Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бутун дунё аҳолининг учдан бир қисми йод танқис табиий зоналарда яшайди. Энг хавотирли жиҳати шундаки, бу ҳудудларда яшаётганларнинг 30 фоизидан ортиғи — мактаб ёшидаги болалардир.
Йод етишмовчилиги инсон саломатлиги учун жиддий оқибатларга олиб келади. Айниқса, туғма касалликларнинг кўпайиши, болаларда интеллектуал ривожланишнинг сустлашуви, ҳомилаларда эса мия фаолиятининг бузилиши эҳтимоли ортади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, айни вақтда Ўзбекистонда ҳам йод танқислиги тобора кенгайиб бораётган муаммо сифатида қайд этилмоқда. Айниқса, она ва болалар саломатлиги учун бу ҳолат хавфли саналади.
Ёдланган тузни харид қилаётганда қадоқланишдаги маълумотларга эътибор қаратиш зарур: ишлаб чиқарувчи номи, маҳсулот нави, ёдлаш даражаси, ишлаб чиқарилган сана ва амал қилиш муддати, сақлаш шароитлари аниқ кўрсатилган бўлиши керак. Туз 28°С дан юқори бўлмаган ҳароратда сақланиши керак.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ёдланган туздан кунига 5 грамм — яъни бир чой қошиқдан ортиқ истеъмол қилмасликни тавсия қилади. Бу меъёрга амал қилиш организмнинг нормал ишлаши учун зарур.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!