date

Ноутбук батареясини тўғри фойдаланиш: доим зарядда сақлаш хафсизми?

Ноутбук батареясини тўғри фойдаланиш: доим зарядда сақлаш хафсизми?
Замонавий фойдаланувчилар орасида “ноутбукни доим зарядда сақлаш мумкинми?” деган савол жуда кўп муҳокама қилинади, деб хабар берди lifehacker.ru. Кўпчиликнинг фикрида, компьютерни электр тармоғига узоқ вақт улаган ҳолда ишлатиш батареяга салбий таъсир қилади, деган стереотип сақланиб қолган. Лекин бугунги технологиялар фонида бу саволга янгича ёндашиш керак.

Янги авлод ноутбукларида автоматик заряд назорати тизими мавжуд бўлиб, батарея тўлиқ зарядлангач, қурилма тўғридан-тўғри тармоқдан электр олади ва аккумуляторга ортиқча юк тушмайди. Бу эса батареянинг эскириши ва ҳажмининг қисқаришига йўл қўймайди. Илгари бу функциялар фақат юқори сегментдаги қурилмаларда бўлган бўлса, ҳозирги кунда Lenovo, Asus, Dell, HP ва бошқа етакчи брендларда стандартга айланган.

Шу билан бирга, фойдаланувчилар учун энг катта хатар — ноутбукнинг қизиб кетиши. Агар сиз юқори юкламада (масалан, видео монтаж ёки ўйин) ишлайдиган бўлсангиз, батарея доимий иссиқлик остида қолади. Литий-ион аккумуляторлар юқори ҳароратни ёмон кўради: 40–45°C атрофидаги ҳаво ҳам батареянинг ишлаш муддатини қисқартиради. Шунинг учун, энг яхши тавсия — ноутбукни ҳавоси яхши айланаётган, сояли ва салқин жойда ишлатишдир.

Яна бир муҳим масала — батареядан фойдаланиш фаоллиги. Агар ноутбукни фақат электр тармоғига улаб ишлатсангиз ва батарея доимо 100% ҳолатда турса, аккумулятор ички кимёвий жараёнлар туфайли ўз хусусиятларини йўқота бошлайди. Шунинг учун, ҳафтада бир-икки марта батареяни 30–50% гача кучланиш қолгунча ишлатиш ва қайта зарядлаш зарур.

Ишлаб чиқарувчи компаниялар томонидан батареяни асраш учун махсус дастурий таъминотлар ҳам яратилган. Масалан, Lenovo Vantage, Asus Battery Health Charging, Dell Power Manager каби иловалар батарея тўлиқ зарядланиб қолмаслиги учун уни 60–80% оралиғида чеклайди. Бу, айниқса, ноутбукдан иш жойида ёки уйда доим электрга уланган ҳолда фойдаланувчилар учун жуда қулай.

Хулоса қилиб айтганда:
Агар ноутбукингиз ҳаддан ташқари исий бошламаса ва ҳафтасига камида бир марта батареядан мустақил фойдалансангиз, замонавий ноутбукни доим зарядда сақлаш хавфсиз ҳисобланади. Энг муҳими — тўғри фойдаланиш маданиятини ўрганиш ва қурилмангизнинг техник тавсияларига амал қилишдир.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Ноутбук батареясини тўғри фойдаланиш: доим зарядда сақлаш хафсизми?