2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга пасайтирилди. Солиқ тўловчиларнинг тоифаси, солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби, солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатлари эса ўзгармайди.
Нархлар арзонлашиши мумкинми?
Қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизгача туширилиши, албатта, бизнес ва аҳоли учун ижобий сигнал. Бу, идеал шароитда, назарий жиҳатдан, яратилаётган ҳар бир маҳсулот харажатлари 3 фоизга арзонлашаётганини билдиради. Аммо реал ҳолатда нархлар пасайиши мумкинми?
Биринчидан, солиқлар пасайтирилиши эркин рақобат шароитидагина нархлар тушишига олиб келади. Яъни бозорда маҳсулот етказиб берувчи иштирокчилар қанчалик кўп бўлса, кимдир камроқ фойдага рози бўлиб, нархларни босқичма-босқич туширишни бошлаши мумкин. Бу эса қолган етказиб берувчилар учун ҳам нархларни арзонлаштириш учун сигнал беради.
Рақобатли бўлмаган, монополлашган бозорларда эса солиқ юки камайиши сотувчи ва воситачилар маржиналлигини оширишгагина хизмат қилади, холос. Биргина мисол, UzAuto Motors сотувлар бошланган пайтда Chevrolet Onix нархларини ҚҚСсиз келтириб ўтганди. Ваҳоланки, харидорлар шартнома тузаётганида 15 фоизлик ҚҚСни тўлаши шарт. Бироқ 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғининг 15 фоиздан 12 фоизга тушиши фонида компания сотувдаги автомобиллари нархини арзонлаштиргани йўқ. Ёки Ўзбекистон ҳаво йўллари ва Ўзбекистон темирйўллари чипталари нархини туширмади.
Таклиф чекланган бозорларда компаниялар ҚҚС ставкаларининг ўзгаришига асимметрик тарзда жавоб беришга мойил бўлади. ҚҚСнинг пасайишига жавобан улар ўз нархларини пасайтирмайди, лекин ҚҚС ставкаси кўтарилса, нархларни сезиларли даражада оширади. Бу ерда ноэластик талаб туфайли солиқ юки камайишидан фақатгина ишлаб чиқарувчи фойда кўради. Ушбу ҳолатда солиқлар пасайишининг бирдан бир таъсири бюджет камомадидагина намоён бўлади.
Иккинчидан, ҚҚС пасайиши нархлар ўсишини секинлаштириши, талабни ошириши ва бозор фаоллигини рағбатлантириши ҳам мумкин. Бу даромад эффекти билан боғлиқ. Хусусан, ҚҚС пасайиши истеъмолчилар даромади ошишига олиб келса ва ушбу маблағлар қўшимча харидларни амалга оширишга йўналтирилса, бу иқтисодий фаолликни рағбатлантиради.
Агар нархлар пасайиши истеъмолчиларга сезилмаса, ишлаб чиқариш ва бандлик сезиларли даражада ўсмайди. Давлат рақобатли бизнес муҳитини қўллаш орқали нафақат тадбиркорларни, балки бутун мамлакат аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилаётган бўлади. Нархлар пасайиши аҳолининг тўлов қобилиятини оширади, бу савдо, ўз навбатида, бюджетга тушумлар ҳам кўпайишига олиб келиши керак. Яъни солиқ ставкасини пасайтириш орқали давлат аслида, тадбиркор фойдасига қандайдир суммадан воз кечмайди. Аксинча, шундай қарорлар орқали тадбиркорликни ривожлантиришни кўзда тутади ва шу тариқа бюджетга тушумлар ошишидан умид қилади.
Албатта, ҚҚСни охир-оқибатда истеъмолчи, яъни халқ тўлайди. Аммо ҚҚС ставкаси пасайиши натижасида бу маблағлар тадбиркорлик субъектлари ҳисобида қолади, уларнинг айланма маблағлари кўпаяди. Ҳозирги шароитда ҚҚС пасайтирилишидан нархлар арзонлашишини кутиш қийин, лекин айрим тармоқларда маълум муддат нархлар ўсиши секинлашиши мумкин.
«ҚҚСнинг 12 фоизга тушиши ортидан нархлар пасайиши эҳтимолдан йироқ»
Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов Gazeta.uz'га берган интервьюсида ҚҚС пасайиши нархлар арзонлашишига олиб келмаслигини таъкидлаб ўтган.
«Нархларга келсак, уларнинг арзонлашуви рақобатбардош бозорларда мумкин, қолганларида эса бу даргумон, чунки компаниялар солиқ ставкаси пасайишидан олинадиган барча даромадларни харидорларга бериши даргумон», – деган у.
Дилшод Султонов 2019 йилда ҚҚС ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилганда истеъмол товарлари ва хизматларининг мутлақ кўпчилиги нархлари пасаймаганини ҳам эслатиб ўтган.
«Нархларнинг қисқа муддатли пасайиши кузатилган бўлса ҳам, у узоқ давом этмади ва бир йил ичида аввалги даражага қайтди. Бу, биринчи навбатда, истеъмолчиларнинг талаб ва таклифидан келиб чиқиб, амалдаги нархни тўлашга тайёрлиги билан боғлиқ эди», – деган у.
ҚҚС пасайишининг иқтисодиётга таъсири қандай?
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари солиқ юки ва қўшилган қиймат солиғини 3 фоиз пунктгача камайтириш иқтисодиётга қандай таъсир қилишини таҳлил қилди.
Қайд этилишича, ҚҚС давлат бюджети даромадларининг асосий манбаларидан бири ҳисобланади. 2021 йилда бу солиқ бўйича тушумлар 38,4 триллион сўмга етиб, бу умумий тушумларнинг 23,4 фоизини ташкил этган. ҚҚСнинг 44 фоизи саноат тармоқларига, 18 фоизи қурилиш ташкилотларига, 13 фоизи улгуржи ва чакана савдо корхоналарига тўғри келади.
«Ушбу солиқ товарлар/хизматлар нархига киритилгани сабабли ҚҚС номинал ставкасининг 15 фоиздан 12 фоизгача туширилиши иқтисодиётнинг реал секторида нархлар пасайишига олиб келади. “Харажатлар-ишлаб чиқариш” нарх моделидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган ҳисоб-китобларга кўра, бундай пасайиш 0,81 фоизни ташкил этади. Бошқача айтганда, нархлар умумий индексининг 0,8 фоиз пунктга пасайиши солиқ тушумлари бўйича йўқотишлар (ҚҚС тушумларининг 20 фоизга ёки бюджетдан ташқари жамғармаларни ҳисобга олмаганда барча солиқ тушумларининг 4,7 фоизга камайиши) учун компенсация бўлади. Бунда тўғридан тўғри таъсир (тармоқлараро ўзаро таъсирларни ҳисобга олмаган ҳолда) 0,57 фоиз пунктни, билвосита таъсир (тармоқлараро ўзаро таъсирлар билан) эса 0,24 фоиз пунктни ташкил этади. Нархлар пасайишига қайта ишлаш саноати (39 фоиз), қурилиш (14 фоиз) ва улгуржи ва чакана савдо (10 фоиз) тармоқлари энг катта ҳисса қўшади, яъни ушбу учта тармоқ улушига умумий нархлар пасайишининг деярли 2/3 қисми тўғри келади.
Солиқ солиш тизимидаги тез-тез ўзгариши оптимал эмас. Аммо ҚҚСнинг табақалаштирилган ставкаларини жорий этиш масаласини кўриб чиқадиган бўлсак, у ўзини оқламаган солиқ имтиёзларининг аксариятини бекор қилган ҳолда амалга оширилиши зарур. Бунда тайёр маҳсулотнинг умумий ишлаб чиқаришдаги улуши қанча юқори бўлса, ҚҚС ставкаси ҳам шунча паст бўлиши керак. Бу эса корхоналарга янги технологиялар ва инновацияларни жорий этиш, қўшилган қиймат улушини ошириш ва тез ўсиб бораётган солиқ юки шаклида катта харажатларга йўл қўймасликда ёрдам беради», – дейилади ПМТИ экспертлари таҳлилида.
Давлат солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевнинг маълум қилишича, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) 15 фоиздан 12 фоизга пасайтирилиши давлат бюджети даромадларининг қарийб 14 триллион сўмга камайишига олиб келади. Мазкур маблағлар биринчи навбатда айрим солиқ имтиёзларини бекор қилиш ва хуфиёна иқтисодиётга қарши курашиш орқали қопланиши режалаштирилмоқда. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Чехия юзлаб мактаблардаги портлаш таҳдидларида россиялик жосусларни айблади