АҚШ ва Россия президентлари Доналд Трамп ва Владимир Путин саммити якунлари бўйича ҳеч қандай тараққиётга эришилмади, деб ҳисобламоқда Владимир Зеленский атрофидагилар. Бу ҳақда Financial Times мухбири Кристофер Миллер Украина президентига яқин манбаларга таяниб хабар берди.
Украина президентининг исми ошкор этилмаган ёрдамчиси айтишича, Америка томони ҳозирча Зеленский билан алоқага чиқмаган. У вазиятни «жуда ғалати» деб атагани маълум қилинди. Украина етакчисига яқин яна бир суҳбатдош эса Аляскадаги учрашувни «аҳамиятсиз» дея таърифлади.
Шу билан бирга, Трампнинг ўзи матбуот анжуманида яқин орада Зеленскийга қўнғироқ қилиб, саммит натижаларини етказишини билдирди. У, шунингдек, НАТО вакиллари билан ҳам боғланишини айтди ва бу ҳақда қуйидагича қайд этди: «Тез орада НАТО вакилларига қўнғироқ қиламан. Мен ўзим муносиб деб билган бир қатор одамларга қўнғироқ қиламан. Мен, албатта, президент Зеленскийга қўнғироқ қилиб, бугунги учрашув ҳақида хабар бераман», деди у.
Маълумот учун, Трамп ва Путин 15 август куни Аляскада учрашди, якунда ҳеч қандай келишув бўлмади. Президентлар Анкориждаги ҳарбий база ҳудудида музокара олиб борди, шундан сўнг матбуот вакиллари олдига чиқиб, ўз баёнотларини ўқиб эшиттирди. Кейинроқ президентлар журналистларнинг саволларига жавоб бермасдан зални тарк этди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!