12:14 / 26.12.2019
4 842

Одамлар ва пуллар

Одамлар ва пуллар
Шаҳардан қайтишда бозорга кирдик. Жўраларим арзонроқ флешка ахтариб, мен олма олгани. Иккита одам ёнма-ён зўрға юрадиган йўлакнинг ҳар икки чети мева-чевага тўла эди. Олма нархларини сўраб у ёқдан-бу ёққа, бу ёқдан-у ёққа ўтдим. Йўлакнинг нариги чеккасида чамаси элликка кирган бир аёл совуқдан қалтираб ўтирарди, у ва унинг олдидаги лимон эътиборимни тортди.

Аёл юпун кийинган, кийими афт-ангоридек кўримсиз, оёғидаги қуйма калишнинг четлари йиртилган. Латта тўрванинг оғзи катта қилиб очиб қўйилган, ичида беш-олти килоча чиқадиган лимон бор. Лимон доналари кичик, устига-устак хом-хатала узилган, пўстлоғида яшил ранг сариқдан кўп. Шунинг учун ҳам олармон йўқ, мен йўлакнинг бошидан охирига бир неча марта бориб келиб, аёлнинг қаршисида биров тўхтаганини кўрмадим.

Аёл сархил мевалар орасидан ўтиб келаётган одамларга мўлтираб қарарди. Менга ҳам бир неча марта қаради. Соат учдан ўтган, ҳадемай декабрь қуёши қисқа саёҳатини якунлаб, тоғ ортига ботади. Кейин аёз қисади, изғирин телба-тентакдай одамларнинг юзига шапалоқ торта бошлайди. Аёл бозорга қачон келган, тонг саҳардами ёки ҳозиргина, бу ёғи менга маълум эмас. Маълуми шуки, у ҳалигача бир кило тугул, битта дона бўлса ҳам лимон сотгани йўқ, тўрвага бундан ортиқ лимон кетмайди.

Юрагимда нимадир уйғонди ва мен шу уйғоқлик ичида аёлнинг қаршисига дадил қадам ташлаб бордим.
— Лимон нечпул?

Аёл нариги томондан келаётган басавлат одамга қараб турган эди, чўчиб тушди. Менга қараб, негадир индамай қолди. Афтидан, тилига бир сўз келмади.
— Лимонни қанчадан сотаяпсиз? — дедим битта лимонни қўлимга олиб.
— Килоси ўн минг!

У бу гапни ҳаяжон билан айтди. Мен ҳали ундан лимон олганим йўқку, шунга қарамай қаримсиқ, ажин тимдалаб ташлаган юзига табассум ёйилди.
— Ҳаммаси беш кило, ука. Қанча оласиз? Кило олмасангиз дона олинг. Тўрт мингга беш дона бераман.
— Нимага арзон? Бозорда ўн мингга лимон тополмайсиз.
— Бу хом узилган. Кўрмаяпсизми, ука? Пул керак эди озроқ...

Аёл қизариб ерга қаради.
— Тарозига қўйинг, ҳаммасини сотиб оламан.

У менга тикилиб қолди. Гапимга ишонмади шекилли? Мен чўнтагимдан пул чиқардим. Эллик минг сўм чиқармикан деб санадим, Худо деган эканман, икки минг сўм зиёд чиқди. Икки мингга олма бермайди. Болаларимга олма олиб келаман дегандим. Майли, ҳечқиси йўқ, келаси сафар олиб борарман.

Лимон беш кило чиқди ва мен аёлнинг қўлига эллик минг сўм тутқаздим.

Биласизми, аёлнинг кўзидан тирқираб ёш чиқиб кетди. Пулни нимчасининг чўнтагига солди, атрофдаги одамлардан истиҳола қилди шекилли, рўмоли билан бетини ёпиб, ортидаги девор тарафга ўгирилиб йиғлади. Кўнглим юмшаб кетди, чуқур хурсиниб, бу ерни тарк этдим.

Жўраларим аллақачон машинага келиб ўтиришган экан.
— Шунча олма олдингми? — сўради Раҳмат.
— Олмамас, лимон.
— Лимон?! Ўлдирдингку мени! Шунча лимонни нима қиласан? Қани мазасини кўрайчи... Э, олган лимонини қаранглар! Хомку бу? Еманглар. Заҳардай аччиқ.

Жўраларим бир лимонга, бир менга қарашди.
— Нечпулга олдинг? — деди Асрор.
— Ўн мингдан килоси.
— Э, арзонига учибсан-да. Беш кило хом-хаталанинг ўрнига бир кило сап-сариқ, ғарқ пишган лимон олсанг бўлмайдими? Шаҳардан келгунча олма олишим керак деб бошимизни қотирдинг. Сени деб кирдик бозорга. Сен бўлсанг...

Мусурмон машинани юргизди. Ярим йўлгача мен ва лимон тилдан тушмадик. Ҳа, мен ва лимон. Ачинарлиси, жўраларим бу лимонни бир бечораҳол аёлдан олдим, деган гапимга эътибор беришмади. Улар мени пулни кўчага сочишда айбладилар.

Қишлоққа етгач, чойхона олдида машинадан тушиб қолдим. Атрофни ғира-шира қоронғулик чулғаган эди. Уйим дашт томонда, сарғайган ёлғизоёқ йўллардан юриб уйга боргунимча қоронғу тушди.

Фарзандларим лимонни кўриб қизиқиб қолишди, лекин ҳеч бири ея олмади. Лимон ҳаддан зиёд аччиқ эди. Кўзимдан ёш чиқиб кетди. Лекин ўзимни қушдек енгил ҳис этдим. Бунинг боиси бор эди. Бу боисни на жўраларим, на оилам билади. Бундан ўн тўққиз йил муқаддам, яъни 2001 йилда қор бемаврид тушиб, май ойида бизнинг асосий тирикчилигимиз бўлган токзорларни совуқ уриб кетганди. Мен ўшанда талаба эдим. Кузда токдан бир бош ҳам узум ололмадик. Ҳар шанба қишлоққа борганимда онам бир ҳафтага етгулик пул топиб қўярди. Уйда бир кило майиз йўқ, пулни қаердан оляптилар, деб роса ўйлардим. Кейин билсам, тоғаларим ёрдам бериб турган экан.

Деразамиз олдида тувакка экилган бир туп лимон бор эди. Унча катта эмасу, лекин серҳосил, баъзан ўн килодан ошириб мева беради.

Бир куни ўқишдан қайтишда бозор ораладим. Чўнтагимда бир чақаям йўқ эди, бирорта ҳамқишлоғимни кўрсам, йўлкирага пул оламан ёки машинасида кетаман деб ўйладим. Ичкарига кирганимда бехосдан кўзим онамга тушиб кетди. Жун рўмолга бошию елкасини ўраб олган онам мева растаси охирида турарди. Ҳайрон бўлиб, ўша ёққа қараб юрдим. Шу совуқда онам бозорда нима қилиб юрибди? Олдиларига боргач, саволимга жавоб топдим, онамнинг оёқлари тагидаги тўрвада беш-олти кило чиқадиган лимон турарди. Лимон хом-хатала узилганди. Донаси ҳам кичик эди. Онам нариги томондан келаётган одамларга мўлтираб тикилиб турарди. Мен тўрвага, сўнг тўрва ёнидаги йиртиқ қуйма калишга қарадим. Биз онани опа деймиз. Опа деганимни биламан онам чўчиб тушиб менга қаради. Кутмаган эканми, менга тикилиб, унсиз қотиб қолди.

Онамга лимонни нега хом уздингиз, совуқда келмасангиз бўларди, деёлмадим. Жавоб тайин эди, мен шу жавобни эшитишни истамадим. Онамнинг ёнига ўтиб, сумкани ерга қўйдим ва онам сингари ўтган-кетган одамларга мўлтираб қарадим. Анор, банан ҳатто ананас харид қилаётган одамлар қаршимиздан ўтаётганда мени ҳаяжон босарди. Улар бизга ўгрилиб қарамасдилар. Мен дам ҳаяжонланар, дам дами чиққан пуфакдай пуччайиб қолардим. Ҳеч ким лимон сўрамасди. Олишмаса олишмасин, бизнинг совқатган юрагимизга озгина бўлса ҳам илиқлик бахш этиб, шунчаки нархини сўраб қўйишмайдими!

Икки соатдан сўнг қалин мўйнали пўстин кийиб олган бир киши қаршимизга келди ва лимоннинг нархини сўради. Онам нархини айтди.
— Тарозига қўйинг, ҳаммасини сотиб оламан, — деди пўстинли киши...

Шониёз Мелибоев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Одамлар ва пуллар