22:49 / 10.09.2018
5 775

Номаҳрам... (20-қисм)

Номаҳрам... (20-қисм)
Матназар эртаси куни тўппа-тўғри шаҳар бозорига борди. Лекин нима олиб сотишни, ишни нимадан бошлашни билмас, бир-бирларини туртиб у ёқдан-бу ёққа чопаётган одамларга қараганча, ҳайрон бўлиб турарди.

— Ака, картошка бор, картошка! — бир маҳал катта аравани тўлдириб қоп-қоп картошка юклаб олган ўрта яшар, сочлари устарада қиртишлаб олинган эркак келиб Матназарни туртди. — Қаранг, ҳозир даладан опкелдим буни! Олинг, ака, пулингизга куймайсиз!..

— Олсаммикан? — ўйлаб қолди Матназар гоҳ картошкаларга, гоҳ бозор ичкарисига назар ташларкан. — Оқсоқолнинг ўғлиям қайсидир бозорда картошка сотади, дейишарди. Ана, уйларини данғиллатиб олди. Демак, картошкадаям гап кўп бўлса керак-да!

— Хўп, қанчадан берасиз? — бир қарорга келгандек, эркакка юзланди Матназар.

— Кўтара оласизми?

— Ҳа, кўтарасига.

— Унда-чи… Мен ғирром одаммасман. Ишонмасангиз, ана, бозорни кўринг! Хуллас, тўрт юздан килосига бераверинг. Пулингиз ўзингиз билан кетади. Фойда қилмасангиз, мана, мен кафил!

Бу сўзларга Матназар чиппа-чин ишонди. Ўйлаб ўтирмай, икки юз эллик кило картошкани тарозида торттириб олди-ю, сотувчининг қўлига укаси берган юз минг сўмни санаб берди…

Афсуски, алдашган экан. У ичкаридан амал-тақал жой топиб картошкаларни жойлагач, тутган ишига минг пушаймонлар еди.

Бозорни аввал ўрганмаса қийин-да! Картошканинг нархи икки юз эллик сўмдан ошмас, унинг қаршисига келиб нарх сўраган одамлар бурнини жийирганча нари кетишарди…

Матназар кечгача ўтириб картошкаларни сотиб олган нархидаям сота олмади…

Кечга борибгина, ҳамма бозорчилар нарсаларини йиғиштириб кетишга чоғланган маҳал бир олибсотарга зўрға бир юз элликдан картошкаларни ўтказди…

Энди аламга ботишдан, сўкиниб тўполон кўтаришдан не фойда? Барибир алдаб кетган одамни топа олмасди. Чўнтагига арзимаган пулларни жойлади-да, ҳеч қачон бозорга яқинлашмасликка ўзича қасам ичиб уйига жўнади…

* * *
Матназарнинг хаёлида ҳаммаси тугагандек эди. У фақат бир нарсани ўйлаб яшарди. Қарзни қайтаришига бир кун қолди. Бу тунни ўтказса, эрта тонгда укаси кириб келади ва пулини сўрайди. Шубҳасиз, Матназар у пулларни қайтара олмайди. Ана шунда Мардон ёнига ўзига ўхшаган икки-учтасини олади-ю, уйни бузишга киришади. Онаси раҳматлидан қолган ягона ёдгорлик кунпаякун бўлиб кетади.

Бундай оғир дамларда эркак киши аламини ичкиликдан олмоқчи бўлади. Матназар ҳам чўнтагида қолган бир-икки минг сўм пулга дўкондан ароқ сотиб олди-да, қоронғиликда ҳовли ўртасидаги сўрига чордона қуриб ўтирган кўйи ичкиликка мукка тушди…

— Она-а!.. — орадан бир соатлар ўтиб кайфи ошган Матназар овозининг борича бақира бошлади. — Анови кичкинангиз мени адойи тамом қилди! Қарзга пул берди менга! Эртага келиб уйни бузиб кетади! Мен ёлғизланиб қолдим! Ҳеч кимим қолмади, она! Қаддим букилди! Маҳалла-кўй орасида бош кўтариб юролмас бўлдим! Эртага яна тиланчиликка чиқаман! Шундан бошқа чорам йўқ! Ҳеч ким бери кел, демаса, нима қилай? Бошимни қай деворга урай?

Балки, қўшнилар унинг овозини эшитишгандир? Аммо ҳеч ким бош суқиб бу ҳовлига кирмади.

Матназар анча пайтгача ўзи билан ўзи сўзлашиб сўрида уйқуга кетди.

* * *
— Ҳой ака, бошни кўтаринг! Нима бало, ўлиб-нетиб қолганмисиз? Турсангиз-чи!

Матназар ётган ерида бир-икки қимирлаб олгач, кўзларини ишқалаб ўрнидан қўзғалди.

Тепасида Мардон турарди.

— Кел, ука, кел, ўтир!.. — мулозамат қилди Матназар шоша-пиша кўрпачаларни жой-жойига тўшаб. — Ўтира қол!

— Ўтиришга вақт йўқ, ака! — деди Мардон қовоғини уйиб данғиллама қилиб қурилган қатор-қатор уйларга зимдан назар ташларкан. — Қарзингизни узармикансиз, деб келдим! Тайёрлаб қўйгандирсиз?

Матназар бу гапни укасидан кутган бўлса-да, негадир жаҳли чиқиб кетди.

— Сен мунофиқ экансан! — деди Мардоннинг кўзларига тик боқиб. — Кўзингга фақат пул кўринадиган бўп қопти. Эсингдами, сени мана шу уйда ўз қўлларим билан кўтариб катта қилганман. Сени деб, жигаримни деб не балоларга йўлиқмадим. Эслайсанми, ўша кунларни?

Мардон чирт этиб ерга тупурди-да, қўлларини бигиз қилиб акасини қайириб ташлади.

— Бас қилинг, дийдиёнгизни! Катта қилган бўлсангиз, нима қилай? Ўша қарздан кечасан, демоқчимисиз? Чучварани хом санабсиз. Сиз мени хонавайрон қилиб топган-тутганимни анови ҳамтовоқларингизга тутқаздингиз. Хўш, ўшалар келиб сизга бир сўм қарз бердими? Бериб бўпти! Энди яхшиликка ёмонлик… Айбни менга тўнкаяпсиз.

— Сен бирор марта келиб хабар олдингми? Ит кунини кўриб ўтирибман-ку, шу ерда! Наҳотки, юрагинг шунчалар тош бўлса-а?

— Гапни кўпайтирманг! Эркак киши деган биқиниб олганча ичавермайди, бировдан қарз олволиб. Мундоқ ҳаракатини қилади! Бўпти, гапни калта қилайлик-да, пулларни опчиқинг! Мен кетишим керак. Ишим бошимдан ошиб ётибди.

— Пул йўқ, — деди Матназар бош эгиб. — Пулларинг соврилиб кетди.

— Шунақами? Ўзим сезгандим. Гўл, анқовлигингизни билардим.

— Оғзингга қараб гапир! — кутилмаганда Мардоннинг ёқасидан олди Матназар. — Тилим бор, деб гапиравераркансан-да! Ким сенга ҳуқуқ берди мени ҳақорат қилишга?

Шунда Мардон секин ёқасига ёпишган қўлларни олиб ташлади-да, яшин тезлигида чўнтагидан тўппонча чиқариб, Матназарнинг пешанасига тиради.

— Ие, сен ким бўпсан-у, мени бўғасан? Ё ўлгинг келяптими? Ҳаддингдан ошаверма!

— Ҳали шунақами? Бир қориндан талашиб тушган укам мени ўлдирмоқчи бўлса… Дардимни кимга айтай? Кимга дод дей?

Матназар юраги тўлиб кетганидан тескари ўгирилган кўйи кўзларига ёш олди. — Наҳотки, ўз укам менга қурол ўқталса?

— Бўпти, ваҳима қилаверманг! — тўппончани қайтадан чўнтагига жойлаб совуқ тиржайди Мардон. — Бир қўрқитиб қўяй, дегандим. Юрагингиз жа бақувват…

— Юрагим билан ишинг бўлмасин! Худо бор тепада. Насиб этса, бир кун келиб мана шу ерда оёқларимга бош уриб кечирим сўрайсан. Йўқ, сени қарғамайман. Онамнинг руҳини чирқиратмайман. Худонинг ўзи кўрсатиб қўяди.

— Э, намунча валдирайсиз-а? Кимга зарил кепти, сизни ўлдириб? Маза топармиди одам? Гап бундай, ҳозир бу ерга мардикор йигитлар келишади. Келишганимиздай уйнинг ярмини бузиб кетаман. Хўш, нима дейсиз? Ё хафа бўлдингизми?

— Ўлибманми хафа бўлиб? — тескари қараган ҳолда жавоб қилди Матназар. — Онамиз яшаган, ўша одамдан қолган ягона ёдгорлигимиз эди. На илож? Бузсанг бузавер! Лекин эсингда бўлсин, арвоҳлар чирқираса ёмон бўлади. Кейин пушаймон бўлиб юрмагин!

— Бас қилинг, сафсаталарингизни! Мен ит азобида кўча кезган пайтларимда ўша арвоҳлар келиб ёрдам бериб қўймаган. Шундай экан, бунақа гапларингиз сиғмайди…

Матназар индамади. Укаси чиқиб кетгандан сўнг бирпас ўйланиб турди. Нима қилишни билмай боши қотди…

Охири уйнинг бузилишини кўриб жим тура олмаслигига кўзи етиб кийимларини кийди-ю, кўчага қараб йўл олди.

* * *
Ғам, алам домига тушиб буткул чўкиб қолган Матназар анча кунлардан бери кўча юзини кўрмаганди. Тушга қадар ўтирди ҳамки, сира кўнгли ўрнига тушмади. Аксига олгандек, қорни таталаб борар, ўткинчиларнинг бирортаси пул бера қолмасди.

— «Ўлим яқин кўринади, — кўнглидан ўтказди у тобора яқинлашиб келаётган «Нексия» дан кўз узмай. — Тўғри-да, тағин икки-уч соат шу тахлит оч ўтирсам, бош айлана бошлайди. Устма-уст сигарет тутатиб юборсам, ҳушимдан кетаман. Ана ундан кейин ёруғ дунё билан хайрлашавериш мумкин бўлади. Ахир, ким ҳам мендай ташландиқ, ночор кимсани дўхтирга элтиб қўярди?!»

Шу тобда ҳалиги машина учиб келиб, унинг рўпарасида тўхтади. Матназар яхшилаб назар солди. Негадир ҳайдовчиси танишдек туюларди…

Ҳа, адашмаган экан. Машинадан тушиб ўзи томон келаётган йигит Сарибой эди.

— Ие, ака, бу ерда нима қилиб ўтирибсиз? — Сарибой қучоқ очиб Матназар билан кўришгач, тўнгак устига ўтирди. — Бунча озиб кетибсиз? Тинчликми?

— Сендай укаларим бўла туриб хабар олмагандан кейин озмай, семирайми? — ўпкаланган бўлди Матназар. — Бирортанг шу ёқда бир акамиз бўларди. Ўликмикан, тирикмикан, дейишга ярамайсан.

— Худо асрасин, ака! Совуқ нафас қилманг! Очиғи, ишлар кўпайиб кетди. Тан оламан. Сиздан аллақачон хабар олишим керак эди. Узр… Лекин айбимни ювишга баҳона бор, ака!

— Нима баҳонанг бор?

— Ҳозир тўғри сизнинг уйингизга келаётгандим.

— Йўғ-э, жа опқочасан-да, ўзингам!

— Опқочиш йўқ, ака! Бек акам юбордилар.

— Бек акам?.. — Матназарнинг бирдан ранги ўзгариб тескари ўгирилди. — Нима иши бор экан яна?

— Сизга айтсам, у киши аллақачон қилган ишига пушаймон бўлган. Айниқса, укангиз сотқинлик қилганидан сўнг…

— Укам нимага сотқинлик қилади? — Сарибойнинг сўзини бўлди Матназар.

— Бир ойдан бери думини ушлатмайди Мардон. Қочиб юрибди.

— Ҳа-а, улуш бермаган, дегин! Тўхта, сен қаердасан ўзи, ҳозир?

— Менми? Бек аканикида ишлаяпман.

— Хўш, укам сотган бўлса, менинг нима алоқам бор? Мени нега йўқлайди, ўша Бек аканг?

— Унисини билмадим. Ўзингиз тушунасиз-ку, Бек акам ҳамма гапни айтиб ўтирмайди. Топиб келгин, гап бор, деганди, мен келавердим…

— Йўқ, мен бормайман, — деди Матназар. — Боргулик бўлганим йўқ у ерга.

— Унақа деманг, ака! Ё менга ишонмайсизми?

— Ишонганимда нима?

— Ахир, сизни ёмонликка етакламаганман! Ҳаммаси яхши бўлади. Ака-укачилигимиз ҳурмати, хўп, дея қолинг, жон ака!

— Жа устасан-да, одамни кўндиришга! — кулимсиради Матназар. — Илгариям ялинавериб одамнинг ҳоли жонига қўймасдинг.

— Одат-да, ака, одат!

— Бўпти, аввал бирор ошхонага олиб кир мени! Ўлгудай очман!

— Гап бўлиши мумкинмас. Қани, машинага! Зап акамсиз-да!
(давоми бор)

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Номаҳрам... (20-қисм)