23:30 / 08.11.2018
8 766

Бир кечалик келинчак… (26-қисм. Учинчи фасл)

Бир кечалик келинчак… (26-қисм. Учинчи фасл)
Эрта тонгда Нафиса уйқудан тиниқиб уйғонди. Онасининг бизнесни номига ўтказишга розилик бергани, бундан буён озгина бўлса-да, волидасига ёрдами тегиши мумкинлигини ўйлаб вужуди фахр туйғусига тўлди. Шундай жўшқин кайфиятда кийиниб, ташқарига йўл олди.

Насиба ҳовлидаги сўрида ўтирганча негадир ўйга толганди. Қизининг ташқарига чиққанини кўрди-ю, шоша-пиша ўрнидан турди.

— Хайрият-эй, кийиниб олибсиз, ойи, — деди Нафиса онасини қучиб. — Хўш, кетдикми?

— Нонушта қилмайсанми? — сўради негадир ҳазин оҳангда Насиба. — Ҳарқалай…

— Йўқ, иштаҳам бўлмаяпти, — деди Нафиса бош чайқаб. — Кафеда кофе ичволарман.

— Менга қара, — деди Насиба отланишга шошилмай. — Ростданам бир қарорга келдингми ё шунчаки жаҳл устида гапирганмидинг?

— Ростдан қўлингиздан ишингизни олишга аҳд қилдим, — деди Нафиса тоқати тоқ бўлиб. — Кеча гаплашдик-ку! Тағин айниб қолдингизми?

— Нега айнийман? — деди Насиба кулимсираб. — Фақат ўқишинг бор, дарсларинг ўлда-жўлда қоп кетмасмикан деб қўрқаман-да! Ҳарқалай, буни университет деб қўйибди. Ўқишга кираётганингда олчоқ домлаларинг жонимни суғуриб олаёзган. Эсингдадир?

— Мен… Кетаман ўқишдан, — деди Нафиса ер чизиб. — Керакмас. Ана, ўқиганларни кўряпман. Бола-чақасини боқолмасдан, арзимаган пулга эртадан кечгача тер тўкишади. Ҳеч ким ҳолинг қалай деб сўрамайди. Менам ўшаларнинг бири-да! Қуриб кетсин! Ундан кўра, сизни дам олдириб қўйсам, қўлингиздан ишингизни олсам, қариган чоғингизда чет элларга обориб айлантирсам, ўшанинг ўзи мен учун университетданам аъло!

— Бекор ўйлабсан-да шуни, — деди Насиба асабий лаб тишлаб. — Олий маълумотли дегани жа катта гап, болам. Бекор ўйлабсан. Аммо… Қайсарлигингни билганим учун индамайман. Майли, ўқимасанг ўқимабсан. Онангам ўқимаган. Билганингни қил. Менинг бахтимга тўрт мучанг саломат юрсанг бўлди. Илойим доғингни кўрсатмасин! Худойимнинг ўзи тўйингни кўрсатиб, невараларимни тиззамда эркалати-иб ўтирадиган кунларга етказсин!

— Ўтирасиз, ҳали эркалайвериб зерикасизам, ойи, — деди кулиб Нафиса ва онанинг қўлтиғидан олди. — Бўлди, кетдик энди! Тезроқ шу ишларни битирайлик!

* * *
Эртаси куни Нафиса илк бор бизнес эгаси сифатида кўчага чиқди.

Тун бўйи ўйланавериб, ўйларининг охирига ета олмай қийналганди.

Уйқусининг ҳам мазаси бўлмади. Бир ҳаяжонланди, бир қўрқди. Онасининг насиҳатлари, маслаҳатлари ёдига тушгач, сал бўшашиб, енгил тортди. Қоқинса, хатоликларга йўл қўйса, барибир онаси қараб турмаслигини билгани боис кўнгли кўтарилди…

У биринчи бўлиб ўзи доим кофе ичиб чиқиб кетадиган кафега кирди. Эрта тонг эканига қарамай, сийракроқ бўлса-да, хўрандалар кафега файз киритиб ўтиришарди. Бар стойкалари қаршисида ўн нафарга яқин эркак ичкилик майдалаш баҳонасида ўзаро суҳбатлашар, официанткаларнинг қўли-қўлига тегмасди.

Нафиса яна бир карра ичкарига ҳиссиз қараб турди-да, ўзи учун ажратилган хона томон юрди. Аммо дарров тўхтади. Устунлардан бирининг орқасини кўрмаган экан. Стол қаршисида Билол ўтирар, сигарет тутатганча бар тарафдан, офицанткалардан кўз узмасди. Ора-орада норози бош чайқаганча ер чиза бошларди.

Нафисанинг кўнгли ғашланиб, сўнгги бор у томон қараб олди-ю, хонага кириш ўрнига овқатлар пишириладиган бурчакка йўл олди.

Бош ошпаз Тўхтасин ака Нафисани кўрди дегунча чопа келиб икки қўли кўксида салом берди.

— Хўш, Тўхтасин амаки, ишлар бешми? — мажбуран бўлса-да, зўрма-зўраки жилмайиб сўради Нафиса. — Шикоят йўқми ишқилиб?

— Нафисахон қизим, бизнинг кафеда ҳаётда шикоят бўлмаган, — деди Тўхтасин ошпаз бош қашиб. — Мана, ўзингиз бош бўлибсиз, насиб бўлса, ишларимиз бунданам юришиб кетади энди!

— Худо хоҳласа, — деди Нафиса яна бир карра Билол ўтирган стол тарафга бош буриб. — Албатта юришади. Амаки, сизга бир топшириқ бор.

— Хўп бўлади, қизим! Биз хизматда! Янги келган товуқ гўшти бор, озгина жиз-биз қилворайми? Агар…

— Йўқ, шартмас, — деди Нафиса. — Ўша жиз-бизингизни қилинг-да, ҳов анави устун ёнидаги стол қаршисида ўтирган одамни кўряпсизми? Ўшанга обортириб беринг! Ҳа, кейин… Тўхтанг!..

Нафиса шоша-пиша сумкачасидан ручка-қоғоз олди-да, қоғозга «Ош бўлсин!» деган жумлани битиб, бош ошпазга узатди. — Мана шуни нон солинган идишга жойлаб қўясиз. Ҳа, ёнига бардан юз грамм ичкилик ҳам қўштиринг. Мен Тилаш акага тайинлаб қўяман!.. Мен… Ҳозир шошиб турибман. Дўконларни айланиб чиқишим керак. Тез обортиринг-да, натижасини тушдан кейин келганимда айтасиз!

— Х-хўп бўлади!

— Фақат пулини олманглар! Менинг номимга ёзиб қўйинг!..

* * *
Иш бошида туриш қанчалар қийинлигини Нафиса шу ернинг ўзидаёқ ҳис эта бошлади. Шошиб тургани етмагандек, ҳали униси, ҳали буниси келиб муаммолардан сўз очар, баъзиларига не жавоб беришни ҳам била олмай, ҳалак бўлди. Бироқ афсусланмади, жаҳли чиқмади. Жиғибийрон бўлмади. Аксинча, унга таъзим бажо айлаган ҳолда яқин келишлари, қўл остида шундай тарбияли, маданиятли, хуш феълли одамлар ишлаётганидан фахрланди. Шу кўйи дўкон айланишни ҳам кейинроққа суриб, хонасига кирди.

Кирди-ю, ўтиришга шошилмай, хонани бирма-бир кўздан ўтказа бошлади. Стол устидан жой олган онасининг суратига тикилди.

Бу суратда Насиба анча ёш, баркамол эди. Лекин барибир жилмайиши сўлғин тус олганди.

— Ойижоним ўзимнинг, — дея овоз чиқариб қўлига суратни олди-да, қайта-қайта ўпди. — Ўзимнинг кенг феълли, метин иродали ойижонимдан ўргилай! Мен ажойиб онанинг фарзандиман-да! Худойим, ўзингга шукр! Мени шу аёл дунёга келтиришини амр қилганинг учун ўзингга беадад шукр!..

Ўз гапларидан кўнгли бўшаб Нафисанинг кўзларига ёш қўнди.

Яна отаси Билол кўз ўнгида гавдаланди. У хаёлида жонланди дегунча сал қурса залга чиқиб отасини узоқдан томоша қилиб тургиси келиб кетди. Бироқ ўзини тийди. Аламми, армонми, йўл бермади.

Кўз ёшларини дастрўмолчасига арта-арта, юмшоқ курсига чўкди.

Шу тобда хона эшиги бир неча марта безовта тақиллаб, бармен Тилаш ичкарига кирди.

Кирди-ю, дарров эшикни ёпиб, ўнғайсизланганча бир жойда туриб қолди.

— Ҳа, Тилаш ака, тинчликми? — унинг туси ўзгарганини кўриб, Нафиса ҳам даст ўрнидан қўзғалди. — Нима бўлди? Нега рангингиз оқариб кетди?

— Анави… Ҳалиги… Прокуратурадан биттаси кепти, — деди Тилаш тутила-тутила.

— Прокуратурадан? Нима иши боракан?

— Э, синглим, уларнинг нимаям иши бўларди? Бизнес сизга ўтганини қулоқма-қулоқ эшитган бўлса, зипиллаган-да дарров!

— Менга ўтса нима қипти?

Нафиса ҳаммасини англаб улгурганди. Прокурорнинг нияти ҳам унга аён эди. Аммо сир бой бермай, Тилашни атайин саволга тутди.

— Ўша ернинг ўзидан кузатвора қолмабсизлар-да! Қани мудир? Раҳим ака қаёққа гумдоон бўлган? Нега мен келганимда шу ерда турмайди?

— Раҳим ака бозорга тушиб кетувди, — деди Тилаш қўрқув аралаш Нафисага ер остидан боқиб. — Масаллиқлар тугай деб қолган экан. Шуларни…

— Бўпти, — унинг гапини кесди Нафиса. — Прокурорни чақиринг буёққа!

— Хўп бўлади!

Тилаш шу гапдан кейин сал енгил тортган кўйи юзига қизил югуриб, ташқарига йўналди. — Ҳозир бошлаб келаман!

* * *
Нафиса ҳали кўзи билан кўрмаган бўлса-да, прокурорнинг кимлигини аллақачон билиб улгурганди.

Ҳа, ўша итсифатнинг қаршисида онаси, жондан азиз волидаси дағ-дағ титраганларини кўрган. Чунки прокурор унинг бошига маломат тошларини ёғдиришдан тийила олмаган. Мелиса, СЭС, солиқ ва шу каби ташкилотларни йўриғига солиб, онасининг қонини ичган. Катта-катта улуш олган. Аёл тадбиркорнинг қўлидан пул олаётганда ҳам бир туки сесканмаган.

«Мен Насиба онам эмасман, — кўнглидан ўтказди у. — Сендақаларминан дангалига гаплаша оламан. Ойимни улушингни берсаям сотишни мўлжаллаганларингга тек қараб турмайман. Жонингни суғурволаман, олчоқлар! Ҳали менинг совунимга кир ювмабсан!..»

Ҳали хаёлларини бир нуқтага жамлаб улгурмай, хона эшиги оҳиста тақиллади. Кейин очилди ва остонада ўрта бўйли, семирганидан бақбақаси иягидан пастроққа осилиб тушаёзган, юпқа лаблари учиб-учиб турувчи қирқ ёш атрофидаги башанг кийинган эркак пайдо бўлди. Нафиса уни жуда яхши танирди. Онаси билан дўконларни айланиб юрган вақтларида нуқул қаршиларидан чиқар, Насибанинг сиқиб сувини ичарди. То улушини бермагунча кўз очишга қўймасди.

— Мумкинми? — йўлига рухсат сўраган бўлди прокурор.

— Кираверинг! Келинг, ўтиринг! — Нафиса стол қаршисидан жой кўрсатди. — Сиз… Ким бўласиз, амаки?..

Афтидан бу саволи ёқмади шекилли, прокурорнинг юпқа лаблари тезроқ уча бошлади.

— Мен шаҳар прокуратураси ходими Асилбек Азизов бўламан! — деди қаддини ғоз тутиб прокурор. Шу аснода афтини бужмайтириб, норозилигини ошкор этган бўлди.

— Танидим, — деди атайин Нафиса сир бой бермай. — Адашмасам, бизнинг томонларга биринчи келишингизмас! Топдимми?

— Топдингиз, — деди Азизов кўрсатилган курсига чўкиб. — Насибахоннинг қизларисиз-ку! Тўғрими?

— Тўғри. Хўш, қайси шамоллар учирди?

— Шамол-ку учиргани йўқ, — шошилмай гап бошлади прокурор. — Локигин кафенгизда тартиб қолмабди! Нима, СЭС анчадан бери қадам босмаганмиди бу ерга? Ходимлар, бош ошпазингизнинг ишига разм солдим. Умуман талабга жавоб бермайди. Бунақада мижозлар касалга чалиниши мумкин-ку, синглим! Ҳатто, деразалар токчалари, ойналар ҳам худди минг йилдан бери нам латта кўрмагандай кирланиб ётибди.

— Муддаонгиз нима ўзи? — гапни калта қилишга уринди Нафиса. — Мен ойим эмасман. Дангалига гаплашишни яхши кўраман. Айтаверинг дардингизни!

— Шунақами? — бирдан сергак тортди Азизов. — Жуда яхши-и! Тушунган одамнинг садағаси кетсанг арзийди. Хў-ўш, унда эшитинг. Биринчидан, кафенгизнинг ўзида бир дунё камчилик бор. Тағинам ҳали ҳисоб-китоб ишларингизминан қизиққаним йўқ. Агар ковлаштирсам, у ерданам бир дунё камомат топаман. Иккинчидан, куни кеча шу ерда муштлашув бўпти деб эшитдим. Айтишларича, кафега кириб келган мижозларни дўппослаб ҳайдаганмишсиз. Агар ёмонликка олсам, мелиса босарди кафени. Лекин бу ишгаям кўз юмиб турибман!

— Менга қаранг, амаки, — деди Нафиса тоқати тоқ бўлиб. — Муддаога ўтайлик.

— У ҳолда менга ҳар ойда улуш бериб турасиз. Эвазига сизни ёмон кўзлардан ҳимоя қиламан. Маъқулми, ё…

— Хўш, қанча сўрайсиз?

— Ойига беш мингдан кўкида.

— Шу холосми? — прокурорга қаттиқроқ тикилиб сўради Нафиса. — Ё ками борми ҳали?

— Бу ой учун ҳозир берасиз. Қолган гапларни йўл-йўлакай гаплашаверамиз.

— Шунақами? Яхши, ҳозир… Агар малол келмаса, ташқарига чиқиб турсангиз! Мен тадоригимни кўриб олдингизга чиқаман! Майлими?

— Албатта, синглим, албатта!..

Прокурор иш бу қадар осон кўчаётганидан қувониб кетдими, ясама мулозамат билан қўлини кўксига қўйганча хонани тарк этди.

* * *
Ёлғиз қолгач, Нафиса истамайгина темир қутини очди. Ичкаридаги пуллардан керагини олди-да, қутини яна қулфлаб, курсига чўкди.

— Олчоқ, ҳаромхўрлар, — дея қарғанди бошини чангаллаб. — Ҳали бу бошланиши бўлса керак. Бироқ бу прокурор кимлигимни билмаскан. Ҳа-а, қайданам билсин!?. Ойим шўрликнинг қўрқоқлиги, соддалигидан фойдаланиб, роса «соғиб» ичишган-да кўплашиб. Мен бўлсам, унақанги қўрқоқлардан эмасман. Ҳозир чиқаман-у, қўлига мана шу сассиқ пуллар солинган конвертни тутқазаман. Ичини очмайди. Дарров киссага уради-ю, жўнаб қолади. Лекин…

Нафиса тезда компьютерни ёқди-ю, қўлидаги смартфонни сим орқали улади. Кейин керакли файлни кўчириб олиб, флэшкага жўнатди. Иши битгач, компьютерни ўчирди.

— Мана шу флэшкани иш жойига боргач, кўради-ю, пайтавасига қурт тушади. Қўрқмай ҳам бўпти! Амалидан айрилиш, буям камдек қамалиш кимгаям ёқарди. Манаман деган зўриям типирчилаб қолади…

Нафиса қўлига оппоқ қоғоз олди ва шундай жумлаларни битди:

«Бу флэшкани очиб ичидагини ўқиб кўришингизни сўрайман. Фақат беҳуда чиранманг! Асл нусхаси менинг ўзимда. Яхши қолинг, амаки!..»

* * *
Нафиса прокурорни кузатиб қўйгандан кейин ҳам кетишга шошилмади. Негаки, биларди, у албатта қайтади. Аммо бир ўзи эмас, ёнида ҳамтовоқлари билан қайтади. Хўш, нима бўпти қайтса? Қўрқади. Барибир қўрқиб қолади. Ҳойнаҳой, қонунни пеш қилишга ўтиб олса керак. Лекин Нафиса қонунни сув қилиб ичиб юборганидан бехабар. Юзига моддаларни айтиб-айтиб ташлагач, тинчланади…

Шу кўйи кафеда жуда узоқ вақт қолиб кетди…

Прокурор негадир қайта қолмади…

Қош ҳам қорая бошлади. Бу орада дўконларидан иш юритувчилар бир неча марталаб қўнғироқ қилишди ҳам. Охири тоқати тоқ бўлди.

«Келишга қўрққан бўлса керак, қўнғироқ қилади барибир», деган хаёлда қўлига сумкачасини олди-ю, залга чиқди.

Кафе ичкарисида мизозлар деярли қолмабди.

Фақат ҳов ўша устун ортидаги стол қаршисида Билол ўтирар, қўлида Нафиса овқатга қўшиб бериб юборган қоғозни айлантирганча у томондан кўз узмас, кўзларидан дув-дув ёш қуйиларди.

«Вой худойим-эй, — отасига узоқдан маъюс тикилганча ич-этини ерди Нафиса. — Мунчаям шафқатсиз бўлмаса бу дунё, худойим? Нега шу бандангга азоб бераверасан? Гуноҳлари бадалини тўлаб бўлди-ку! Раҳмини есанг бўлмайдими? Ё ўлса, тупроқ қаърига кирса бас қиласанми қийноқларингни? Шу одам ўлганиминан қаро ер тўйиб қолмайди-ку!.. Нима қипти асл ҳолига қайтса? Бошқаларга ўхшаб хорланмасдан, хотиржам, қорни овқатга тўйиб, ёруғ дунёдан лаззат топиб яшаса бўлмайдими? Шунчалар бешафқатмисан, худойим?..»

Шуларни кўнглидан кечираркан, беихтиёр Нафисанинг ўпкаси тўлиб келди. Лекин йиғлашга улгурмай қолди.

Дафъатан кафенинг кириш эшиги шарақлаб очилди-ю, ичкарига ўн чоғли, бўйи нақ икки метрли, ашанг кийинган эркаклар кириб келди…

Нафиса ҳеч нарсага фаҳми етмай, бир уларга, бир устун ортидаги стол қаршисида ҳануз ўзига тикилиб қолган Билолга қаради.

Бу орада эркаклар яқин келиб уни ўраб олди.
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бир кечалик келинчак… (26-қисм. Учинчи фасл)