09:27 / 10.09.2018
7 590

Номаҳрам... (19-қисм)

Номаҳрам... (19-қисм)
Мардон кўз очиб юмгунча Бек аканинг ҳовлисига етиб келди. Дарвозага яқинлашаркан, аъзойи бадани титрар, кўзларидан гўёки ўт чақнарди.

— Сенга ким керак? — гарчи танишса-да, важоҳатини кўрган соқчилар Мардоннинг йўлини тўсишди.

— Ким кераклигини биласанлар-ку! — деди Мардон уларга. — Қоч, йўлимни тўсма!

— Мумкин эмас. Бек ака тайинлаганлар.

— Қочасанми-йўқми? — Мардон ўйлаб ўтирмай чўнтагидан тўппонча чиқариб соқчиларга ўқталди. — Қоч, ҳозир итдай ўлиб кетасан!

— Буни қара, — улардан бири шеригига қараб кулиб юборди. — Ҳурматини билмаслик шу-да! Бизни ўлдирармиш…

Тўппонча тутган қўлларидаги титроқ босилиб улгурмай, соқчилар бараварига Мардонга ташланишди ва қуролини тортиб олиб, бир четга улоқтиришгач, қўлларини қайириб ичкарига судрашди.

Шу тобда Бек ака эндигина эгнига костюмини илиб ҳовлига чиққанди. Мардонни олиб киришганига кўзи тушиб ҳушёр тортди.

— Нима айб қилди, бу йигитча? — сўради у соқчилардан.

— Билмадик. Аммо бизни отиб ташламоқчи бўлди, — кулиб жавоб қилди соқчи йигитлардан бири. — Зўрға сақлаб қолдик жонимизни, Бек ака.

— Шунақами? Намунча бу ака-ука одам ўлдиришни яхши кўришмаса-а? Ҳой, тирранча, менинг йигитларим сенга нима ёмонлик қилди? Акаларинг-ку! Келиб-келиб шуларга қўл кўтарасанми?

Мардон бир силтаниб соқчиларнинг қўлидан чиқди-да, у ёқ-бу ёғини тўғрилаган бўлиб Бек акага юзланди.

— Пулларимни қайтариб беринг!

— Нима? Қайси пулларингни?

— Акамнинг сандиғидан олган пулларни айтяпман.

— Биз акангдан пул олмадик.

— Кап-катта одам ёлғон гапиришга уялмайсизларми? Акамни ўласи қилиб калтаклаб пулларни опчиқиб кетишибди-ку одамларингиз!

— Хўш, нима бўпти? Аканг гуноҳ қилиб қўйди. Шунинг эвазига жазоладик, холос.

— Жазоласангиз унинг ўзини жазолайверинг! Менинг пулларимни қайтаринг!

— Тирранча, сен кўп ҳаддингдан ошаверма! — Бек ака Мардонга яқин келиб иягидан кўтарди. — Мен бунақанги майда-чуйда ишлар билан шуғулланмайман, билдингми? Жаҳлим чиқмасидан туёғингни шиқиллатгин-да, ишингни давом эттир! Эрта-индин улуш опкелишинг бор. Ҳаракатингни қил!

— Улуш? Қанақа улуш? Олдин одамларингиз опчиқиб кетган олтмиш минг долларни чўзиб қўйинг!

Бек ака ортиқ ҳеч нима демади. Йигитлардан бирига кўзи билан ишора қилди-ю, индамай машинаси томон йўл олди. Йигитлар эса Мардонни тепкилай-тепкилай ташқарига улоқтиришди…

* * *

— Хўш, ишлар қалай? — Бек ака ўзи қурдирган чойхонага келиб ўтиришгач, чойхоначи келтирган ароқни Ҳусан аканинг қўлига тутқазиб сўради. — Мановини очгин-да, гапир!

— Ишларим ёмон эмас, — деди Ҳусан ака ҳовлидаги фавворага ўйчан боқиб. — Лекин сенинг ишларинг пачавага ўхшаб турибди.

— Нега энди менинг ишларим пачава бўлиши керак?

— Сенга бир гапни айтмоқчи бўлиб юргандим-у, негадир тилим бормаётганди.

— Айт, биласан-ку, барибир айтмасингга қўймайман!

— Қизинг анови Хушвақт билан қочиб кетибди.

— Нима? — беихтиёр ўрнидан туриб кетди Бек ака. — Ким… ким айтди буни сенга?

— Кўрганлар бор. Ўша… Сен бориб келган кунинг Хушвақт қизингникида экан.

— Буни билардим.

— Чиқиб кетганингдан сўнг орадан ўн дақиқаям ўтмай иккови жўнаворибди.

— Қаерга?

— Йигитларимиз аниқлашди. Ҳозир улар водийда эмиш! Шоҳимардонда маза қилиб…

— Ўчир овозингни! Шу бугуноқ мен икковиниям кўришим керак.

— Хушвақтниям-а?

Бек ака бир муддат ўйланиб тургач, хонтахтага муштлади.

— Хушвақтни кўришга кўзим йўқ.

— Тушунарли. Маржонани-чи?

— Уни уйга олиб келинглар! Квартирасини муҳрлаб ташла! Падарига лаънат! Шу қизни сира йўлга сололмадим-сололмадим-да!

— Мен сенга айтганман, — Бек аканинг елкасига қўл ташлади Ҳусан ака. — Она керак қизингга!

— Тўтига ўхшаб бир гапни такрорлайвермасанг-чи, сенам! Онани бошимга ураманми? Маржонани уйга опкелинглар, вассалом! У билан ўзим гаплашаман!

— Хўп, энди ароқни қуйсам бўлар?

— Ароқ қолдирилади. Кетдик! Ҳозироқ киришмасанг кеч бўлади!

Ҳусан ака итоаткорона ўрнидан туриб чойхоначига нималарнидир уқтирган бўлди-да, Бек аканинг ортидан машина томон йўл олди.

* * *

Мардон Бек аканинг хонадонидан шармандаларча ҳайдалгач, машинасини учирганча уйи томон кетиб борарди. Қишлоққа кираверишда — катта йўл бўйидаги садақайрағоч остида мунғайибгина ўтирган Матназарга кўзи тушиб кескин тормоз берди.

Матназар кўйлагининг тугмаларини ечиб олган, қўлидаги дастрўмолча билан қур-қур кўз ёшларини артиб-артиб оларди.

Мардон машинадан тушиб келиб, секин унинг ёнига чўкди.

— Ҳа, ука, қаердан келяпсан? — эшитилар-эшитилмас сўради Матназар узоқ-узоқлардан кўз узмай. — Ишларинг қалай?

— Қалай бўларди? Пулларни кўкка совуриб бўлибсиз-ку! Шундан экан, яхши бўлармиди иш?

— Мен нима қила олардим? Улар кўпчилик бўлса, бас келолмадим. Тепавериб ўласи қилиб ташлашди, ярамаслар.

— Ўша куни камроқ ичиш керак эди. Ароқнинг касофатига қолдингиз. Мениям расво қилдингиз.

— Энди нима қилмоқчисан?

— Нима қилардим? Бошқатдан пул йиғаман…

— Ука, — Матназар бошини кўтариб Мардонга умидвор термилди. — Жон ука, ёнингда пулинг бўлса, беш-ўн сўм ташлаб кет! Нонгаям пулим йўқ, ишонсанг!

Мардон лабларини асабий тишлаб, чўнтагига қўл солди.

— Кечагина юргандингиз бойвачча бўлиб, — деди у битта мингталикни Матназарга зарда аралаш узатаркан. — Энди эса… ўтирибсиз тиланчилик қилиб.

— Нима? — Матназар ялт этиб укасига боқди. — Тиланчилик? Сендан пул сўраганим тиланчиликми? Майли, ма, ол пулингни! Ўлиб қолмасман очимдан! Ол дедим!

— Олсам олаверман, — пулни қайтадан чўнтагига солди Мардон. — Ўзингиз қай аҳволда ўтирибсиз-у, тағин гап кўтаролмайсиз. Сал пастроқ тушинг-да энди!

Матназар индамади. Мардон машинасига ўтириб жўнаб кетгачгина секин ўрнидан қўзғалди-ю, нимадир эсига тушгандек қайтадан жойига ўтирди.

— Хўп, тиланчилик бўлса, тиланчилик-да!

* * *

Кечагина дунёни сўрагудек бўлиб юрган девдай эркакнинг боши эгилса, қиёмат қойим бўлади.

Катта йўл бўйида ўткинчи машиналарга умидвор боққанча мунғайиб ўтирган Матназарни кўрганларнинг кўпчилиги тўхтаб ҳимматига яраша пул ташлаб ўтар, таниган-билганлар бош чайқаб уни кўрсаткич бармоғи билан кўрсатарди…

— Сенга ярашмайди бу иш, — кунларнинг бирида маҳалла оқсоқоли Ҳайдар ака ўтиб кетаётиб атайин Матназарнинг ёнида тўхтади-да, у ўтирган тўнгакнинг бир четига чўкди. — Кучинг бўлса бор, иш юритишни биласан. Кўрмаган кунинг қолмади. Тиланчиликка бало борми?

— Хўш, нима қилай? — деди Матназар қовоғини уйиб. — Туғишган укамдан пул сўрагандим, тиланчи, деб айтди мени. Алам қиларкан. Мана сенга дедим-у, ростакамига тиланчилик қила бошладим.

— Йўқ, бу ишинг бўлмабди. Уканг ҳали ёш. Нимани кўриб қўйибди? Яхшиси, олдига боргин-да, пича пул сўра. Ана ундан кейин бозорга ўтиб ул-бул сотсанг ҳам тирикчилигинг ўтаверади. Худо берса, балки яна бойиб кетарсан.

— Яна ўшанинг олдига бораманми? Бериб бўпти.

— Беради. Мен ўртага тушаман, ука! Тур, ҳозир боргин! Сендан олдинроқ бориб шипшитиб қўяман. Менинг гапимни қайтармайди… Агар мени ҳурмат қилсанг, йўқ дема!

Матназар аслида ҳеч қаёққа бормоқчи эмасди. Оқсоқолнинг сўнгги гапи таъсир қилдими, истамайгина ўрнидан қўзғалиб қишлоқ томон юрди…

* * *

Тўйдан сўнг Матназар укасининг янги ҳовлисига келмаганди. Келин бўлмиш Ойниса серзардагина экан. Ё қайнисининг оғир аҳволда қолиб қарз сўрагани учунми, ишқилиб, олдига дастурхон ҳам ёзмади. Мардон ҳам эътибор қилмаган кўйи Матназарни совуқ қарши олиб, сўрининг бир четидан жой кўрсатди.

— Ука, менга юз минг сўм бериб турмасанг бўлмайди, — оҳиста гап бошлади Матназар ердан бошини кўтармай. — Тирикчилик қилишим керак. Ўлмасам қайтарарман қарзимни.

— Бу гаплар ўтмайди, — деди Мардон. — Қарз сўрашнинг, беришнинг ўз йўли бор.

— Қанақа йўл экан? — ҳайрон бўлиб укасига тикилиб қаради Матназар.

— Шунча вақт пулнинг ичида юриб билмасмидингиз?

— Йўқ. Мен бировга қарз берсам, ҳеч қандай йўл-пўл қидириб ўтирмасдим.

— У замонлар ўтиб кетди, ака! Ҳозир бошқа давр.

— Бўпти, айт ўша йўлингни!

Мардон хотини куймаланиб юрган ўчоқ тарафга бир кўз ташлаб олди-да, давом этди:

— Майли, юз мингни бераман. Аммо бир шарт билан. Икки ойдан кейин бир юз йигирма минг қилиб қайтарасиз.

— Б-бўпти… — кутилмаган шартни эшитган Матназар нафасини ичига ютди.

— Агар айтилган куни пул келиб менинг қўлимга тушмаса, кечирасиз-у… Пул ота-болани ажратган экан… Ҳовлининг ярмини бузиб келишга мажбур бўламан… Тўғриси, бундай қилмоқчимасдим. Сиз мажбур қилдингиз. Хонумонимни анови ифлосларга тутқазиб юбориб мени қаттиқ ранжитдингиз.

— Биламан… Майли, сен шундай қарорга келибсанки, мен розиман!

— Мана бу бошқа гап…

Мардон акаси сўраган пулларни унинг қўлига тутқазаркан, хайрлашиш мавриди келганига ишора қилиб секин ўрнидан турди…

Ўчоқда келин товуқ шўрва пишираётганди. Матназар қорни очлигидан ўчоқ томон бир-икки қараб қўйди-ю, бироқ уй эгалари индамагани сабабли пул ўралган халтачани қўлтиғига қисганча ташқарига чиқиб кетди.
(давоми бор)

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Номаҳрам... (19-қисм)