18:21 / 01.12.2018
6 568

Қайнотанинг ҳийласи

Қайнотанинг ҳийласи
Уч кунлик келинчак ўчоқ бошида куймаланиб юраркан, Ўринбой синчи унга тикилди. Хайрият, қозон қайнатмоқчи. Нима қиларкин, қачон пишаркин? Қорин таталаб кетди-ку. Айвондан туриб келинига қичқирди:

— Ойша қизим, кеч бўлганда нима ташвиш?

— Ош, — деди ийманиб келинчак ва кўнгли қайнотасининг «қизим»лашидан алланечук тўлқинланди.

Келиннинг ҳаракатларидан мамнун бўлган бобо ёрдамга ўтди ва талайгина қизил сабзи арчиб, сомонча қилиб тўғради. Доналаб курмак териб ўтирган Ойшанинг қўлидан лаганни олиб гуруч тозалади, кейин бабақ хўрозга дон, оқишоқ сочди.

Бу пайт Ойша берилиб устухон қовурар, зиғир мой ҳиди атрофга тарқалиб иштаҳани қитиқларди. Ачимсиқ тутун ҳидиданми, пиёзнинг аччиғигами келиннинг узун киприклари намланган, ўнг кафтига ёғ сачраб куйганди.

— Болам, девзирани ивитиб қўйдим.

Ойша ўгирилиб қайнотасининг қўлига қаради-ю, идишни деразага қўйганини кўрди-да: «Овора бўлманг, ота!» — деди. Аммо шунчалик секин гапирдики, ўзи ҳам эшитмади.

Бобо ошхонадан чиқиб, тўғри сўри томон юрди ва шойи кўрпага чўзилди.

«Хотин бўмай кет, сутфурушнинг қизи! — дея кампирини койий бошлади ичида. — Нима бало, уйингдан илон чиққанми?! Эрта азон кетувди, ичиям гапга тўлиб кетган экан-да! Ҳали келсин, боплаб сўкмасам, отимни бошқа қўяман!»

У пухта режа тузаркан, темир даричадан «ғийқ» этган нола чиқди-ю, хаёли бузилди.

— Ҳалиям ётибсизми? — сўради кампир эрига тўнғиллаб. — Сулаймон ўлди, девлар қутулди экан-да!?

Ўринбой синчи ҳовли бўйлаб бир қур назар солди-ю, хотини тайинлаб кетган ишлар: на буғдой элаш, на даҳлизча жойдаги беда ўрилмаганини кўриб мавзуни бошқа ёққа бурди:

— Сафарингиз эрта қарибдими, кампир?! Маҳкам бойваччанинг келини бир палов тайёрлабдики. Зиранинг иси, оҳ…

Момо «тарс-тарс» қадам босиб бобонинг қаршисига ўтирди.

— Қорним тўқ, меҳмондан қайтяпман! Қани, ёстиқни олинг-чи!

— А, энди… Сиз емасангиз, биз бормиз… Тўғрими, қизим?

Келин қайнотасининг фикрини маъқуллади. Сўнг дастурхонни ёзиш асносида қайнонасига: «Яхши бориб келдингизми?» — дея мулозамат қилди.

Маҳкам момо ўғил уйлантирган аёлларга хос кибр ила тураркан, тил учида «ҳа» деди-да, келинига буюрди:

— Овқатинг пишган бўлса, опкел! Чолимнинг қорни ич-ичига ёпишиб кетгандир-ов.

— Ҳозир сузиб келаман, ойижон.

Қайнона «ойижон»дан эриб кетди ва чолига қараб «кўрдингизми?» каби қош қоқди.

Беш дақиқа ўтар-ўтмас чинни лаганда паловхонтўра, кетидан кўк чой келтирилди. Чой ошнинг қамчиси-да! Келин чойни қайтариб чол-кампирга узатди, кейин «олинг-олинг» қилинди. Ўринбой синчи рапидадек қўлига бир капкирдек палов олиб ошлади-ю, чайнаш вақтида кўзлари ола-кула бўлиб жавдиради. Томоғини шўр тирнаб қорнигача жароҳатлади. Келиннинг киприклари тез-тез пирпиради. Момо эрининг ҳолатидан шубҳаланди:

— Тузи кўпмикан?

Бобо шоша-пиша ютиниб жавоб қайтарди:

— Бирам мазалики, биров тортиб оладигандек шошилганидан тиқилиб қолди.

Бош ёрилса, қалпоқ остида! Шўрва бўлса экан, сув қўшиб ичаверсанг. Аммо ошга на туз қўшишнинг иложи бор, на сув…

Бобо ҳар ошаганда пиёла-пиёла чой симирар, бировдан такаллуф ҳам кутмас, ёнидагиларни, айниқса, кампирини ошга ундамас, зўр бериб келиннинг айбини ёпишга уринарди.

Ош шўр, бироқ келиннинг мўлтираган нигоҳида бунинг акси кўринарди ва чолнинг андишаси янада ортарди. Хотинининг тикилиб турганидан ўнғайсизланиб шошиб кавшанарди.

… Охирги бир ошам қолганда «тузини кўрай» деб Маҳкам момо қўл чўзди ва қайнота-келинни-да ташвишлантирди. Ўткирлиги бутун маҳаллага маълум кампир камшик тишларини ғичирлатди, гуручнинг таъмини билгач келинига ўгирилди:

— Намунча шўр? Умрингда овқат қилганмисан!?

Келин сесканиб кетди.

— Кампир, — дея гап бошлади синчи, — томоғингизга туз юқиб қолганов! Бир товоқ еб менга ўтмади. Бир чуқими сизга билинса-я? Тағин бўлса, йўқ демайман.

Бобо кампирнинг ҳолатига кулди ва палов келтирмоққа қўзғалган келинига имлади. У қимир этмади. Маҳкам момо қилт-қилт ютинди-да, Ойшага: «Тур, ош опкел!» — дея буюрди. Зум ўтмай бир капкиргина ош солинган лаганни кўтариб келин келди.

Чол енгини шимарди.

— Ўлдирсаям ош ўлдирсин. Шўрмиш! Ҳей кампир, келинимнинг ишидан хато топасиз. Мазасини айтмайсизми!? Қўлинг дард кўрмасин, болам.

Кампир бобойининг иштаҳасини кўриб ўзидан ажабланди. Аммо паловнинг таъмини қайта билишга уринмади.

Ўринбой синчи чайналиб, ўқчиб-ўқчиб қўйди…
О.ЖУМАБОЕВ

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қайнотанинг ҳийласи