгариб кетиши аниқ эди. Шу сабаб сал айёрлик қилишга тўғри келди. Қўлимдаги стулчани Димонга қараб бор кучим билан улоқтирдим. Турган гапки, у инстинктив равишда кўзини юмиб, ўзини зарбадан олиб қочди. Бу, албатта, унинг катта хатоси эди. Фурсатни бой бермасдан ўнг қўлимнинг қирраси билан рақибимнинг бўйин томирига урдим. Димон ҳатто нима бўлганини ҳам англаб улгурмай ҳушини йўқотиб, оёғим остига узала йиқилди. Буни кўрган Жоранинг юз-кўзи мутъе тус олди. Унинг бундай вазиятларга аввал ҳам бир неча бор тушгани хатти-ҳаракатларидан билиниб турарди.
— Бизларни кечир, Бургут! Биз сени шунчаки синаб кўрмоқчи эдик! Илтимос, бизларни кечир! — бор овозида йиғлаб сўзлай бошлади у. — Гапларимга ишон, ёлғон гапираётган бўлсам Худо урсин!
— Ўзингнинг ифлос ишларинг учун Худони ўртага қўйиб қасам ичма! Ундан кўра, сенларни бу ерга ким юборганини айт! Шунда жонинг омон қолади, чин сўзим! — Жоранинг ёқасидан бўғиб, қўрқитиш ниятида бир неча бор мушт солдим.
— Урма, урма мени, Бургут! Мени бу ерга келишга мажбур қилишди. Келмасам ўлдириб юборишлари аниқ эди.
— Жонингдан умидинг бўлса, айт, ким мажбур қилди?!
— Толян кетар-кетмасидан сен карцерга тушиб қолдинг. Ўтган вақт орасида бу ерда анча нарса ўзгариб кетди. Энди аввалгидек тартиб-интизом бўлмаслиги аниқ.
— Нега бундай деяпсан?
— Ўзинг биласан, биз «дам» олаётган жойда маъмурият ҳукмрон эди. Уни фақатгина Толян ўзгартира оларди. Энди Толян йўқ, демак, бундан бу ёғига турма бошлиғнинг айтгани айтган, дегани деган бўлади. Хоҳласа ноғора чалиб барчамизни ўйнатади ёки муз устида рақс туширади.
— Унинг ноғорасига ўйнайдиган аҳмоқ йўқ. Қолаверса, бизлар ҳам совға эмасмиз, бир йўлини қилиб унинг ковушини тўғрилаб қўйиш қўлимиздан келади.
— Бургут, тўғри тушун, бир ўзингнинг қўлингдан ҳеч нарса келмайди, барибир, уларнинг айтганига кўнишга мажбурсан.
— Адашма, мен ёлғиз эмасман. Мен каби тўғри, ноҳақликка қарши курашиб муддат олиб ўтирганлар кўп… Яхшиси, сен гапни чалғитмасдан кимнинг буйруғи билан олдимга келганингни айт!
Бу гапимдан сўнг Жора оғир хўрсиниб қўйди-да:
— Толяннинг ёнида юрадиган йигитни танирмидинг, лақаби Силовсин? — деб сўради.
Унинг нега бу саволни берганига ҳайрон бўлиб, тасдиқ ишорасини қилдим.
— Энди у Толяннинг ўрнини эгаллади. Бизларни ҳам у жўнатди.
— Шу чўпчагингга мени ишонади, деб ўйлаяпсанми? Толяннинг югурдаги қандай қилиб унинг ўрнига ўтиради?
— Биз ҳам аввалига ишонмадик, аммо у бирин-кетин кўзга кўринган, гапини бошқа аристонларга ўтказа оладиганлардан ўнтасини ўлдириб юборгандан кейин…
— Нима, у ҳали ўзига ўхшаган аристонларни ўлдирдими?
— Ҳа, Бургут, ҳаёт мана шунақа экан, кимнинг ортида кучи бўлса, ўшанинг гапи икки қилинмаскан…
* * *
Қолган кунлари мени айтарли ҳеч ким безовта қилмади. Шу сабаб бўлса керак тез кучга кириб, оёққа турдим. Оёққа турмасам бўлмасди, чунки Жоранинг гапи рост чиққан, Силовсин аллақачон турмада ўз тартибини ўрнатишга киришиб кетганди. Энди пайт пойлаб у билан учрашишим лозим эди. Аммо бир неча йил Толяннинг ёнида миқ этмай юриб, унинг оғзидан чиққан гапни буйруқдек бажаришга ўрганган Силовсин шунчалик эҳтиёткор эдики, ҳатто ўзи ёнига чорлаган аристонларни ҳам текширувдан ўтказарди.
Соғайганимдан кейин эски ишимни давом эттириш ниятида буюмлар сақланадиган омбордаги хонамга боришга қарор қилдим. Мени басавлат, кўринишидан собиқ спортчилиги сезилиб турган, афтидан эркин курашчи бўлса керак, аристон хушламайгина кутиб олди. Салом бергандим, жавоб бўлмади.
— Мен Бургутман, эшитгандирсан? — деб сўрадим ундан.
— Бургут бўлсанг нима қипти, ўрнимдан туриб, қўшиқ айтиб ёки чапак чалиб туришим керакми? — жавоб қилди у.
— Ўрнингдан туришинг ҳам, чапак чалишинг ҳам шарт эмас, лекин яхши одамлар салом берганда жавоб қайтаришинг керак, шуни биласанми? — дедим иложи борича овозимга майин тус берига ҳаракат қилиб.
— Ёш бола эмасман, менга ақл ўргатма! Қолаверса, кимнинг саломига жавоб беришни ўзим биламан, тушундингми? Энди бўлса бу ердан туёғингни шиқиллат, йўқса онадан туғилганингга пушаймон бўласан!
— Йўғ-э, мен сенга ота-онанг фақат ёмон тарбия берган деб ўйласам, ҳали зўравонлик одатинг ҳам борми?
Бу гапдан кейин у ўрнидан турди-да, мен томонга ҳезланиб кела бошлади. Адашмаган эканман, ҳаракатлари курашчиники. Бундайларнинг чангалига тушиб қолмаслик, яъни масофадан туриб муштлашиш керак. Яна бироз жаҳли чиқса, ўзини тута олмай бошқарувни йўқотиши аниқ.
Шундай бўлди ҳам. Икки-уч бор уриниб қўлга тушира олмагандан кейин рақибнинг аччиғи чиқиб, ҳаракатларида пала-партишлик кўзга ташланиб қолди. Яна бироз «мушук-сичқон» ўйнасак буткул ҳолдан тойиши кўриниб турибди. Унинг ҳарсиллаб ташланишларидан завқ олган кўйи яқинроқ келишини кутдим. Бечора бу сафар ҳам чап беради, деб хаёл қилди, шекилли, қулочини кенг ёзиб ҳужумга ўтди. Чаққонлик билан бир-бир чалғитувчи зарбалар йўлладим-да, кейин бор кучимни тўплаб, икки қошининг ўртасига мушт солдим. Зарба шунчалик кучли бўлдики, ҳатто қарсиллаган овозни эшитдим. Ҳозиргина мени ғажиб ташлашга тайёр йигит, турган жойидан бироз ортга чекинди, кейин мувозанатни йўқотиб, гупиллаб йиқилди. Бу ерга келганимни ҳеч ким кўрмаганди, яна бировга қорамни кўрсатмасдан ғойиб бўлдим. Мен билан муштлашиб, ажал топган йигитни Силовсин ўзига тансоқчи қилиб олганини кейин эшитдим, Жора билан Димоннинг ўз жонларига қасд қилганликларини ҳам…
* * *
Тансоқчисининг ўлимидан сўнг Силовсин аввалгидан ҳам эҳтиёткор бўлиб қолди. Аммо мен пайт пойлаб, барибир, ундан Толян ва бошқа бекордан-бекор ўлдирилган аристонларнинг ўчини олишим керак эди. Буни қарангки, орадан бир кун ўтиб, унинг ўзи мени сўроқлатди. Лекин бир-биримизнинг кўзимизга тик боқиб гаплашиш бизга насиб этмади. Турмадаги бошбошдоқликдан безор бўлган аристонлар ғалаён кўтариб қолишди. Хирмонга ўт кетса, ҳўл-қуруқ баравар ёнганидек, ғалаёнчилар ҳеч биримизга: на менга, на Силовсинга, на турма бошлиғига ва на бошқа зўравон-у, авторитетларга шафқат қилишди. Ўша талопўп чоғида аристонлардан кимдир бошимга темир бўлаги билан урган экан.
Ҳушимга келганимда танамнинг ярми ишламас, шол бўлиб қолган эди. Шундан кейин мени санитар қисмига ўтказиб юборишди. Муддатимни ўша ерда ўтаб, озодликка чиқдим. Аммо ўзингиз айтинг, мендек умрининг гул фаслини панжара ортида кечирган одам кимга ҳам керак. Шу сабабли Еленани даракламадим, аммамникига ҳам қайтмадим. Ҳозир чойхонада қоровуллик қиламан. Яқин кишиларим йўқлигини билган шу атрофдаги хонадон соҳиблари кунда-кунора ош-нонимдан хабардор бўлиб туришади. Шулар, умуман, яхши инсонларнинг борлиги туфайли ҳаёт шамим милтиллаб ёниб турибди. Лекин ўтмишимни хотирга олсам ҳам, келажагимни ўйласам ҳам беихтиёр даҳшатга тушавераман…
(Тамом)
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади