Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2013 йилда семизлик бўйича ҳисобот тайёрлади. Ҳисобот 2008-2010 йилларнинг маълумотларига асосланган бўлиб 20 та аҳолисининг семизликка чалинганлар сони энг кўп бўлган давлат рўйхати келтирилди. Улар ичида Мексика аҳолисининг 32,8% семизликка чалинганлиги билан биринчи ўрин, АҚШ эса 31,8% билан иккинчи ўринни эгаллаган. Ушбу рўйхатда Туркия 29,3% билан 9-ўринни, Россия 24,9% билан 19-ўринни эгаллаган.
«The Lancet» журналида 2016 йили чоп этилишича 2025 йилга бориб ер юзидаги 20% аҳоли семизликка чалинади.
Семизлик нима ўзи?
Семизлик бу – касаллик бўлиб, ёғ тўқимасининг тери ости ёғ клетчаткаси, чарви, кўкс оралиғи ва тананинг бошқа жойларида меъёрдан ортиқча ёғ тўпланиши.
Америка эндокринологлари уюшмасининг 23 конгрессида берилган таърифига кўра бу – сурункали касаллик бўлиб, ёғ тўқимасининиг ортиқча тўпланиши билан кечади (“adiposity-based chronic disease (ABCD)”.
Америка метаболик ва бариатрик хирургиялар уюшмасининг 2015 йили берган таърифига кўра семизлик – сурункали, доимий ривожланувчан, кўп факторли, нейропсихологик ҳолат бўлиб, бунда ёғнинг организмда кўпайиши, ёғ тўқимаси вазифасининг бузилиши ва ёғнинг ёндош аъзоларга биомеханик таъсир этиши натижасида киши соғлиғига метаболик ва психологик-ижтимоий таъсир этиши билан кечади (American Society for Metabolic & Bariatric Surgery Updates to the 2014-2015).
Семизлик қадим замонларда тўқчилик, тўла-тўкис таъминланганлик ва бадавлатлилик белгиси бўлган, ҳатто эрамиздан олдинги асрларда ҳам семиз кишилар ҳурмат ва иззатда бўлганлар.
Семизлик қандай юзага келади ва кимларни семиз дейиш мумкин?
Семизлик истеъмол қилинган овқатнинг энергетик қуввати билан организмнинг сарф қилган энергияси ўртасидаги мувозанатнинг бузилиши, яъни кам энергия сарф қилиб кўп қабул қилиш натижасида ортиқча энергия ёғ шаклида тананинг ҳар хил қисмларида тўпланиб қолиши натижасида юзага келади.
Одам организми, эвалюцион тарзда овқат етарли бўлган пайтда уни захира сифатида тўплаш ва овқат етарли бўлмаганда уни сарфлашга мослашган. Бироқ унинг ҳаддан ташқари кўп тўпланиши ва сарф этилмаслиги касалликга олиб келади.
Семизликни келтириб чиқарувчи факторлар:
– кам ҳаракатланиш;
– генетик факторлар, яъни липогенез (ёғ ҳосил қилувчи) ферментлар фаоллигининг ошиши ва липолиз (ёғларни парчаловчи) ферментлар фаоллигининг пасайиши;
– эндокрин касалликлар (гипогонадизм, гипотиреоз, инсулинома);
– нотўғри овқатланиш ёки психологик бузилишлари (овқатланишнинг психоген бузилиши);
– стрессларга берилувчанлик;
– гипоталамус функциясининг бузилиши;
– психотроп дори воситаларини истемол қилиш;
– уйқусизлик;
– гормонал контрацептивларни қўллаш;
– инсулин ва инсулин синтезини кучайтирувчилар истеъмол қилиш.
Ушбу сабабалардан энг кўп учрайдигани кам ҳаракатланиш, нотўғри овқатланиш ва генетик факторлардир.
Қандай ҳолатлар семизлик деб баҳоланади ва у қандай ўлчанади?
Бугунги кунда семизликнинг бир неча даражаси мавжуд ва уни аниқлашнинг ҳам ҳар хил усуллари бор.
Асосан семизликни аниқлашда “Тана вазни индекси”дан фойдаланилади.
Бу килограмларда аниқланган тана вазнини киши бўйини метр квадратига бўлинмасига тенг. Яъни, тана вазни индекси = тана вазни (кг) / бўйи м2
Шунга асосан семизлик даражалари қуйидагича белгиланади:
Тана вазни индекси нормада 18,5-24,9 кг. гача бўлади
– 25-29,9 кг – ортиқча вазн деб айтилади;
– 30-34,9 кг. – семизлик биринчи даражаси;
– 35-39,9 кг. – семизлик иккинчи даражаси ва
– Тана вазни индекси 40 кг. ва ундан ортиқ бўлса семизлик учунчи даражаси ёки морбид семизлик деб айтилади.
– Тана вазни индекси 18,5 кг.дан кам бўлса вазн етишмовчилиги ҳисобланади.
Одам танасида ортиқча ёғ йиғилиши асосан 2 хил кўринишда бўлади. Эркакларда асосан андроид туридаги ёғ йиғилиши кузатилади, яъни ёғ асосан қорин девори ва қорин ичида (висцерал семириш) ва бу олма шаклидаги семириш деб ҳам айтилади.
Аёлларда ёғ асоан гиноид шаклида йиғилади, яъни ёғ сон ва тос соҳасида ва бу нок шаклидаги семириш дейилади.
Андроид Гиноид (Олма шаклида) (Нок шаклида)
Магнитли-резонанс томографиятанадаги ёғ миқдорини аниқлашнинг энг аниқ ва қулай усули ҳисобланади.
Одатда одам организмидаги ёғ миқдори, анализаторли оддий тарозида биоимпидансометрия усули орқали аниқланади.
Семизликни аниқлашнинг усуллари:
Тиббиётда семизликни аниқлашнинг яна бир усули – бу киши бел ҳажмининг сон соҳаси ҳажмига нисбати билан аниқланади. Агар эркакларда бу нисбат 0,8 дан аёлларда эса 0,95 дан ошса беморда марказий (висцерал) семизлик бор деб ҳисобланади.
Бутужаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг классификациясига кўра эркакларда белининг ҳажми 94 сантиметрдан, аёлларда эса 80 сантиметрдан ошса семизлик заминида йўлдош касалликлар ва семизлик асоратлари ривожланиш хавфи ошади.
Семизликда ёғ тўқимаси организмнинг бошқа тўқималари вазифасини бузилишига ва бунинг заминида кўплаб касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.
Семизлик келтириб чиқарувчи асоратлар:
Метаболик синдром — бу организмда метаболик, гормонал ва клиник бузилишлар бўлиб, юрак, қон-томир касалликларини келтириб чиқишига асосий сабаб ҳисобланади. Бу синдромнинг негизида инсулинга сезувчанликнинг бузилиши ётади.
Гастроэзофагеал рефлюкс касаллик — бу меда-ичак тизимининг кенг тарқалган касаллиги бўлиб, қизилўнгачнинг пастки қисмига меда ва ўн икки бармоқли ичак сақланмасининг тушишидир. Рефлюкс асосан семиз, кўп овқат истемол қилишни ёқтирадиган, айниқса кечаси кўп овқатланадиган, кўпинча спиртли ичимликлар, кофе истемол қилувчи ва чекучи кишиларда кузатилади.
Қандли диабет 2 тури — инсулинга резистентликнинг ривожланиши (ҳужайраларнинг инсулин таъсирига берилмаслиги) ва ошқозон ости безида инсулин ишлаб чиқарилишининг бузилишдир.
Юрак ишемик касаллиги (ЮИК) — юрак томирларининг торайиши натижасида уларда қон айланишининг бузилиши.
Миокард инфаркти — юрак мушаклари бир қисмининг ўткир қон етишмовчилиги натижасида ўлиши.
Инсульт — мия қон айланишининг ўткир бузилиши, улардаги артерил қон томирларининг тиқилиб қолиши, торайиши ва бекилиши натижасида содир бўлади.
Гипертония касаллиги — қон-томир тизимининг кенг тарқалган касаллиги бўлиб, артериал қон босимининг ошиши билан кечади.
Сурункали вена қон-томирларининг етишмовчилиги — вена қон томирларида қон айланишининг бузилиши натижасида махаллик кичик томирларда қон айланиши ва тўқималарнинг қон билан таъминланишини бузилишига олиб келади.
Холецистит — ўт пуфагининг яллиғланиши;
Ўт-тош касаллиги — ўт пуфаги ёки ўт йўлларида тош ҳосил бўлиши.
Артритлар — буаутоиммун касаллик бўлиб, бўғинларнинг сурункали ялиғланиши, бўғин олди тўқималар, аъзолар ва организмнинг бошқа тизимларини зарарлайди, шунинг учун ревматоидли артрит тизимли касалликларга киради.
Деформацияловчи остеоартроз — бўғинларнинг сурункали ялиғланишсиз касаллиги.
Умуртқа поғонаси чурралари – умуртқа поғонасини қопловчи тўқиманинг ёрилиши ва қон қуйилиб чурра ҳосил бўлиши билан кечади.
Тухумдонларнинг кўпкистали синдроми — эндокрин касаллик, тухумдонлар катталашган ва кўплаб кичик кисталар бўлиб суюқлик билан тўлган.
Панкреатит — меда соти безининг ялиғланиши.
Жигарнинг ёғли дистрофияси – жигар ҳужайраларида ёғнинг йиғилиши;
Онкологик касалликлар — хавфли ўсмалар, эпителий ҳужайраларининг тез ва тартибсиз бўлиниши натижасида ўсмалар ҳосил бўлади.
Эректилфункциянинг бузилиши — эркакларда семизлик ва тестестероннинг камайиши натижасида эрекция ҳолатига етмаслик ва уни тутиб туролмаслиги ҳамда андрогенодефицитнинг ривожланиши кузатилади.
Бутужахон соғлиқни сақлаш ташкилотининг статистик маълумотига кўра, юрак, қон-томир касалликлари ер юзида ўлимнинг асосий сабабчиси бўлиб, семизлик ва вицерал ёғнинг йиғилиши унинг ривожланишига олиб келади.
Ортиқча вазн ва семизликни даволаш усуллари
Ортиқча вазн ва семизликни даволашнинг асосий усуллари қуйидагилардан иборат:
1. Диетотерапия – истеъмол қилинадиган овқат таркибининг асосий қисмини клетчатка ва витаминлар (мева-сабзавотлар, ёнғоқ, кўкатлар ва бошқалар) ҳосил қилиши ва тез ҳазм бўладиган углеводларни чеклаш (қанд, ширинликлар, пишириқлар, нон, макарон ва олий навли ундан тайёрланган маҳсулотлар);
2. Жисмоний тарбия – спорт билан шуғулланиш, пиёда юриш, гимнастика машқларини бажариш, бадантарбия билан шуғулланишдан иборат;
3. Дори-дармонлар билан даволаш – семизликка қарши дорилар истемол қилиш.
4. Психотерапия усуллари;
5. Юқоридаги даволаш усуллари фойда бермаган тақдирда хирургик даволаш усулларини қўллаш.
Семизликда диетотерапия – кўп йиллик кузатувларнинг натижасига кўра диета орқали муқум натижага эришилмаган. Америкалик психолог Трейси Манни ва унинг ҳамкасблари ўз текширишлари натижасига асосан диета семизликка қарши курашишда фойдасиз усул деб хулоса берган. Бироқ шуни таъкидлаш жоизки семизликка қарши курашишда истеъмол қилинган овқатдан олинадиган энергия миқдори ва жисмоний меҳнатга сарф этиладиган энергия миқдори доимий назорат қилинмасдан яхши натижага эришиб бўлмайди.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тана вазнини камайтиришда сезиларли натижага эришиш учун, организм сарф қилган энергия ҳажмидан 300-500 ккал. кам энергия қувватига эга бўлган овқат истемол қилиши керак, деб тавсия беради.
Психотерапия – бу усул ўз-ўзини бошқариш ҳиссини уйғотишга, овқатга бўлган муносабатни ва у билан боғлиқ одатларни ўзгартиришга, жисмоний ҳаракатни доимий ошириб боришга ва ишончли ижтимоий қувватлаш ҳосил қилишга қаратилган.
Семизликни дори воситалари билан даволаш
Дори воситалари билан даволаш фақат вақтинча тана вазнини камайтиришга ёрдам беради холос, у доимий, муқум вазннинг камайишини таъминламайди. Агар, дори воситалари қабул қилгандан сўнг бемор ўз ҳаёт тарзини ўзгартирмаса, жисмоний ҳаракатни кўпайтирмаса ва овқатланиш бўйича врач тавсияларини тўлиқ бажармаса, тана вазни яна ошиб бораверади.
Дори воситалари билан даволанишда ҳар бир дори воситаси врач томонидан индивидул танланади.
Фентермин (адипекс-П, фастин, ионамин — амфетамин группаси) — норадреналин нейромедиатори сифатида таъсир қилади, аппетитни (иштаҳани) пасайтиради. Невроз ҳолати, бош оғриғи ва уйқусизлик чақириши мумкин.
Орлистат (ксеникал) — меда ости бези липаза ферменти ингибитори. Тахминан 30 фоизга ёғларнинг сўрилишини камайтиради, оч қолиш ҳисини камайтирмайди, бироқ ич кетишига сабаб бўлиши мумкин.
Метформин — углеводлар метаболизмига таъсир қилади, асосан қандли диабет билан боғлиқ бўлган семизликда тавсия этилади
Сибутрамин (меридиа) — серотонин ва норадреналининг ибитори. Гипоталамусда жойлашган тўйиниш ва термогенез марказларига таъсир этади, Ушбу дори воситасини бошқариб бўлмайдиган артериал гипертонияда қўллаш ман этилади.
Флуоксетин (прозак) — антидепрессант, аппетитни пасайтириш учун айрим шифокорлар томонидан тавсия этилади, бироқ муқум фойдалилиги тўғрисида маълумот йўқ.
Лоркасерин (белвик) — 5-HT2C-рецепторлар агонисти, аппетитни пасайтиради.
Бупропион (велбутрин, зибан) — норадреналинва дофаминнинг ингибитори, аппетитни пасайтиради.
Топирамат —эпилепсияга қарши дори воситаси, тана вазнини камайтириш механизми ўрганилмаган.
Налтрексон — опиоид рецепторлар антагонисти, аппетитни пасайтиради.
Лираглутид (виктоза, саксенда) – ГПП-1 рецепторлари агонисти.
Семизликка қарши дори воситаларнинг кўплигига қарамасдан уларнинг ножўя таъсирлари кўплиги сабабли АҚШнинг озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари сифатини назорат қилиш бошқармаси томонидан деярли уларнинг барчасини қўллаш тақиқланган. Бугунги кунда уларнинг атиги 5 таси (орлистат, лоркасерин, фентермин-топирамат, бупропион-налтрексон ва лираглутид) тасдиқланган.
Семизликнинг хирургик даволаш усуллари:
Кўп йиллик тадқиқотлар асосида аниқланишича семизликни даволашда энг юқори, муқум ва кам асоратли натижага фақат хирургик усулда даволаш билан эришиш мумкин. Фақатгина хирургик даво бу муаммони батамом ҳал этиши мумкин. Ҳозирги кунда семизликни даволашда бутун дунёда уч хил хирургик усул энг кўп қўлланилади. Ушбу уч операция амалиёти бариатрик хирургиянинг кўп йиллик эвалюцияси натижасида тана вазнини камайишига энг юқори натижа бериши ва энг кам асоратлар беришига кўра сараланган.
Медани шунтлаш (gastric bypass) энг узоқ тарихга эга ва энг ишончли ҳисобланади. Уни 20 асрнинг 60-йилларида қўллай бошлашган. Бу операция медани “катта ва кичик” бир-бири билан уланмайдиган икки қисмга бўлишдан иборат. “Кичик меда”га ингичка ичак уланади ва овқат қисқа йўл билан йўғон ичакка тушади. Ушбу операция 2 хил таъсирга эга: бири (рестриктив – меда ҳажмининг камайиши) меда ҳажмининг 50 мл. гача камайиши ва иккинчиси эса овқатнинг қисқа йўл орқали ўтиб (малабсорбтив) кам сўрилиши.
Медани бандажлаш. Операция меда билан қизилўнгач орасига силикондан ҳалқа (бандаж) қўйишдан иборат. Бандаж овқатни ўтишига қаршилик кўрсатади ва меда тубидаги рецепторларни қўзғатиб тўйиниш ҳисини уйғотади. Барча замонавий бандажлар бошқарилувчан, яъни бемор ҳолатига кўра овқат ўтказиш ҳалқасини кенгайтириш ёки торайтириш мумкин. Замонавий бошқарилувчан бандаж турини америкалик хирург Любомир Кузмак таклиф этган.
Енгли гастропластика (Sleevegastrectomy). Операция меданинг бир қисмина олиб ташлаш ва уни ингичка трубкага айлантиришдан иборат. Бунда меданинг катта эгрилиги олиб ташланади ва кичик эгрилиги бўйлаб ингичка трубка ҳосил бўлади, ушбу трубканинг ҳажми ҳақиқий меданинг ҳажмидан тахминан 10 баробар кичик ва 150-200 мл.ни ташкил этди. Бу операциянинг асосий таъсир механизми рестриктив таъсирдан иборат. Овқат ингичка трубка орқали ўтиб тезда тўйиниш ҳиссини уйғотади ва меданинг катта эгрилиги, ҳамда тубида жойлашган грелин (оч қолиш гормони) ҳосил қилувчи рецепторлар йўқлиги туфайли оч қолиш ҳисси сўнади. Енгли гастропластика 2004 йилдан бошлаб мустақил операция сифатида қўллана бошланди. Бироқ, охирги илмий тадқиқотларнинг кўрсатишича бу операцияда ҳам тана вазнини доимий меъёрда ушлаб туриб бўлмайди. Вақт ўтиши билан ингичка тубка кенгайиб олдинги меда ҳажмини эгаллаши мумкин.
Бугунги кунда ушбу уч операция туридан ташқари кўплаб операциялар тавсия этилган бўлиб улар камдан-кам қўлланилади. Ҳозирда барча бариатрик операциялар лапароскопик усулда (кесмасиз) оптик толали тизимлар орқали бажарилади.
Яна бир нарсага эътибор қаратиш лозим, пластик хирургияга кирувчи липосакция ва абдоминопластика операциялари семизликка қарши курашиш учун эмас балки маҳаллий эстетик камчилиларни бартараф этиш учун ишлаб чиқилган. Липосакция ва абдоминопластикада тана вазни бир оз камайсада, уларнинг соғлиқни тиклаш учун ҳеч қандай фойдаси йўқ.
Иккинчидан, бу операцияларда тери ости ёғ клетчаткаси олинади, соғлиқ учун зарарли эса ички аъзолардаги ёғ (висцерал ёғ) ҳисобланади. Айрим тадқиқотларда аниқланишича тери ости ёғ қатлами олингандан сўнг ички аъзолардаги ёғ (висцерал ёғ) тез кўпаяди. Шунинг учун семизликка қарши пластик (эстетик) операциялар эса, балки бариатрик операциялар бажарилиши лозим.
Семизликнинг оператив даволаш усули қатъий кўрсатмага эга, бу операциялар шунчаки ортиқча вазни борлиги учун эмас, балки “тана вазни индекси 40 дан юқори бўлганда, бироқ беморда қандли диабет 2-тури, гипертония касаллиги, веналарнинг варикоз кенгайиши, бўғинларидаги муаммолар бўлганда индекс 35 дан юқори бўлса операция қилиниши мумкин. Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра Осиё халқлари учун метоболик синдром белгилари бўлган беморларда ҳатто тана вазни индекси 27 дан юқори бўлса операцияга кўрсатма берилади.
Бугунги кунда Тошкент тиббиёт академияси хирургик касалликлар кафедрасининг клиник базаси, 1-сон шахар клиник шифохонасида ҳам семизликка қарши бариатрик операциялар бажарилмоқда. 30 дан ортиқ семизликка чалинган беморларга оператив даволаш усули қўлланилди ва ортиқча вазнни камайтириш, уни келтириб чиқарган асоратларини бартараф этиш борасида яхши натижаларга эришилмоқда.
Октябрь ТЕШАЕВ,
Тошкент тиббиёт академияси Хирургик касалликлар
кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор
Тошкент тиббиёт академияси Хирургик касалликлар
кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?