
Европа футболида янги мавсумга тайёргарлик қизғин паллага кирди — Москванинг ЦСКА жамоаси сафидаги легионерлар қаторида 21 ёшли ўзбекистонлик ҳужумкор футболчи Аббосбек Файзуллаев ҳам клуби ихтиёрига етиб борди. Жаҳон чемпионатига чиқишда миллий терма жамоамизнинг энг катта “двигатели”дан бири бўлган Файзуллаев қисқа таътилдан сўнг “армиячилар”нинг машғулотларига қўшилиб, янги бош мураббий Фабио Челестини олдида ўз маҳоратини яна намойиш этиш имконига эга бўлди.
Таъкидлаш керак, ЦСКАда ҳозирги кунда ўнта давлатдан 14 нафар легионер рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг тўрт нафари бразилиялик футболчилар. Ҳимояда эса Мойзес ва Виллиан Роша сингари тажрибали бразилияликлар бошқа ёш юлдузлар билан замонавий жамоа муҳитини яратмоқда.
ЦСКА матбуот хизмати томонидан тарқатилган видеолавҳаларда Аббосбек ўзининг жамоадаги кайфияти ҳақида гапириб, “Бразилияликлар билан ҳазил-ҳузул қилаяпмиз, ҳар ким ўз терма жамоаси билан фахрланади, – деди Файзуллаев. – Улар билан жаҳон чемпионатида учрашишимизни кутяпмиз. Мен уларга: “Ўзбекистон ютади”, дедим. Улар эса, “Бразилия 5:0 ҳисобида ютади”, дейишди.”
Москва жамоаси сафидаги 24 ёшли Келлвен, шунингдек, Алеррандро ва бошқа бразилияликлар ҳали Россияда ўзини тўлиқ кўрсата олмаган бўлса-да, Файзуллаев ўз статистикаси билан аллақачон “армиячилар”нинг асосий фигурасига айланган. Бир йил ичида у 71 учрашувда 8 та гол ва 22 та ассист билан мураббийлар ишончини оқламоқда.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий футболчиси сифатида ҳам Аббосбек 27та ўйинда 8та гол урди ва янги мавсумда ҳам катта мақсадлар сари ҳаракат қилишни давом эттирмоқда. Янги бош мураббий Фабио Челестини билан ЦСКАда унга қандай рол берилса, “армиячилар” сафидаги легионеримиз мухлислар умидини оқлашга тайёр.
Янги мавсум олдидан ЦСКАда рақобат, ўзаро ҳурмат ва ўйин учун руҳ катта аҳамият касб этмоқда. Аббосбек Файзуллаев эса бу муҳитда ўз ўрнини мустаҳкамлаб, Москвада янги юлдузга айланиш учун кураш олиб бормоқда.
Сизнингча, Аббосбек янги мавсумда ЦСКА ва миллий жамоа сафида яна қандай ютуқларга эришиши мумкин? «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар