Иқтисодий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон молия тизимини рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этишда халқаро ҳамкорликни фаол давом эттирмоқда. Шу мақсадда иқтисодиёт ва молия вазирлигида Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До-Йон билан учрашув ўтказилди, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Учрашувда вазирлик раҳбариятидан биринчи ўринбосар Илҳом Норқулов, ўринбосар Гулнора Раҳимова ҳамда Ғазначилик қўмитаси раиси Абдулазиз Ҳайдаров иштирок этди. Суҳбат асносида давлат харидларини тўлиқ рақамли тизимга ўтказиш ва молия-ғазначилик жараёнларига сунъий интеллект ечимларини жорий этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Томонлар экспертлар ўртасида тажриба ва билим алмашиш механизмларини яратиш, ҳамкорликда AI марказларини ташкил этиш ва малакали кадрлар тайёрлаш бўйича дастурларни амалга оширишга келишиб олдилар.
Кореялик мутахассислар молия соҳасидаги рақамли ечимларни ишлаб чиқиш бўйича ўз тажрибалари билан бўлишишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, давлат бошқаруви жараёнларида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг илғор халқаро моделлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида икки мамлакат инновация ва рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга келишиб олди. Вазирлик вакиллари таъкидлашича, бу қадам молиявий тизим шаффофлигини ошириш, давлат харидларида инсон омилини камайтириш ва бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш имконини яратади.
Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ушбу янгича ҳамкорлик рақамли иқтисодиётга ўтишда муҳим босқич бўлиши кутилмоқда. Сунъий интеллект молия соҳасига кириб келиши билан давлат бошқарувида сифат жиҳатдан янги давр бошланиши эҳтимолдан холи эмас.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!