date

Тошкентда хонадонларга ақлли сув ҳисоблагичлар бепул ўрнатилади

Тошкентда хонадонларга ақлли сув ҳисоблагичлар бепул ўрнатилади

Тошкент шаҳрида кейинги 5 йилда 670 мингдан ортиқ истеъмолчига замонавий ақлли сув ҳисоблагичлар “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ маблағлари ҳисобидан бепул ўрнатилади. Бу ишлар “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ ва Франциянинг “Suez” компанияси билан ҳамкорликда олиб борилаётган халқаро лойиҳа доирасида амалга оширилмоқда, дея хабар бермоқда “Тошкент шаҳар сув таъминоти” корхонаси.

Дастлабки синов тариқасида Шайхонтоҳур туманида смарт ҳисоблагичлар ўрнатилди. Эндиликда босқичма-босқич барча туманлардаги хонадонлар ҳам замонавий ҳисоблагичлар билан таъминланади. Ҳисоблагичлар аҳоли учун бепул ўрнатилади.

“Лойиҳа доирасида жисмоний шахсларга – яъни аҳоли хонадонларига смарт ҳисоблагичлар ўрнатилиши кўзда тутилган. Мақсад – ичимлик сувни назорат қилиш ва мониторинг тизимини рақамли технологиялар асосида такомиллаштиришдан иборат.

Аввал қўлланган эски турдаги ҳисоблагичлар таъминотчи корхона ҳамда истеъмолчилар учун ноқулайлик туғдириб келаётган эди. Жумладан, ҳисоблагич кўрсаткичлари ўз вақтида тизимга киритилмаслиги сабабли тўловларда турли тушунмовчиликлар юзага келаётганди. Шунингдек, истеъмолчилар сув сарфи бўйича батафсил маълумотларга эга бўла олишмасди”, - дейилади расмий хабарда.

Янги ҳисоблагичлар эса иккала томон – истеъмолчи ва таъминотчи корхона учун қулайлик яратади. Улар радиомодул орқали маълумотларни масофадан узатади, сув истеъмоли, қувурдаги босим ва ускуналар ҳолати каби кўрсаткичларни ташқи аралашувларсиз ва юқори аниқликда тақдим этади.

Смарт ҳисоблагичга эга истеъмолчилардан кўрсаткичларни биллинг тизимига тақдим қилиш талаб этилмайди. Бундан ташқари, сув сарфи бўйича саволларни шахсий кабинет орқали онлайн кузатиш, тўловларни эса мобил иловалар ёрдамида амалга ошириш мумкин бўлади.

Таъминотчи корхона маълумотларни масофадан йиғиш имкониятига эга бўлади. Бу эса назарда тутилмаган сув йўқотишларининг олдини олишга хизмат қилади. Ушбу имкониятлар сув тақсимотини самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.

Янги ҳисоблагичларга ишлаб чиқарувчи томонидан 5 йиллик кафолат берилади. Кафолат муддати давомида аниқланган ҳар қандай нуқсон техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш шартларига мувофиқ бартараф этилади.

Дастлаб Шайхонтоҳур туманида синовдан ўтган смарт ҳисоблагичларни оммавий ўрнатиш жорий йилнинг учинчи чорагидан Янгиҳаёт туманидан бошланади. Белгиланган жадвал асосида бошқа туманларда ҳам ишлар босқичма-босқич амалга оширилади.

Шаҳар сув таъминоти корхонаси янги ҳисоблагичларни ўрнатиш давомида қувурларда пайвандлаш ёки чилангарлик ишлари бажарилмаслиги, шунингдек фақат эски ҳисоблагичлар янги смарт ҳисоблагичларга алмаштирилишини маълум қилди. Расмий идора истеъмолчилардан ходимларга хонадонга киришга рухсат беришни сўрамоқда.

Жараён билан боғлиқ саволлар юзасидан маҳаллаларда вақтинча ташкил этиладиган штаб мутасаддиларига мурожаат қилиш мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Тошкентда хонадонларга ақлли сув ҳисоблагичлар бепул ўрнатилади