date

Нега Apple iPhone 19 чиқарилишини бекор қилди?

Нега Apple iPhone 19 чиқарилишини бекор қилди?

Apple компанияси навбатдаги флагман смартфони бўлган iPhone 19 сериясини чиқармасликка қарор қилди. Бу ҳақда Кореянинг ETNews нашри Omdia компанияси таҳлилчиси Хо Му-Ёлнинг фикрларига таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, компания 2027 йилда iPhone 19 моделини тақдим этмасдан, тўғридан-тўғри iPhone 20 сериясига ўтади. Бу қарор Apple учун рамзий аҳамиятга эга, чунки айнан ўша йили iPhone линейкаси ўзининг 20 йиллик юбилейини нишонлайди.

Таҳлилчилар таъкидлашича, бу ҳаракат бренд тарихи билан боғлиқ эстетик ва стратегик қарор ҳисобланади. Apple компанияси ўз маҳсулотларида нафақат технология, балки дизайн ва ном бериш орқали ҳам “авлодлар алмашинуви” ҳиссини яратишга интилади. Шу боис, 19-сонли серияни ўтказиб юбориш орқали компания янги босқични рамзий равишда бошламоқчи.

Бу Apple тарихидаги илк ҳолат эмас. 2017 йилда ҳам компания биринчи iPhone’нинг 10 йиллигини нишонлаш муносабати билан iPhone 9’ни чиқармаган, балки ўрнига iPhone 8 ва iPhone X моделлари билан бозорга чиққан эди. Бу орқали компания технология соҳасидаги янги босқични белгилаган.

Муттахассислар фикрича, iPhone 20 серияси компания тарихидаги энг инқилобий қурилмалардан бири бўлиши кутилмоқда. Янги моделлар фақат дизайн ёки камерада эмас, балки сунъий интеллект имкониятлари, энергия тежамкорлик ва интеграцияланган операцион тизим бўйича ҳам сезиларли ўзгаришлар билан ажралиб туради.

Шу тариқа, Apple ўзининг 20 йиллик тарихини нафақат ном билан, балки янги технология босқичи билан нишонлашни режалаштирмоқда. Фойдаланувчилар эса бу серия орқали компаниянинг янги даври бошланишини кутмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Нега Apple iPhone 19 чиқарилишини бекор қилди?