19:12 / 02.10.2018
6 068

Жаҳаннамдаги энг гўзал мактуб

Жаҳаннамдаги энг гўзал мактуб
… Шундайлар бўлмаса эди дунёда,
Бу қадар муҳтарам бўлмасди аёл.
Абдулла Орипов

Атрофни баҳор ўз таровати билан буркаган пайтлар озгина бўш вақтим бўлса, мана шу хиёбонга келиб айланиб юришни яхши кўраман. Бир тарафдан ишхонамизга яқин, бошқа тарафдан деярли кимсасиз. Бошқа боғлардагидек «Кеп қолинг, музқаймоқлар бор!», «Ҳаво шарлари сотиб олинглар, ҳаво шарлари!» дея бақириб харидор чорлайдиган сотувчилардан холи жой. Одам бўлмаганидан кейин сотувчи нима қилсин?! Яна бир ўзига хос тарафи, бу ерда бари ўзимизнинг терагу толлар, ора-сира олчаю, олмалар учраб қолади-ю, улар ҳам шаҳарга мослашиб кетганми, бодроқдек гуллашса-да, деярли мева тугишмайди. Чамаси, бу хиёбон шаҳар хўжалигига қараса-да, кўздан панароқ жойда бўлгани учун унга ажратиладиган маблағни тинчгина ўзлаштириб, битта қоровулу фаррошга ташлаб қўйишганидан сал ёввойилашиб ҳам кетган. Аммо, барибир, чиройли жой. Мен ҳатто ўша фаррошу қоровули ҳам камдан-кам кўзга ташланадиган боғда ўзимни унинг хўжайинидек ҳис қиламан, олисда қолган қишлоғимизни, унинг толу теракларини эслайман. Менинг тубсиз хаёлларимга ҳеч ким халал бермайди. Тўғрироғи, халал беришмасди, аммо бугун… аёл қишининг товуши хаёлимни бузди:

— Аброр ака, жуда чиройли гуллаган! Оппоқ! Ҳаммаси ўша пайтлардагидек!

— Жуда катта бўлиб кетгандир?!

Эркакнинг овози танишдек туюлди-ю, аммо уни қаерда эшитганимни эслай олмадим.

— Мана, ўзингиз ушлаб кўришингиз ҳам мумкин! — аёлу эркакнинг овози қандайдир буталарга чирмашиб кетган чирмовуқлар ортидан келарди. — Шуларнинг бари пишса, дунёнинг олчаси бўлади!

— Эсингдами, илгари уларни егани келардик, аввал довуччасини, кейин пишганини, — эркак кимнидир тергади. — Жим, осилма менга, ағдарилиб кетаман.

— Муроджон, бобонгни тинч қўй, — аёлнинг товуши таҳдидли янгради. — Осилма, дедим! Асли, буни бекор эргаштириб чиқдик! Боғчасига жўнатиш керак эди! Сиз шу ерда ўтира туринг, мен бунга музқаймоқми, бодроқми олиб бермасам, шўхлик қилаверади. Юр, бу ёққа! Ўн дақиқада қайтамиз, бобоси!

Шундан сўнг чирмовуқлар пардаси ортидан уч-тўрт ёшлардаги болакайни етаклаб олган ўрта ёшлардаги аёл тез-тез юрганча боғнинг четидаги катта йўл ёқасидаги дўконлар сари кетди.

Чирмовуқлар панасида, чамаси, ёлғиз қолган эркакнинг ўзича қилган хиргойиси эшитилди:

— Оға соғ борсангиз аввал,
Отамларга салом айтинг.
Югуриб чиққан ул мушфиқ,
Онамларга салом айтинг.

Бу хиргойини айтаётган эркакнинг овози ёдимга бундан йигирма беш-ўттиз йиллар бурун бўлиб ўтган воқеаларни туширди.

* * *

— Шоир бола, уф-ф, сени зўрға топдим-а! Тез ўн иккинчи палатага бораркансан! — эшикдан бош суққан ярадор аскар топшириқ қаттиқ бўлган, шекилли, кетмай без бўлиб тураверди.

— Ҳозир боради, кўрмаяпсанми бандлигини?! — деди менга қишлоқда қолган севгилиси учун хат ёздираётган қўли елкасигача гипсланган аскар бола ўқрайиб. — Жўна, дегандан кейин жўнамайсанми?

— Майли, — деди чопар аскар чўнтагидан сигарет чиқарганча, — деразанинг олдида тураман. Фақат тезроқ бўлсин!

«Шоир бола» — менинг лақабим. Қобулдаги ҳарбий госпиталга Қандаҳордан жўнатишганига бир ойдан ошди. Кўпчилик ярадорларнинг ичида меники энг енгили бўлса-да, қисм шифокори «Етар шунча порох ҳидлаганинг, хизматинг тугашигаям озгина қолибди, сениям Қобулга жўнатаман, биратўла ўша ердан уйингга жавоб берворишади!» деб оталик қилгани учун бу ердаман. Ўқ тешган жойларим аллақачон битиб кетган бўлсаям мени яна ортга, хизмат қиладиган қисмимга жўнатиб юборишдан маъно йўқ. Эрта-индин умуман ҳарбий хизмат муддатим тугагани учун уйимизга жавоб бериб юбориши керак. Зерикишга вақт йўқ. Хат-савод масаласида камлик жойим йўқлиги, бунинг устига чиройли шеърлар, айниқса, қизларнинг исмига мослаб тўртликми-бошқами тўқийверишим туфайли кўпчилик аскарлар уйларига хат ёздиргиси келса, мени чақиришади. Айниқса, севги хатларини қойиллатиб ташлайман! Албатта, қуруққа эмас. Битта хатга бир қути сигарет ёки ҳали биз томонларга етиб бормаган анвойи сақичлардан. Ўз палатамдаги тумбочкамда бунақа сақичлар қалашиб кетган. Майли, сақичларни уйдагиларимга олиб бораман.

— Шоир бола, бўлдингими?! Юр! — оёғидан яраланган йигит қўлтиқтаёққа таянганча бир оёқда қисқа-қисқа ҳатлаб, аччиқ ичакдек узун коридордан мени боришим керак бўлган палатага қараб бошлади.

— Мана, бошлаб келдим, — ўзига топширилган вазифани қойиллатиб қўйгандек ярадор аскар ўзинингми-бошқанингми, ишқилиб, бўш койкага кетини ташлади.

— Сен хатни боплаб ёзаркансан-а?! — товуш келди хонадаги саккизтача койканинг биридан.

— Ҳа, унча-мунча! — Мен товуш келган тарафга аланглаб, каттагина койканинг ярмида ётган, юзи оқ дока билан чандиб ташланган аскарни топдим. — Истасанг, шеърлар ҳам ёзиб бераман.

— Шеърларнинг кераги йўқ! — дея аскар қўли билан пайпаслаб, ёнида ётган қутидан сигарет олди. Бошқа койкада ётган аскар дарров гугурт чақиб тутди.

— Гап мундай! — деди оғзигина бинтланмай очиқ қолган аскар булутдек тутун ҳайдаб. — Бир қизга хат ёзиб берасан.

— Севги хати! — дедим унинг гапини тўғрилаб.

— Йўқ, қанақа севги?! Менда севги қолдими?! — аскар йигит қўли билан оппоқ чойшаб устини силади. — Иккала оёғимниям кесиб ташлашди. Энди ота-онамгагина керак бўлмасам…

Аскарнинг томоғига бир нарса қадалиб, жим бўлди.

— Унда уйдагиларинггами?! — дедим йигитнинг мақсадини тушунмай.

— Уйдагиларимга кейин ёзамиз, аввал ўша қизга ёзамиз, қайлиғимга, — деди йигит ва хаёлга чўмди.

Мен унинг қўшниси ўтирган койкага чўкиб, аввалдан тайёрлаб қўйишган қоғозни қалин бир журналга қўйганча, қўлимдаги ручканинг кетини тишлаган кўйи аскарнинг оғзига тикилдим.

— Ёзяпсанми?! Ёз! «Ҳурматли Муътабархон! Мен бу ерда бошқа бир қизни яхши кўриб қолдим. Сендан узр сўрайман. Шунақа бўлиб қолди. Ҳадемай фарзандли ҳам бўламиз. Хизматим тугаса, унинг шаҳрига кетишимиз ҳам мумкин. Ҳар нима бўлганидаям…» — йигит шу жойгача анча тайёрланганлиги учун равон айтиб турди-ю, кейин жим бўлиб қолди… — Ёзяпсанми?!

Мен йигитнинг «Ҳурматли Муътабархон! Мен бу ерда бошқа бир…» жумлаларини ёзганимдан кейин қолганини ёзсамми, ёзмасамми, деб ўйланиб қолган эдим.

— Ёзяпти! Ёзяпти! — деди ёнимда ўтирган йигит қоғозга кўз ташлаб. — Жуда чиройли ёзяпти! Аммо сен астароқ айтгин-да, пулемётдай тариллатмай, тўғрими?!

— Қаерга келдинг?! — деди йигит ва менинг жавобимни эшитгач, бошини ирғади. — Яхши, рус қизни яхши кўриб қолдим. У жуда чиройли қиз…

Мен ёнимда ўтирган ярадор йигитга қараб, елкамни қисганча қоғозга бошқа гапларни ёза бошладим. «Бошқа бир дунёларга дуч келиб, сени янада яхши кўришимни англадим. Бирга бўлган чоғларимизни яна эсладим. Мендан хавотир олма, кўнглим ҳамон сенга интилади. Балки, тез орада кўришиб ҳам қолсак керак!»

— Ие?! — ёнимда ўтирган аскар бола қоғозга кўз ташлаб, яримжон аскар айтаётган гаплардан бутунлай бошқа нарсаларни ёзаётганимни кўриб қолди ва соғ қўли билан оғзини ёпди.

— Нима бўлди?! — деди хат ёздираётган аскар хавотир олганча докалаб ташланган кўзлари кўрмасаям, ўрганиб кетганидан биз тарафга қараб. — Тинчликми?!

— Тинчлик, тинчлик! — деди аскар қўлимдаги қоғозни ерга ташлаб. — Қоғоз ерга тушиб кетди. Ма, ёз, шоир бола!

— Давом этамиз, — деди йигит чекиб бўлган сигаретини ташлаб юборишлари учун кимгадир узатиб. — Сен жуда яхши қизсан! Мендан ҳам кўра яхшироқ йигитлар кўп! Улардан бирига турмушга чиқ. Мендан умидингни уз! Сендан яна бир бор кечирим сўраб, Аброр. Қобул шаҳри. Сана. Ёзиб бўлдингми?!

— Ҳозир, — дедим мен ёзганларим бўлмиш «Сенга атаб чиройли нарсалардан сотиб олдим. Ҳатто шеър ҳам ёздим.

Олмазор боғи билан,
Ёнида япроғи билан.
Бизни ёр хатлар ёзар
Кичкина бармоғи билан!

Бу шеърни ўзим ёзганим ёлғон, эски қўшиқдан, аммо сенга аталгандай. Хайр, то дийдор кўришгунча сени жонидан ортиқ севувчи Аброр! Қобул. Сана»

— Ёзиб бўлган бўлсанг, бир бошидан ўқиб бер-чи!

Йигитнинг бу талабини кутмаганим учун довдираб қолдим. Ёнимдаги йигит менинг аҳволимни тушуниб, хат битилган қоғозни қўлига олганча Аброр айтиб турган хатни ёдида қолганча ўқиб берди.

— Бўлади! Сал бир-иккита сўзи адашибди-ю, мен айтмоқчи бўлган гапларни бари ёзилибди, раҳмат сенга, биродар! — Аброр ярми бўшаб қолган сигарет қутисини узатди. — Кам бўлсаям шуни ол!

— Қўйсанг-чи, ўртоқ! — дедим унинг қўлини қайтармаслик учун қутидан битта сигарет олиб. — Биттасини олдим. Энди уни конвертга солиб, манзилини ёзиб бераман. Ҳатто почта қутисига ташлаб ўтишим ҳам мумкин.

— Шундай қилақол, савоб қилсанг, бутун қил, дейишади-ю!

Оёқлари кесилган, юзи дока билан чадиб ташланган йигит айтиб турган манзилни конверт юзига ёзишга киришдим.

Сенга катта раҳмат, жўра! Қиз болани нима қиламан бахтсиз қилиб, тўғрими?!

— Билмадим… — дедим кўзларимга қалққан ёшни билдирмай артарканман.

— У жуда чиройли қиз, мен энди унга арзимайман, — йигит бошини бошқа тарафга ўгириб, анча пайт жим бўлгач, гапида давом этди. — Абдусаттор, анави ашулангни айтиб бер, илтимос…

Ёнимда ўтирган йигит тумбочкада турган графиндан сув ичиб, томоғини ҳўллаб олгач, чайқалганча хиргойи қилишга тушди:

— Оға, соғ борсангиз авва-ал,
Отамларга-а салом айтинг,
Югуриб чиққан ул мушфиқ,
Онамларга-а салом айтинг.

Саломат денг, онажоним,
Кўзин зинҳор ёшлатманг!
Йўлимга кўз тикиб турган,
Укамларга салом айтинг…

* * *

— Тезроқ юр, бобонг бизни кутиб қолгандир! — набирасига музқаймоқ олиб берган аёл боғ ичига кириб келди.

Мен уни танимасам-да, ўзимга қараб имладим. Жувон каттакон олча дарахти тагида ўтирган эри тарафга қараб олди-да, набирасига бобосининг олдига боришини тайинлаб, олдимга келди.

— Сизнинг исмингиз Муътабархон-а?! — дедим чирмовуқлар ортидаги эркак эшитиб қолмаслиги учун секин.

— Ҳа-а, нимайди?! — деди жувон ҳам товушини пасайтирганча атрофга аланглаб. — Сизни танимайроқ турибман!

— У кишининг исмлари Аброрми?! — дедим набираю бобонинг қувноқ товушлари келаётган тарафга ишора қилиб.

— Ҳа-а?! — деди аёл ҳадиксираганча. — Сиз ким бўласиз?!

Мен бир зум ўйланиб турдим-да, ўша Афғонистондаги уруш пайти госпиталда ёзилган мактубга илова қилган шеърни ўқидим:

— Олмазор боғи билан,
Ёнида япроғи билан.
Бизни ёр хатлар ёзар,
Кичкина бармоғи билан!

— Вой, сиз ўшами?! — аёлнинг юзи ёришди. — Ўша ёзиб берган хатингиз ҳалиям уйимизда турибди. Аброр акам айтиб турган-да! Ҳалигача у кишига ўқиб бераман.

— Ие, ўзлари ўқий олмайдиларми?! — жувон товушимни кўтариб юборганим учун бармоғини лабига босди.

— Билмасмидингиз, иккала кўзлариям кўр бўлиб қолган! — аёл қўлимдан ушлади. — Юринг, қуролдош ўртоғингиз билан учрашинг!

— Бошқа сафар! — дедим кўз ёшимни кафтим билан сидириб. — Мени кўрганингизни
айтманг, майлими! Мен бу ерга кўп келаман. Балки, яна учрашиб қолармиз! Энг муҳими, сизлар ажралишиб кетмаганингиз! Мен шунга хурсандман!

Аёл мендан хафа бўлгандек бироз паришонҳол турди-ю, эрининг «Бувиси-и! Бувиси-и, қаерда қолдингиз, тез келинг, бунингиз ёзиламан деяпти!» дея чақиргани қулоғига тушиб, кўрсаткич бармоғини: «Қараб туринг!» — дегандек менга ўйнатганча югуриб кетди.

Мен тезда ўрнимдан турдим-да, шоша-пиша зангларини ер баробар осилтирган эски узум токининг панасига ўтиб олдим.

Бир неча лаҳзадан кейин ногиронлар аравачасига ўтқазилган, кўзига қора кўзойнак таққан эрининг олдига набирасиниям ўтқазиб олганча итараб келаётган жувон атрофга аланглай-аланглай ҳозиргина мен туриб кетган эски тахта ўриндиқ ёнига келди ва унда унутиб қолдирган шеърлар тўпламимни қўлига олди.

— Нимага тўхтадик?! — деди Аброр ака хавотирга тушиб.

— Биров китобини унутиб қолдирибди, Аброр ака! — деди Муътабархон кимсасиз боғни бошдан-оёқ қараб чиқаркан. — Шеър китоби экан.

— Китоб бўлса яхши, — деди Аброр ака хотини узатган китобни қўли билан пайпаслаб кўриб. — Ҳамён бўлганда, яна-да яхши бўларди! Ҳа-ҳа-ҳа-а! Қалингина экан! Майли, олиб кетамиз, менга ўқиб бериб юрасиз! Ҳайданг уйга! Аммо-лекин бугун кабобни ўзим пишираман! Ҳеч ким аралашмасин! Ўтган гал Салимжонингизга ишониб, шундоқ куйинди чайнабмиз-а, хоним!

— Ёш-да, дадаси, ёш! Эскилар бекорга айтмаган-ку, «Ёшга иш буюр, орқасидан ўзинг югур», деб! Ҳалимжонингиз ҳам келиб қолса, яхши бўларди. Ҳаммамиз бир дастурхон атрофида жам бўлардик…

Боғни тарк этаётган бобою буви ҳамда набираларни биқинган жойимдан кузатиб қолар эканман, улар олиб кетган яқинда чиққан шеърлар китобимнинг ўнтасига арзийдиган энг гўзал мактубим — аскар мактубини ёзган кунларимни қайтадан ғурур ва фахрга тўлиб эсладим!..
Оллоёр БЕГАЛИЕВ

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Жаҳаннамдаги энг гўзал мактуб