
Соғлом юрак сири айнан ошхонангизда яширинган бўлиши мумкин. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, оддий исмалоқ ва бошқа баргли кўкатлар юрак-қон томир тизими учун табиий қалқондир. Хусусан, исмалоқ мунтазам истеъмол қилинганда юрак хасталикларидан ва инфаркт ҳолатларидан ўлим хавфи деярли 43 фоизга пасайиши мумкин, дея таъкидлашмоқда олимлар.
Бу ўсимлик нега бунчалик фойдали? Гап шундаки, исмалоқ таркибида К1 витамини жуда кўп. Бу витамин қон томирларини эластик ҳолатда сақлаб, уларда бляшка (холестерин ва ёғ қатламлари) тўпланишининг олдини олади. Натижада, юракнинг қон билан таъминланиши яхшиланади, хасталиклар хавфи эса анча камаяди.
Фақат исмалоқ эмас — брокколи, карам, латук ва бошқа кўкатлар ҳам шу витамин манбаи ҳисобланади. Улардан бир кичик стакан миқдорда кунига истеъмол қилиш, организмнинг К1 витаминига бўлган талабини тўлиқ қондиради.
Шу билан бирга, К1 витаминининг фойдаси фақат юрак билан чекланмайди. У суякларни мустаҳкамлаш, яллиғланишни камайтириш ва ҳатто мия фаолиятини яхшилашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Яъни, бир стакан кўкат — бутун тана учун катта фойда.
Айниқса, 40 ёшдан ошган кишилар учун баргли кўкатлар миқдорини ошириш тавсия этилади. Сабаби, бу ёшдан сўнг юрак-қон томир муаммолари авж олади ва профилактика энг яхши ечим ҳисобланади.
Тансиқ таомлар қаторидан жой олган исмалоқни қайнатма, салат, смузи ёки ҳатто гўштли овқатларга қўшиш орқали рационга киритиш мумкин. Уни тайёрлаш осон, фойдаси эса беқиёс.
Хулоса қилиб айтганда, баргли кўкатлар нафақат витамин манбаи, балки юракни асрайдиган табиий қалқондир. Шу боис, таомномангизда уларга алоҳида ўрин ажратинг — сизнинг ҳаётингиз учун ҳам, соғлиғингиз учун ҳам бу жуда муҳим.
Чунки сизнинг юрагингиз ҳам сиз каби яшашни хоҳлайди! «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар