Охирги пайтларда ўзингизни ҳаракатга келтириш қийинлашганини, кунни бошлаш учун хоҳиш қолмаётганини сезяпсизми? Уйқудан уйғониш – синов, кунлик вазифаларни адо этиш – юкдек бўлиб қолган бўлса, бу тасодиф эмас. Бу ҳолат организм ички мувозанати бузилганининг аниқ белгисидир, деб хабар берди zamin.uz.
Одатда, инсон организми кунлик фаолияти учун 2000-2500 килокалория энергия сарфлайди. Бу энергия нафақат жисмоний ҳаракат, балки юрак уриши, нафас олиш, ҳатто фикр юритиш учун ҳам керак. Агар организм ушбу эҳтиёжни қоплай олмаса, у ўз захираларидан – яъни мушак ва ёғ тўқималаридан фойдалана бошлайди. Натижада, кундан-кунга ҳолсизлик, уйқучанлик, диққат тарқоқлиги, руҳий тушкунлик ва бош оғриғига дуч келамиз.
Бундай ҳолатнинг пайдо бўлишига кўплаб омиллар сабабчи бўлиши мумкин:
1. Уйқу етишмаслиги ва сифатсизлиги.
Чуқур уйқу давомида организм қайта тикланади. Агар тунда 6–8 соатлик тўлиқ уйқу амалга ошмаса, эрталаб энергиясиз уйғониш муқаррар.
2. Сув танқислиги.
Организмнинг 60–70 фоизи сувдан иборат. Агар керакли миқдорда суюқлик қабул қилинмаса, ҳужайралар фаолияти издан чиқади, чарчоқ ва бош оғриғи каби белгилари пайдо бўлади.
3. Ҳаракатсиз ҳаёт тарзи.
Парадоксал туюлса-да, кам ҳаракат қилган инсон кўпроқ чарчоқни ҳис этади. Жисмоний фаоллик етишмаслиги қон айланишини сустлаштиради ва мия етарли озуқа олмайди.
4. Руҳий зўриқиш ва стресс.
Доимий руҳий босим организмни адреналин остида яшашга мажбур қилади. Бошида қувват берадиган гормонлар вақти ўтиши билан сизни ҳоритади.
Энергия танқислиги қандай намоён бўлади?
Қуйидаги белгилари кузатилса, диққатли бўлиш лозим:
-
доимий ҳолсизлик ва уйқучанлик;
-
бош оғриғи, кайфият бузилиши;
-
диққат сусайиши, иммунитетнинг заифлашиши.
Қачон шифокорга мурожаат қилиш керак?
Агар қувватсизлик:
-
бир ҳафтадан ортиқ давом этаётган бўлса;
-
яхши уйқудан кейин ҳам йўқолмаса;
-
ҳеч қандай руҳий ёки жисмоний фаолликдан кейин ҳам барқарор бўлса;
-
танангизда оғриқлар, соч тўкилиши ёки вазн йўқотиш кузатилса — терапевтга мурожаат қилинг.
Ушбу ҳолат анемия, қалқонсимон без, юрак муаммолари ёки метаболик синдром каби жиддий хасталиклардан дарак бериши мумкин.
Қувватни тиклаш учун нима қилиш керак?
-
Уйқу ва уйғониш вақти барқарор бўлсин.
-
Рационга кўпроқ сабзавот, мева, оқсил ва тўйимли маҳсулотлар киритинг.
-
Камида 1,5–2 литр сув ичишни одат қилинг.
-
Ҳар куни етарли даражада ҳаракат қилинг – пиёда юриш, енгил машқлар ҳам фойдали.
-
Руҳий дам олишга вақт ажратинг: табиатга чиқиш, мусиқий дам олиш ёки медитация қилинг.
Хулоса:
Қувватсизлик – бу шунчаки “уйқум келаяпти” деган баҳона эмас. Танангиз сизни оғриқсиз оғахлантираётган жиддий сигнални юбормоқда. Уни эшитинг, парваришланг ва ўзингизга беқарор ҳаёт услуби ўрнига, барқарор ва соғлом тарзда яшашни раво кўринг.