06:31 / 23.10.2018
4 918

Оилани ажрашишга қадар сақлаб қолса бўладими?

Оилани ажрашишга қадар сақлаб қолса бўладими?
«Оилани ажрашишга қадар сақлаб қолиш мумкин эди», - деб ҳисоблайди Сирдарё вилоятида яшаётган, айни пайтда турмушидан ажрашган фуқароларнинг 37,3 фоизлик қисми.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази олиб борган тадқиқотларга кўра, турмушидан ажрашган аксарият фуқароларнинг ҳам фикри шундай: оилани сақлаб қолишнинг имконияти ҳамиша бўлган. Шунга қарамай, никоҳдан ажрашишлар сони камаймаяпти. Нега ёш келин-куёвнинг арзимаган сабабларга кўра ҳаёт йўллари айро кетмоқда?

2018 йилнинг илк ойларидан матбуотда пайдо бўлган ахборотларни таҳлил қилсак, тўй-ҳашамлар, тантана ва маросимларни ихчамлаштириш масаласи энг кўп муҳокама этилган мавзу экани аён бўлади. Ташаббус олий мақом минбардан - шахсан Президент томонидан илгари сурилган бир пайтда, барча матбуот ва жамоатчилик фаоллари бу «иллат» қай йўл билан шаклланиб қолганига эмас, балки унга қарши кураш зарурлигига урғу бераверишди. Аммо натижа қониқарсиздек. Масалан, Сенат аъзоларининг фикрича, «ҳар ким бу масалани онгли равишда идрок этиб, англаб олиши зарур».

Тўй-ҳашам оила ажрашишининг бир томондаги омили, деб билсак-да, «Оила» маркази ўтказган тадқиқотда бошқа омиллар ҳам юзага чиқди. Мисол учун, 2017 йилда нисбатан кам сонли аҳоли истиқомат қилувчи Сирдарё вилоятида қайд этилган ажрашишлар сони (1095та) бошқа барча вилоятларда кузатилган статистикадан ҳам юқори бўлган. Шунингдек, вилоят «умри» 4 ёшга тўлмаган оилаларнинг ажрашиб кетиши билан ҳам «пешқадам». Бу фақат битта вилоятда ҳавола этилаётган, балки «қўрқинчли рақамлар» деб атармиз, аммо уларнинг пайдо бўлишига нима(лар) сабаб бўлмоқда?

Сўнгги 3 йил ичида оиласидан ажрашган жуфтликлардан сўралганда, уларнинг 22,5 фоизи ўзаро тушунмовчилик туфайли оиласи бузилганини тан олган, қўпол қилиб айтганда, ёш жуфтликлар ўзларининг оила қуриш учун анча «хом» бўлгани-ю, турмушнинг «мушт»ига туриб беролмаганини очиқ тан олди. Марказ мутахассислари олиб борган сўровномаларда 15,6 фоиз жуфтлик бефарзандлик оилавий ришталарнинг узилишига сабаб бўлганини кўрсатди. Шунингдек, 15 фоиз респондентлар ёш оиланинг ҳаётига яқин қариндошларнинг фаол аралашуви, ташқи таъсир салбий натижа кўрсатганини айтса, 11 фоизи ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик барчасига нуқта қўйганини афсус-надомат ила таъкидлайди. Ўтказилган сўровларда оилалар барбод бўлишига оғир дардга мубтало бўлиш ё жисмоний зўрлик ўтказиш сабаб бўлганини мос равишда 4,6 ва 4 фоиз респодентлар қайд этишган.

Демак, оилалар инқирозида «тушунмовчиликлар» етакчилик қилмоқда. Албатта, бу турмушнинг илк давриданоқ ажрашиб кетган жуфтликларнинг жавобидан хулоса қилинди.
Мутахассислар нима дейди? Масалан, бефарзандлик ва озодликдан маҳрум бўлиш ҳолати инобатга олинмаса, ажрашиб кетишга мойил ёшлар оилавий ҳаёт асосларини яхши англамайди, мустақил ҳаётга тайёр эмас ва уларнинг аксарияти ўзаро қариндош саналади. Натижада оилада барқарорлик йўқолади, молиявий шароит ёмонлашади, низолар кўпайиб, турар жой билан боғлиқ муаммо юзага келади. Респондентларнинг 45 фоизи турмуш ўртоғининг яқин қариндоши уларнинг оилавий ишларига аралашмаганда ёки оила шахсий турар жойга эга бўлганида ажрашиш юз бермасди, деб ҳисоблайди.

Маълумотларга кўра, 61,2 фоиз ажрашган оиланинг кичик аъзоси аллақачон дунё юзини кўрган. Ота-онанинг муросасиз ихтилофлари туфайли ер юзида тирик етимлар сони яна ортди. Боланинг ўз вақтида таълим ва тарбия топиб, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлиши, тиббий муолажа, ижтимоий ҳимоя ва кўплаб реал масалалар очиқ қолади. Сўровномада иштирок этганларнинг 14,5 фоизи иқтисодий етишмовчилик туфайли оиланинг барбод бўлганини тан олган бўлса, ажрашишдан сўнг, улар фарзандининг «порлоқ келажаги»ни қандай таъминлаб беради? Алимент орқалими?

Ҳатто, бефарзандлик туфайли ажрашиб кетганини тан олган жуфтликлар ҳам кейинги саволлар олдида ожиз қолмоқда. Масалан, шифокор кўригида бўлганми, даволанишга ҳаракат қилганми, турмушга қадар тиббий кўрикдан ўтганми, энг асосий масала – қариндошлар ўртасида боғланган оилавий риштанинг эртанги мевасидан хабардормиди?

«Оилалардаги турли ечилмай қолган муаммолар илдиз отиб, ўта оғир бир дарднинг кўпайиб кетишига олиб келмоқда. Бу бепуштлик хасталиги бўлиб, ҳозир мамлакатимиз миқёсида бу касалликка чалинганлар сони 200 минг нафардан ошиб кетди. Яна кўплаб хасталиклар сабаби ҳам айнан оиладаги шахслараро муносабатларнинг ўзаро номутаносиблиги оқибатидир. Оиладаги вазият ва эр-хотиннинг ёшига қараб, аёлда туғуруқ ёши ва фарзанд кўриш оралиғи тўғри белгиланиши зарур», - дейди Республика репродуктив саломатлик маркази директори, профессор Маҳмуда Каттахўжаева.

Ажрашишларнинг асл замирида бир масала ётибди: оилага тайёргарлик ҳолати қониқарли эмас. Қизларни эрта турмушга бериш, уларни оилага тайёрлашдан кўра муҳим вазифага айланган. Йигитларга уйланиш масъулият ва қадрият эмас, балки шунчаки мажбурият каби кўриняпти. Жинсий алоқа ҳақида гапириш уят бўлган жамиятда бу нарсалар ҳақида мактабда ҳам, коллежда ҳам таълим берилмайди. Қарабсизки, биринчи қониқарсиз натижанинг ўзидаёқ, ёш оила эгалари турмушидан воз кечишни ўйлайди. Молиявий мустақилликка эга бўлиш ва турар жой муаммоси пайдо бўлган оилалар бундай қайғуларни икки баробар тортади.

Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, маҳаллий ҳокимликлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари... Шу каби барча ташкилотлар ваколатига кирувчи вазифалар қайтарилса-да, оила масаласида аниқ ва ягона манзара пайдо бўлмаган. «Ёш оилаларга яратилган имконият» ўз «булоғи»да қуриб қоляпти ё у ҳақда етарли маълумот овоза қилинмаган. Шу туфайли, ажрашган жуфтликларнинг 45 фоизи оилавий низолардан сўнг, юқорида номи таъкидланган ташкилотлардан ҳеч қандай кўмак олмаганини билдирган. Оилани сақлаб қолиш учун бажарилган саъй-ҳаракатлар эса қуруқ суҳбатлар билан чекланмоқда. Айрим ҳолларда, яраштирмоқчи бўлган комиссия аъзоларининг бу масалада уқуви етишмайди, анъанавий гаплардан қутулолмаган. Бу ишнинг уддасидан чиққан тақдирда ҳам комиссия ўз ишидан манфаатдор эмас.

Женева шаҳрида бўлиб ўтган ICPD25+ анжуманида иштирок этган Витгенштейн маркази асосчиси, австриялик демограф Вольфганг Лутцнинг таъкидлашича, оила қуриш тасодифий ҳодиса эмас.

«Агар ўхшатиш зарур бўлса, узоқда кўриниб турган тўсиқни айланиб ўтиш, бирга қадам ташлаш ва йўл танлаш лозим. Кўринган тўсиқни била туриб, унга қарши бориш, «балки, яқинлашсам, туйнук топилиб қолар, балки сакраб ўтиш имконияти пайдо бўлар» каби ғоя билан ҳаракатланиш ижобий натижани бермайди», дейди профессор оилани режалаштириш муҳимлиги ҳақида гапириб.

Ўзбекистонда эса ҳанузгача оилани режалаштириш каби миллий дастур мавжуд эмас, унинг салбий ва ижобий томонлари эса энди ўрганилмоқда. 2012-2016 йилларда республика бўйича ажрашишлар сони ўсиши 58 фоизни ташкил қилган. Бироқ, биргина жавоб барчани умидлантиради: 37,3 фоиз ўзбекистонлик оиласини сақлаб қолиш учун ҳар доим имкон борлигига ишонади. Бу эса оила институтини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни изчил давом эттириб, илмий ва амалий ёндашув асосида оилаларга кириб боришга ундайди.

Шунинг учун, Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 2 февралдаги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ташкил этилиб, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бошқармалари, барча туман (шаҳар) бўлимлари фаолияти йўлга қўйилди. Марказ зиммасига ниҳоятда масъулиятли – Ўзбекистонда оила институти соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш ва мувофиқлаштириш вазифаси юклатилди.
Алишер Рўзиохунов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Оилани ажрашишга қадар сақлаб қолса бўладими?