Юз йилда инсон бош суяги ўзгаргани аниқланди

Сўнгги юз йил давомида инсон организмида нафақат турмуш тарзи, балки ташқи тузилиш билан боғлиқ айрим биологик ўзгаришлар ҳам кузатилаётгани илмий тадқиқотларда қайд этилмоқда. Шундай ишлардан бири инсон бош суяги шаклининг вақт ўтиши билан сезиларли даражада ўзгариб бораётганини кўрсатди.
Мазкур хулосалар япониялик антропологлар томонидан олиб борилган кенг қамровли илмий тадқиқот натижаларига асосланган бўлиб, улар ХХ аср бошларида яшаган одамлар билан ҳозирги давр вакилларининг бош суяк тузилишини таққослаб чиққан. Тадқиқот натижалари нуфузли илмий нашрлардан бири — “American Journal of Biological Anthropology” журналида эълон қилинган.
Олимлар 1900–1920 йилларда вафот этган инсонларнинг бош суяги компьютер томография маълумотларини замонавий давр — 2022–2024 йилларда яшаган япон аҳолисининг сканерлари билан солиштирган. Таҳлил жараёнида аниқ натижага эришиш учун 3D моделлаштириш ва 161 та анатомик нуқта асосида чуқур ўлчовлар амалга оширилган.
Натижаларга кўра, юз йил ичида инсон бош суяк тузилиши бироз “юмалоқлашган” кўринишга эга бўлган. Илгари кўпроқ учрайдиган чўзинчоқ шакл эса ҳозирги авлодда сезиларли даражада камайган. Бундан ташқари, юз қисмида ҳам ўзгаришлар кузатилган: ёноқ суяклари торайган, юқори жағ бироз кенгайган, бурун тузилиши эса ингичкалашиб, олдинга чиқиши кучайган. Пешона тузилишида қисқариш, қулоқ орти суякларида эса нисбатан катталашиш ҳолатлари қайд этилган.
Тадқиқот муаллифи Сиори Усуининг фикрича, бундай тез ўзгаришларни оддий биологик эволюция билан изоҳлаш қийин. Унинг таъкидлашича, асосий омил — ҳаёт тарзи ўзгариши: болалик давридаги овқатланиш сифати яхшилангани, соғлиқни сақлаш даражаси ошгани ҳамда юмшоқ овқатлар истеъмоли ортгани инсон юз суякларига бевосита таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.
Қизиқарли жиҳатлардан бири шундаки, эркаклар ва аёллар ўртасидаги анатомик фарқлар аксинча кучайган. Эркакларда қош усти суяклари ва юзнинг олдинга чиқиш даражаси янада яққолроқ шаклланган бўлса, аёлларда бу кўрсаткичлар нисбатан юмшоқроқ кўринишга эга бўлган. Бу эса замонавий турмуш тарзи жинслар ўртасидаги фарқларни камайтиради деган аввалги тахминларга бироз зид натижа бўлиб чиқди.
Тадқиқотчилар бу тенденция фақат Японияга хос бўлмаслиги мумкинлигини ҳам таъкидлашмоқда. Уларнинг фикрича, шунга ўхшаш ўзгаришлар бошқа мамлакатларда ҳам учраши эҳтимолга яқин, бироқ бу борада қўшимча ва кенгроқ илмий изланишлар талаб этилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!