22:00 / 07.06.2020
3 487

Буюк Британияда фаолият юритаётган ўзбек шифокори билан суҳбат

Буюк Британияда фаолият юритаётган ўзбек шифокори билан суҳбат
Ўзбекистонлик шифокорлар дунёнинг турли нуқталарида фаолият юритадилар. Кимдир малака ошириш илинжида, кимдир хорижни кашф қилиш учун, яна кимдир ўз юртида қадр топмаганидан ўксиб олисга йўл олгани энди ҳеч кимга сир эмас.

Kun.uz мухбири хорижий давлатларда ишлаётган ватандош шифокорлар билан туркум интервьюларнинг навбатдагисида Буюк Британияда меҳнат қилаётган тажрибали врач Ниҳола Мадалиева билан суҳбатлашди.

– Ассалому алайкум, аввало ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз.
– Мен, Мадалиева Ниҳола, оилавий шифокорман. 2001 йилда 2-Тошкент давлат тиббиёт институтига ўқишга кирдим. Ўқишни имтиёзли диплом билан битириб, 1-Тошкент давлат тиббиёт институтининг Неврология бўлимида магистратура йўналишида таҳсил олдим.

Магистратурани 2004 йилда тамомлаб, Неврология кафедрасида 2005 йилгача ассистент бўлиб ишладим. Шифокорлик стажим 15 йил. 2005 йилда Буюк Британияга оилам билан кўчиб келдим ва ўз касбим бўйича Борнмут шаҳри шифохонаси (Royal Bournemouth and Christchurch Hospitals) қошидаги Дорсетнинг хорижлик докторлари уюшмасида малака оширувчи шифокор (clinical attache) сифатида иш бошладим.

– Нега айнан шу давлатни танладингиз?
– Очиғини айтадиган бўлсам, дунёнинг ривожланган давлатларининг бирида шифокор бўлиб ишлаш етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган. Бунинг устига яқинларимдан узоқда, мусофир юртда яшаш хаёлимда ҳам йўқ эди. Устига устак, ҳали шифокорликнинг паст-баланд жиҳатларини тўлиқ тушуниб етмаган ёш мутахассис эдим.

Хўжайиним ҳам шифокор, у киши клиник ординатурани битириб, жарроҳ сифатида ишлаётганларига 3-4 йил бўлганига қарамай, профессионал ўсиш йўлида ҳеч қандай ижобий натижа кўринмасди. 2003 йилда турмуш ўртоғим инглиз тилини мукаммал ўзлаштириш ва ривожланган мамлакатлардан бирининг тиббиёт соҳасини ўз кўзлари билан кўриш мақсадида Буюк Британияга йўл олди. Олис юртда икки йилча юриб, касбимизга оид жиҳатларни ўрганиб, бир қарорга келганини айтди.

Гапларига қараганда, у Англияда шифокорлар учун яратилган имкониятларнинг беқиёслигини англаб, ихтиёрий равишда ўша ерда ишлаш, малака ошириш фикрига келганди. 2005 йилда мени ўз ёнига чақирди ва ниҳоят фарзандим билан мен ҳам Буюк Британияга келдим.

Келгандан сўнг дипломимни тасдиқлатиш мақсадида IELTS, PLAB имтиҳонларини топширдим. Ҳужжатларим тасдиқланиб, Британиянинг шифокорлари рўйхатидан ўтганимдан сўнг 2009 йилдан бошлаб ўзимиз яшаб турган ҳудуддаги Қиролликнинг Борнмут шаҳри шифохонасида (Royal Bournemouth and Christchurch Hospitals) терапия бўлимида шифокор бўлиб ишлай бошладим.

Албатта, соҳангиз бўйича имкониятлари бисёр юртда қўллаб-қувватлаш юқори даражада эканини ҳис қилгач, илмий соҳада яна ўсиш, касбингизни янада мукаммал ўрганишни истар экансиз. 2014 йилда Қироллик қошидаги Умумий амалиёт врачи коллежига (Royal college of General Practitioners) ўқишга кириб, уни 2019 йилда тугатдим.

Британияда умумий амалиёт шифокори (оилавий шифокор) бўлиш учун 4 йил (клиник фанларнинг ўзи 3 йил) ўқилади. Бу орада педиатрия, гинекология, психиатрия, ЛОР, кўз касалликлари каби мутахассисликларда 4-6 ойдан ишлаб, малака ошириш зарур бўлади. Чунки оилавий шифокор юқоридаги барча хизматларни кўрсата олиш қобилиятига эга бўлиши муҳим. Мен учун ўқиш жараёни нисбатан узоққа чўзилди, чунки орада яна икки фарзандли бўлдим, уларнинг парвариши учун оналик таътили олдим.

Бугунги кунда Борнмут шаҳрининг хусусий поликлиникаларидан бирида оилавий шифокор бўлиб фаолият юритаман. Турмуш ўртоғим ҳам хусусий поликлиникада умумий амалиёт шифокори бўлиб ишлайди, шунингдек, яна ярим ставкада шаҳар касалхонасининг тез ёрдам (accident and emergency) бўлимида жарроҳлик амалиётларини бажаради. Иккаламиз ҳам Қиролликнинг Шифокорлар мажмуасида доктор Мадалиевлар бўлиб MRCGP (профессор унвони билан тенг) номзоди билан рўйхатда турамиз.

– Ўзбекистон ва Буюк Британия тиббиёти ўртасидаги тафовутлар ёки ўхшаш жиҳатлар қандай?
– Ривожланган давлатлар, шу жумладан Буюк Британия тиббиётида хизмат кўрсатиш анча юқори даражада экани ҳаммага маълум. Илк келганимда мени энг кўп ажаблантирган томони – бу тиббиётнинг давлат фуқаролари учун бепуллиги эди.

Британиянинг Миллий саломатлик хизмати (NHS – National Health Servicе) бутун дунёга машҳур ва ўз халқи тарафидан жуда ҳам қадрланади. Бунинг устига, бу ерда касалликни даволаш эмас, асосан олдини олиш биринчи ўринга қўйилган бўлиб, соғлом турмуш тарзи шифокорлар томонидан илғор равишда тарғиб қилинади ва рағбатлантирилади.

Тафовутларни санайдиган бўлсам вақт етмайди, мен ўхшашлигидан бошлашни афзал кўрдим.

Қироллик тиббиётининг Ўзбекистон тиббиёти билан ўхшаш жиҳатлари, менимча, бу шифокорларида бўлса керак. Ҳар бир шифокор, у қайси давлатда бўлмасин, ўз беморлари учун ҳақиқий малҳам бўлишни, дардини енгил қилишни орзу қилади ва биринчи навбатда шуни дилига тугади. Буни Ўзбекистонда 20 йил олдин бирга ўқиган курсдошларим фаолиятидан билсам, бу ерда эса бирга ишлаётган касбдошларим иш жараёнида кузатаман.

Меҳнатининг ижобий самарасини кўриб, самимий ташаккур эшитиш ҳар бир врач учун ғурур туйғусини уйғотади, касбидан, одамларга ёрдами тегаётганидан фахрланади.

Аммо ачинарлиси (тафовутлардан бири) Британия шифокорларини рағбатлантирувчи молиявий ва маънавий имтиёзлар Ўзбекистон шифокорларига нисбатан анча юқори. Шунинг учун касбга нисбатан меҳр, врач-бемор ўртасидаги ўзаро ҳурмат ҳам Британияда нисбатан юқорироқ.

– Сир бўлмаса, ойига қанча даромад қиласиз ва унинг қанчаси харажатларга кетади?
– Бу ерда маош соатбай ҳисоблангани учун йиллик даромад ҳисобида кўрсатилади, чунки ойлик миқдори ҳар ой учун ҳар хил суммада чиқади. Умумий амалиёт врачининг бошланғич йиллик даромади 57 минг фунт стерлингдан бошланса, бир неча йиллик малакага эга умумий амалиёт шифокори йилига 160 минг фунт стерлинггача олиши мумкин. Бу даромад албатта солиқ ва бошқа социал тўловларни ҳисобга олмаганда.

Европа мамлакатларида яшаш арзон эмас. Содда қилиб айтганда, ҳар қадамингиз пул. Буюк Британия ҳам яшаш қиммат давлатлардан экани ҳеч кимга сир эмас, шунга яраша кундалик ёки ойлик харажатларимиз ҳам анча баланд. Бунинг устига уч фарзандимиз яхши ўқиб етук инсонлар бўлишлари учун яхши боғчаларга, нуфузли мактабларга берганмиз. Булар учун анча пул харажат қилишга тўғри келади, лекин болаларимиз келажаги учун бу зарурлигини яхши тушунамиз.

– Ўзбекистонга қайтишдан сизни нима тўсиб турибди?
– Ўзга юртда истиқомат қилиб фаолият юритишдан асосий мақсад – нафақат етук шифокор бўлиб етишиш ва келажагимизни таъминлаш, балки ўзимизни индивидуал инсон сифатида кашф қилиш эди. Ўзбекистонга ҳар борганимизда яқинларимиз билан қайтишимиз ҳақида кўп маслаҳатлашамиз, аммо ҳар сафар ўзимиз учун айрим саволларга тўлиқ жавоб ола олмай яна хорижга қайтамиз.

Қайтишимиз учун бизни бир ўйлантирадиган яна бир масала – фарзандларимизнинг келажаги.

Улар бугун давлатнинг иқтидорли ёшлари учун махсус ташкил этилган мактабда (Grammar school) ўқишади ва келажакда бизнинг изимиздан қадам қўйиш орзулари бор. Бизнинг орзумиз эса фарзандларимизни шу давлатнинг етук таълим масканларида ўқишлари ва юртимизга қайтиб халқимиз ва яқинларимизга оқилона хизмат қилишларини кўришдир.

Бу нафақат бизнинг, балки ота-оналаримизнинг ҳам орзусидир. Шунинг учун ҳам улар она тилимизни унутмасликлари, балки янада мукаммал ўрганишлари учун қўлимиздан келганча ҳаракат қилдик ва Аллоҳга шукрлар бўлсинки, болаларимиз бугун нафақат инглиз, немис ва француз, балки ўзбек тилида ҳам бемалол суҳбатлаша олишади.

– Коронавирус шароитида Буюк Британия тиббиёти қандай ишламоқда? Умуман, давлат бу синовга тайёрмиди? Сиз ўзингиз бу касалликка қарши курашга жалб қилиндингизми?
– Афсуски Европа, шу жумладан Буюк Британия ҳам коронавируснинг ўчоғи бўлиб қолмоқда. Бунинг сабаблари кўп, дунё янгиликларида кундалик равишда ёритилиб борилмоқда. Коронавирус билан касалланган, вафот этган ва иш жараёнида вирус юқтириб олиб, вафот этган тиббиёт ходимларининг сонини кўрсатишимга ҳожат йўқ деб ўйлайман, чунки бу ҳақда маълумотлар интернет саҳифаларида кўп.

Албатта, давлат учун бу фавқулодда ҳодиса бўлиб, тиббиёти юқори даражада ривожланган мамлакат ҳам бу синовга умуман тайёр эмас эди. Шунинг учун ҳукумат анча саросимага тушиб, чегараларни кеч ёпгани ҳисобига талафот ҳам катта бўлди.

Тиббиётнинг ишлаш даражасига келадиган бўлсак, ҳар бир этап ҳисоблаб чиқилган, касалликнинг енгилдан оғир даражасигача бўлган муолажа протокол/кўрсатма равишда кўриб чиқилиб, тиббиёт ходимларига тарқатилган. Кўрсатмаларга босқичма-босқич қатъиян амал қилинади.

Афсуски, касаллик тарқалишининг олдини олиш учун фавқулодда чоралар кўрилган бўлишига қарамай, янги касалланганлар сони ҳамон камайганича йўқ. Британия тиббиёти evidence-based (исботларга таянган) амалиётга қатъий амал қилади ва вирусни бартараф қилиш учун янги даво усуллари тажрибалар асосида кўриб чиқилмоқда. Оксфорд университети ишлаб чиққан вакцина амалиётда татбиқ этилганига бир ойдан ошди, аниқ натижалар олти ой давомида эълон қилиниши айтиб ўтилган.

Мен COVID-19 бўлимида ишламайман, лекин турмуш ўртоғим вирус билан касалланган беморлар билан бевосита юзма-юз aлоқада бўлади.

– Бу давлатдаги фаолиятингизга доир ва Ўзбекистон учун ноодатий бўлган бирор қизиқ воқеани сўзлаб берсангиз.
– Иш фаолиятимни энди бошлаган пайтларимда Британияда бемор ва шифокор ўртасидаги мунособат мени доимо ажаблантирар эди. Бу ерда нафақат шифокорлар, балки бошқа тиббиёт ходимлари (ҳамшира, физиотерапевт, психологлар)га нисбатан ҳам ҳурмат ва эътибор жуда юқори. Ўз навбатида, тиббиёт ходимларининг ҳам беморларга нисбатан иззати ҳам қойил қоларли даражада.

Беморлар билан суҳбатда асосан уларнинг хоҳиши аҳамиятга олинади, «бугунги қабулдан асосий мақсадингиз нима ва сиз учун қандай ёрдам беришимни ўйлаб кўрдингизми?» деган савол биринчи сўраладиган саволлардан бўлиб, беморлар ўзларини қийнаётган масалада очиқ-ойдин гапиришлари учун имконият яратилади.

Якунловчи саволимиз албатта: «Бугунги маслаҳатлар ва даво режамиз сиз учун тушунарлими? Яна қандай саволларингиз бор?», жумласидан иборат бўлиб, бу беморда шифокор хизматидан қониқишни рағбатлантиради.

Кўп сурункали касалликлар беморларга нафақат жисмоний, балки психологик жиҳатдан хам салбий таъсир кўрсатгани боис, депрессия аломатларига оид савол бериш ва унга қарши курашиш учун тавсиялар бериш суҳбат давомидаги вазифаларимиздан ҳисобланади.

Беморлар ўз ҳолатини ва даво режасини тушуниб, шифокор билан очик баҳс юритишлари доимо рағбатлантирилади. Бу албатта иккала тараф учун ҳам фойдали бўлиб, касалликни нафақат бартараф қилиш, балки икки тарафлама мунособатнинг ижобий якунланишига сабаб бўлади.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Буюк Британияда фаолият юритаётган ўзбек шифокори билан суҳбат