Сўнгги пайтларда яхши воқеа ва ҳодисаларни асосан тушимда кўрадиган бўлганман. Шунга ҳам Оллоҳга шукур дейман. Аввалроқ дунё тиббиёти ва ислом динига тамал тошини қўйган яккаю-ягона юрт – Бухорои шариф тушимга киргани ҳақида ёзгандим. Бу ёқимли туш ижтимоий тармоқларга яшин тезликда тарқалиб кетди. Менинг шахсий почтамга миннатдорчилик хатлари ёғилди. Барча юртдошлар бу тушни ҳам юксак ғурур, ҳам юракда ўкинч билан қайта-қайта ўқишганини ёзишди.
Буюк Бухоро тушга киргандан кейин Хоразм четда қолармиди? Тушимда бундан 1000 йил олдин ташкил этилган Маъмун академиясининг халқаро кенгашида қатнашаётган эканман. Маъмун академияси – дунё миқёсида биринчи бор таъсис қилинган яккаю-ягона академия! Мен ушбу академия аъзоси эканман. Ҳар йили ёз ойида бўлиб ўтадиган “Маъмун мукофоти совриндори”ни тақдирлаш маросими бўлаяпти. Халқаро мукофот билан буюк кашфиёт қилган дунё олимлари тақдирланаркан. Ал Хоразмийнинг васиятига кўра 1000 йил олдин таъсис қилинган ушбу мукофот 5 та йўналиш, яъни математика, физика, кимё, тиббиёт ва иқтисодиёт бўйича бериларкан.
Кенгашга Швеция, Норвегия, Дания, Германия, Англия, Франция, Испания, Швейцария, Италия, АҚШ, Канада, Туркия, Япония, Миср, Хитой, Корея каби ривожланган давлатлардан буюк олимлар ташриф буюрган. Хоразмшоҳ таклифига биноан Англия ва Испания қироллари ва қироличалари ҳам азиз меҳмон сифатида келишган. Улар Шоҳнинг мўътабар меҳмонлари сифатида сувлари маржондек товланадиган Шовот канали бўйида жойлашган Шоҳлар дам оладиган “Шоввотсой” дам олиш масканига жойлаштирилибди. Европа ҳанузгача вертолётда учиб юрган бўлса, бу юртда ёруғлик тезлигидан тез уча оладиган “Учар тарелкалар” учун мўлжалланган махсус майдончалар бор экан.
Июн ойи. Ёз ойи бўлса-да, илиқ шабада эсиб турибди. Меҳмонлар бир ҳафта дам олишибди. Сўнгра янги кашфиётлар яратган олимларни тақдирлаш маросими бошланибди. Маҳобатли Хоразмшоҳ саройи. Сарой эгаллаган территория Рим шаҳридан катта. Шоҳ саройининг баландлиги 30 қаватли бинодек. Остонасидан тортиб эшик тутқичи-ю, сарой гумбазларигача олтин суви юргизилган ва бриллиант тошлар билан безатилган қошинлар кўзни қувонтиради. Улкан сарой тўрида тахтда Хоразмшоҳ савлат тўкиб ўтирибди, унинг ўнг томонида инглиз қироли, чап томонида испан қироли жойлашиб олган. Ал-жабр сирларини ўрганиш мақсадида Хоразмшоҳлар давлатига Европадан ташриф буюрган Билл Гейтс, Илон Маск, Стив Жобс, Марк Цукерберг каби ёш тадқиқотчилар шоҳ ва қиролларга аччиқ чой дамлаб юришибди.
Соврин олиш маросимини ўз кўзи билан кўриш учун дунёнинг турли бурчагидан 5000 нафар олиму фузало ва ёш тадқиқотчилар ташриф буюришган. Уларнинг кўз олдида ҳар соҳадан 5 та олим, жами 25 та олим “Маъмун мукофоти совриндори” бўлибди ва уларни 1 000 000 сўм пул билан тақдирлашибди. Европада 1 млн. сўмнинг қиймати 1 трлн. долларга тенг экан.
Қадимги сарой ичида келажак уфори шундоқ кўз олдингизда намоён бўлади. Замонавий эртакнинг ўзгинаси! Турли тилларда сўзлаётган ва куйлаётган рақамлар, камалак рангида товланаётган голограммалар. Масалан, инсон шаклидаги голограмма йўл кўрсаткич вазифасини бажаряпти, миясидаги фикрини шу заҳоти ўзининг миллий тилида ўқиб 4D режимда шакл берадиган голограмма (менинг фикримни бошқа олим билиб қолмасин деб, фикрламай юрган олимлар ҳам бор экан), ўзи юриб ўзи учадиган рақамлар, инсон тилига кириб сўзлайдиган тирик қушлар... Эй қай бирини айтасиз?
Тантанали тақдирлаш маросими тугагач Хоразмшоҳлар давлатининг қадимий пойтахти Хива ва бошқа ҳудудларга сайру сайёҳатлар бошланибди. Хоразмшоҳлар юртида ҳамма ёқ рақамлашиб кетган. Инсон тасаввурига сиғмайдиган бу кашфиётларнинг адоғи йўқ.
Ҳайратдан ёқасини ушлаган япониялик математик чуқур ўйга толибди: Ҳа! Хоразмшоҳлар давлати рақамлашмай, японлар рақамлашсинми? Ахир, 0 дан 10 рақамигача бўлган сонларни бундан 1000 йил олдин улар кашф қилган-ку! Рақам! Рақам ва яна рақам! Ахир бу дунёни рақамсиз тасаввур қилиб бўладими?
Радио ва телевизорларни ҳам, биринчи компьютерни ҳам, интернетни ҳам, андроид смартфонларни ҳам улар кашф қилган. Ахир хоразмликлар ўйлаб топган Google тизимидан тушадиган пулларга 30 млн. аҳолини бемалол боқса бўлади. Кичик кўзгуга қараб бутун дунё билан гаплашиб ўтирадиган, дунёнинг у четида нималар бўлаётганини айта оладиган ушбу ихтироларни хоразмликлар бундан 70 йил олдин айтишганида европаликлар буни эртак деб тасаввур қилишган. Ҳозир эса бу ҳақиқат! Хоразмшоҳлар юртига пул оқиб келиб ётибди.
Биз японларчи? Япония империясини кенгайтирамиз, деб фақат узоқ шарқ давлатлари билан уришиб келдик. Анави ярамас Хитой ҳам тинкамизни қуритди. Барибир ҳеч нарсага эришмадик. Аксинча Хитой ривожланиб кетди. Яхшиям Ҳоразмшоҳлар сарҳади Хитой чегарасигача чўзилган, деб шивирлабди япон. Бўлмаса, бу Хитой барча юртларнинг бошига бало бўларди? Ана! Уйғуристонни биттаям ўқ узмай икки кунда Хоразмшоҳ ўз давлатига қўшиб олди. Путин эса Кримни ҳанузгача Украинадан тортиб ололмаяпти.
Дунёда йўқ бундай маҳобатли давлат. Бу ёғи Каспий денгизи (аввал Хоразм денгизи деб аталган) атрофлари, у ёғи Волга дарёсигача, бу ёғи Эрон, Ироқ, Сурия ва Туркиягача... Мана Афғонистонни Хоразмдан тортиб оламан деб АҚШ, Англия ва Русия қанча уринди. Бироқ қўлидан ҳеч нарса келмади. Ахир хоразмликлар буюк Навоий ва Бобуршоҳлар ҳоки кўмилган юртни ғайридинларга бериб қўйишармиди?! Шу боис азал-азалдан Афғонистон ҳам Ҳоразмшоҳлар давлати таркибидадур!
Шу пайт Швециядан келган олим ҳам нолиб қолибди. Мана 120 йил олдин Нобелни васиятига кўра “Нобел мукофоти” тавсия қилинган эди. Бироқ 1000 йил олдин таъсис этилган “Маъмун мукофоти” олдида синди-қўйди. Шу боис Нобел мукофоти обрўсизланиб Шнобел мукофотига айланди қолди, дебди ўксиниб швециялик олим.
Англиялик Жек Уитсон, испаниялик Хосе Биллер ва римлик Берлускони каби физик олимлар дам олишни давом эттириш учун махсус учар тарелкада Орол денгизининг қоқ ўртасида жойлашган “Борса келмас” оролига бир зумда бориб қўнишибди. Барча денгизлар ичида сувининг шифобахшлиги, флора ва фаунаси бойлиги, баҳаволиги ва атроф-муҳитнинг гўзаллиги бўйича дунёда тенги йўқ денгиз экан. Шу боис барча сайёҳлар Орол денгизи бўйида дам олишга интилишаркан. Боз устига бу ерда юмурта баракни зўр қилишаркан. Бу ерга турли давлат раҳбарлари ҳам юмурта ейишга келишаркан. Чунки улар Хоразм юмуртасини ейишни жуда хуш кўришаркан. “Борса келмас” инсонни ўзига ром қиладиган табиатга эгалиги боис, бу ерга борган сайёҳ орқасига қайтгиси келмас экан. Шу боис ҳам бу оролни “Борса келмас” дейишаркан.
Уччовлон, яъни Уистон, Хосе Биллер ва Берлускони денгизда қайиқда сайр қилиб суҳбатни давом эттиришибди. Инглиз шаҳзодасининг Хоразмшоҳ ёнида шумшайиб ўтирганини кўрдингми, дебди испаниялик олим Хосе Биллер инглиз олими Жек Уитсонга. Ҳа, тўғри айтасан деб, хўрсиниб қўйибди Уитсон. Хоразмшоҳлар бирин-кетин ўз сарҳадларини кенгайтириб борди ва бу юрт “Буюк Хоразм” деб дунёга таралди. Англиячи? Шотландия ва Ирландия билан қолиб кетди. Агар инглизлар ҳам хоразмликлар каби ақл билан иш қилишганида ҳозир бизнинг юртимиз “Англия” эмас, “Буюк Британия” деб юритиларди. Афсуски ундай бўлмади, дўстим...
Ээ нимасини айтасан? Биз испанларда ҳам “Испан қироли” деган қуруқ ном қолган, холос. Масалан, Америка қитъасини испаниялик Колумб кашф қилган деб юрардик. Бундан 30 йил олдин Хоразмга келганимда “Америка кашф қилиниши” деган маъруза билан лицейда маъруза қилдим. Ёш ўқувчилар кулиб юборишди. Булар нега кулишади, деб ёнимдаги йигитдан сўрасам, аслида Американи бундан 1000 йил олдин Абу Райҳон Беруний кашф қилган экан. Ер ёрилмади, ерга кирмадим.
Испания қироллиги ҳам, Англия қироллиги каби парчаланиб кетди. Илм-фан орқада қолиб кетди. Нега?! Масалан, бутун дунё халқлари хоразмча гаплашади. Хоразм тили дунё тилига айланди, илм-фан тилига айланди. Нафақат рақамларни Хоразм эгаллади, балки сўзлашувни ҳам улар эгаллади. Агар инглизлар хоразмликлар каби ақлли ва якдил бўлишганида, ҳозирда дунё халқларини бирлаштириб турувчи тил хоразм тили эмас, инглиз тили бўларди.
Тавба, деб гапга қўшилибди римлик олим Берлускони. Хоразмшоҳ саройи эгаллаган территория бугунги Рим шаҳридан катта. Рим қандай давлат эди? Парчаланиб кетди-я. Хоразмликлар бундан 1000 йил олдин юлдузларни кашф қилишган бўлса, италияликлар XXI-асрда ҳам катта қозонда спагетти тайёрлаб Гиннеслар китобига киришни орзу қилиб, мақтаниб юришибди. Мана Хоразмлик Машарип ер шарини қамраб оладиган юқори тезликли Wi-fi тизимини яратяпти. Шуни Илон Маск яратса бўларди-ку! Бизда Римдаги интернет тезлиги худди тошбақа тезлигидек... Римда иқтисодиёт ноль бўлса-да, ўтган йили рақамли иқтисодиёт ва гуркираб ривожланиш йили деб эълон қилинди.
Бу йилни айтмай қўя қолай, уяламан дебди Берлускони. Хосе Биллер қизиқиб қолибди. Айт! Илтимос қизиқиб кетаяпман, дебди. Бу илтимосга Уитсон ҳам қўшилибди: Мен ҳам қизиқиб кетаяпман, айтақол дебди у. Бу йил “Учинчи ренессанс” йили деб эълон қилинди деб кўзини олиб қочибди. Леонардо до Винчи гўрида тик турган бўлса керак. Италияда свет йўқ, газ йўқ, интернет тошбақа тезликда. Ахир учинчи ренессансни тушимда кўраманми? Хоразмликлар ҳамма яхши нарсани ўнгида кўрса, мен италиялик бечора уларни тушимда кўраман, тушимда дебди, ўксиниб.
- Хафа бўлма, нафақат Италияда, балки бутун Европа давлатларида ерости бойликлари йўқ. Ҳаммаси привозной деб ўрисча гапириб юборибди инглиз. Хоразмнинг ерости бойликлари битмас-туганмас. Уларнинг ер усти бойликлари – булар Ал Хоразмий, Беруний, Нажмиддин Кубро, Замахшарий ва ҳ.к. Ахир бизда Галилей, Коперник ва Колумбдан бошқа ҳеч ким йўқ-ку! Улар ҳам Ал Хоразмий ва Беруний ишларидан кўчиришган. Демак улар плагиат бўлган. Шунинг учун ҳам биз европаликлар ҳақиқий илм ўрнига плагиатлик билан шуғулланамиз. Плагиатлик бизга Галилей ва Коперникдан қолган.
Эрамиздан 300-400 йил олдин яшаб ўтган Арасту ва Платон айтган гаплар аслида эрамиздан 500-600 йил олдин ёзилган “Авесто” китобида мавжуд. Бу китоб ҳам Хоразмда битилган. Ана кўрдингми? Демак Арасту ва Платон ҳам плагиат бўлган...
Шу пайт “Сут сотаман, қатиқ сотаман” деган овоздан уйғониб кетдим. Мен институтимиз ёнгинасидаги “дом”да яшайман. Ҳатто кўчанинг у томонидаги институтимиз ўқув хоналари менинг уйимдан кўриниб туради. Шундоқ ойнадан қарасам, анатомия устозимиз, машҳур профессор маҳаллада эрта саҳардан сут-қатиқ сотиб юрибди. Кўзларимни уқалаб шундоқ рўпарага қарасам “Наврўз муборак” деган катта шиорни институтимиз пештоқига осишяпти. Институт ҳовлисида катта дошқозонда сумалак пишаяпти. Ҳа, тарихдан қолган яккаю-ягона бойлик – бу сумалак! Тўсатдан Хожибой Тожибоев сўзлари хаёлимдан ўтди: Нобелни ўйлаб топган бир пиёла сумалакка арзийди, холос. Демак сумалак – бу бизнинг жуда катта кашфиётимиз!
Зарифбой Ибодуллаев,
21 март 2021 йил
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
21 март 2021 йил
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Абдусалом Азизов Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашига ўтказилди
Европа Чемпионлар Лигасининг 5-турида қандай натижадар қайд этилди?
Филиппинда амалдор президент ва рафиқасини ўлдириш учун қотил ёллади
Максим Шацких "Истиқлол"га қарши ўйин олдидан нималар деди?
Хонанда Муниса Ризаева илк марта она бўлди