19:44 / 03.09.2018
7 882

Номаҳрам... (4-қисм)

Номаҳрам... (4-қисм)
Туҳматга қолиш, дабдурустдан ҳамма нарсасидан айрилиш, айниқса, шармандаларча ҳайдалиш кишига алам қиларкан.

Матназар юраги эзилган ҳолда шийпонга кириб келди. Бироқ бу гал қўлида ҳеч вақо йўқ эди. Дўконга бориб нимадир сотиб олиш хаёлига келмаганди…

Тол тагида ўтириб нимадир пишираётган Марҳамат унинг аҳволини кўриб қўрқиб кетди.

— Сизга нима бўлди? — қўлидаги чўмични қозонга солди—да, тўнгак устига келиб ўтирган Матназардан сўради. — Бирор гап бўлдими? Тинчликми ўзи?

Матназар оғир хўрсиниб қаршисидаги аёлга боқди.

— Марҳаматхон, мен туҳматга қолдим.

— Вой, нега? Қанақа туҳмат?

— Қишлоқда гап тарқалибди. Гўёки биз иккаламиз эр-хотин бўлиб олганмишмиз.

— Вой, тавба қилдим! Энди нима бўлади?

— Марҳамат, мен… Уйимдан, оиламдан, миниб юрган автобусимдан ҳам айрилдим. Қайнотам ҳаммасини тортиб олди…

Марҳамат айбдорларча бош эгди:

— Кўнглим сезганди, мулла ака. Шундай бўлишини билгандим. Мен ўлгур, келмай қўя қолсам бўлмасмиди, шу ёқларга? Келиб, мана, сизгаям бир дунё ташвиш орттириб бердим…

— Йўқ, ташвиш орттирганингиз йўқ, — Матназар бошини кўтариб Марҳаматнинг кўзларига тикилди. — Ўзи… анчадан бери шу жанжалнинг иси бор эди. Сизнинг айбингиз йўқ.

— Энди нима қиласиз? Автобусингизни олиб қўйишган бўлса, тирикчилигингиз қандай ўтади?

— Менга қаранг, — кутилмаганда ўрнидан турди-да, Марҳаматнинг рўпарасига келиб ўтирди Матназар. — Есаям, емасаям, барибир бўрининг оғзи қон… Шу қилганлари учун ҳам икковимиз турмуш қурмаймизми?

— Вой, бу нима деганингиз? Сизнинг оилангиз бўлса… Бугун уришганингиз билан, эртага барибир орқангиздан келади ахтариб.

— Мен… сизга ёқмайманми?

— Мен… Ёқмайсиз деяётганим йўқ-ку! Хотинингиз бор.

— Нима, ўша чўлоқ хотин билан бир умр ўтиб кетишимни истайсизми? Менам эркакман, ахир!

— Сиз ҳали мени яхши билмайсиз-ку! Балки, мен ундан ҳам ёмон аёлдирман?

— Ёмон аёл бўлганингизда сизни шу ерларга етаклаб келмаган бўлардим. Илк кўрганимдаёқ кўнглим сезган яхшилигингизни… Келинг, нариги маҳалладаги масжид яқин. Қоронғу тушиши билан борамиз…

— Йўқ-йўқ…

— Мен ўйлаб кўргунингизча ҳов анови ерда бўламан… Бир қарорга келишингиз билан чақиринг…

* * *
— Отинг ўчсин, эр бўлмай! — Матназарни бегона аёлнинг қўйнида тасаввур қилгани сайин Ҳамида ич-этини еб борарди. — Хотинсирамай ўл! Қайданам тегдим шу хотинбозга? Эрсиз ўтирсам ўлармидим? Энди нима қиламан? Бу ногирон боламни ким боқади? Қачонгача дадамга осиламан? Одамлар нима дейди? Чўлоқлиги учун ташлаб кетди, ўл-а, дейишмайдими? Йўқ, мен ундан ўч оламан! Хотин устига хотин олиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман. Ё меники бўлади, ё ҳеч кимники!

Ҳамида қизчасининг ҳўл бўлган йўргакларини бир амаллаб алмаштирди-да, қўшниси Хосият холаникига йўл олди. Ишқилиб, бир ўзи ўтирган бўлсин, деганди. Кутилганидек, Хосият хола ҳовлида ёлғиз ўзи ўтирганича кўрпа қавиётган экан.

— Вой, келинг, келин! — шоша-пиша ўрнидан туриб Ҳамиданинг қўлидан боласини олди у. — Катта бўп қопти-ку! Ишқилиб, умри билан берган бўлсин! Қани, ўтиринг сўрига!

Ҳамида кўз ёшларини билдирмайгина артиб сўрининг бир чеккасига омонатгина чўкди.

— Ҳа, қизим, йиғлабсизми? Нима бўлди?

— Биласиз-ку, хола! Уйимда…

— Ҳа-а, эшитдим… Ҳаммасини эшитдим. Э, бу эркакларнинг ҳаммаси бир гўр. Ғам чекаман, деса-чи, ажалидан беш кун бурун ўлиб кетади одам… Қўйинг, қизингизни ўйланг! Итдай акиллаб-акиллаб қайтиб келади бир куни. Мени айтди дерсиз…

— Холажон, сиздан бир нарса сўраб чиққандим, — Хосият холанинг гапини бўлди Ҳамида.

— Жоним билан. Нима керак эди?

— Уйда… Сичқонлар кўпайиб кетибди… Шунга… Дори-пори бормикан сизда, деб…

— Ҳа, бор… Қуриб кетсин бу сичқонлар. Кечадан бери бизникидаям пайдо бўп қолибди… Ҳозир олиб бераман, ўргилай!

Ҳамида сичқон дорини қўлига олгач, уй бекаси дастурхон ёзиб қистаганига ҳам қарамай, уйига йўл олди…

* * *
— “Ана энди ўзингдан кўр, хотинбоз, — ичкарига кириб кўча эшикни тамбалади-да, ўзича сўзланиб қўйди Ҳамида.— Чўлоқ, қўлидан ҳеч иш келмайди, деб ўйладингми? Бекорларни айтибсан. Ҳали менинг совунимга кир ювмабсан, сен ҳезалак! Мана шу кеча қийнала-қийнала жон берасан. Кейингина тақдирга тан бераман… Бўлмаса, чидай олмайман бу кўргиликларга, чидай олмайман! Сен ярамасни ўша қанжиқнинг қўйнида кўргандан кўра…”

Ҳамида инқиллаганича кийимларини алмаштирди. Қизчасини яхшилаб ўради. Кейин шийпон томон йўл олди…

Бу пайтда Матназар Марҳамат билан аллақачон қўшни қишлоқ масжидига кетган, домла пешин намозини ўқиб бўлиб, уларни никоҳлаш арафасида эди…

Ниҳоят барча амаллар қилиниб, икковларига никоҳ ўқилди. Фақат… Домла Марҳамат ташқарига чиқиб кетгач, Матназарни тўхтатди.

— Ука, — деди у босиқлик билан. — Мен аёлингизнинг олдида индамай қўя қолдим. Бироқ бу ишни бекор қипсиз.

— Нега? — ҳайрон бўлиб сўради Матназар.

— Сизни, отангиз раҳматлини яхши биламан. Шунинг учун бу гапни айтиб қўйиш мен учун фарз… Биласизми, иккинчи хотинни тўқол хотин дейишади. Тўқол хотиннинг тўқмоғи жудаям қаттиқ бўлади. Эҳтиёт бўлиб иш кўринг!.. Тағин…

Матназар домланинг гапларига тушунмадими, мажбуран бош ирғаганича ташқарига йўл олди.

— Вой, анови турган ким? — шийпонга яқинлашганларида, Марҳамат бирдан тўхтаб, бола кўтарган аёлни кўрсатди.

— Бу ўша… чўлоқ хотиним. — жавоб қилди Матназар. — Ҳозир бошланади… Сиз аралашмай қўя қолганингиз маъқул. Ўзим ҳал қиламан.

Улар шийпонга етиб келишгач, Марҳамат ерга қараган кўйи ичкарига кириб кетди. Матназар эса уф торта-торта Ҳамидага яқин борди.

— Нега келдинг? — дўқ аралаш сўради у Ҳамидага совуқ тикилиб. — Нима керак яна?

— Мен сизни опкетгани келдим, — деди Ҳамида ер чизиб. — Қизчамиз кечадан бери тинчлик бермаяпти. Иситмаси чиқяпти кечалари. Ичиккан, шекилли.

— Буни отангга бориб айт, ўша келиб тинчлантирсин!

— Отамни қўяверсангиз-чи, дадаси! — Ҳамида кўзидан оқиб тушган ёшларни чақалоқнинг йўргагига артиб Матназарга тик боқди. — Феълини биласиз-ку! Ахир, биз сизсиз нима қиламиз? Майли, уйланибсиз, бўлар иш бўпти. Мен сираям қарши эмасман. Фақат… Бизниям ташлаб қўймасангиз бўлгани… Юринг, ҳеч бўлмаса кечгача қизчамизнинг ёнида бўлинг! Зора ўзига келса…

Матназар буни кутмаганди. Ўйланиб қолди. Нима қилишини билмай боши қотди…

— Бўпти, сен боравер, — деди охири бир тўхтамга келгандай. — Орқангдан бораман… Пича ишим бор…

— Ростдан борасизми?

— Ҳа, дедим-ку!

— Унда… Боришингизга овқат қип қўяман!

Ҳамида кетгач, Матназар ўзича ғудраниб қўйди.

— Овқат қилармиш! Аввал ўзингни эплагин, чўлоқ!

* * *
Қош қорайди. Қаердадир эшакнинг чўзиб ҳанграгани қулоққа чалинди.

— “Демак, вақт шомга яқинлашибди, — кўнглидан ўтказди Матназар ҳовлисига яқин келиб қолганда. — Дўкондор ҳозир масжидда бўлса керак. Бирров кираман-у, Марҳаматнинг ёнига қайтаман…”

— Келдингизми? — у ҳовлига кирганида, Ҳамида ўчоқ бошида куймаланаётган экан.

Матназар бу ҳолатни биринчи маротаба кўргани учунми, ҳайрон бўлди: “Бу ҳеч қачон ўчоқ бошида ўралашмасди-ку! Қаёқдан кун чиқдийкин?”

— Келинг, сиз яхши кўрган товуқ шўрва тайёрлаб қўйдим, — деди Ҳамида шоша-пиша сўрига кўрпача тўшаб. — Ўтиринг, мен ҳозир ичкаридан косаларни олиб чиқай! Ана, қизингизни қаранг, сизни соғинганидан йиғлаб-йиғлаб ҳозиргина ухлаб қолди…

— Отанг келмадими? — совуқ оҳангда сўради Матназар қизига бир қур кўз ташлаб олиб. — Ё энди келмоқчими? Шунинг учун мени чақириб келдингми?

— Нега унақа дейсиз? Отам бугун умуман келмайди. Ишлари кўп экан. Чақирган бўлсам, сизни соғинганимиз учунгина чақирдим. Ахир, ўзим бормагунимча ўша хотинчангизнинг ёнидан жилгингиз келмайди!

— Бу ҳаёт, Ҳами, — деди Матназар босиқлик билан. — Пешанада шу кунлар бор экан, нима қилай?!. Қўрқма, сенларни ташлаб қўймайман. Фақат анови отанг…

— Қўйинг, ҳозир отамни гапирманг! — Ҳамида секин туриб келиб Матназарнинг елкасига бош қўйди. — У киши қари одам. Ниманиям тушунарди?.. Мен кўндим-ку ҳаммасига! Агар кўнмасам, олдингизга борармидим? Тақдирга тан берганим учун ўзим бош эгиб бордим. Бўпти, мен овқатни сузай! Ҳадемай қизингиз уйғонса, ҳаммаси ўзингизга қолиб кетади…

Ҳамида оқсоқланганича ичкари уйга кирди-да, косалардан бирининг ичига тайёрлаб қўйган заҳарни солди.

— Бўғилиб ўлишингни бир кўрсайдим, хотинбоз! — дея шивирлади у ташқарига ўғринча кўз ташлаб. — Сени худди ана шунақанги заҳарлаб, қийнаб ўлдириш керак. Ўшанда мендайларнинг қадрига етасан…
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Номаҳрам... (4-қисм)