Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари — қуёш ва шамол станциялари орқали ишлаб чиқарилаётган электр ҳажми жадал ўсишда. Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йил бошидан буён мамлакатдаги “яшил энергия” объектлари жами 14,5 миллиард киловатт-соат (kWh) электр энергиясини ишлаб чиқарган. Бу мамлакатдаги умумий генерациянинг тахминан 23 фоизини ташкил этмоқда.
Айни дамда, фақат қуёш ва шамол станциялари ҳисобига 9 миллиард kWh энергия ишлаб чиқарилган. Бу рақам нафақат янги рекорд сифатида қайд этилди, балки мамлакатнинг энергетика тизимида табиий газдан воз кечиш сари қадам ташланаётганини ҳам кўрсатади.
Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирги кунда мамлакат бўйлаб қуввати 4 682 мегаваттга тенг 12 та қуёш ва 5 та шамол электр станцияси фаолият юритмоқда. Улар асосан Навоий, Бухоро, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида жойлашган бўлиб, ҳар бири республика энергетика тизимига барқарор ток етказиб бермоқда.
“Яшил энергия” ҳисобига бу йилнинг ўзида 2,7 миллиард куб метр табиий газ тежалди, шунингдек, атмосферага чиқиши мумкин бўлган 4 миллион тонна зарарли модда чиқарилиши олди олинди, дейилади вазирлик баёнотида. Бу нафақат иқтисодий самарадорлик, балки экологик барқарорлик нуқтаи назаридан ҳам муҳим қадам ҳисобланади.
Қуёш ва шамол энергияси ҳисобига ишлаб чиқарилган умумий ҳажм мамлакатдаги 7,5 миллион хонадоннинг 10 ойлик электр эҳтиёжи ёки тахминан 6 миллион хонадоннинг тўлиқ бир йиллик талабини қоплашга тенг эканлиги таъкидланмоқда.
Энг қизиғи, фақат бир ой олдин, яъни 23 сентябрда ушбу кўрсаткич 8 миллиард kWh атрофида бўлган. Яъни, бир ой ичида мамлакат “яшил энергия” ишлаб чиқаришда 1 миллиард kWhдан ортиқ ўсишга эришган.
Мутахассислар таъкидлашича, бу ўсиш тенденцияси 2026 йилда янада жадаллашиши кутилмоқда. Сабаби — бу даврда Янги Зарафшон, Навоий ва Бухорода қўшимча қуёш ва шамол станциялари ишга туширилиши режалаштирилган.
Энергетика соҳаси таҳлилчиларига кўра, “яшил энергия” улушининг 23 фоизга етиши Ўзбекистон учун тарихий кўрсаткичдир. Бу рақам мамлакатнинг 2030 йилга қадар “яшил энергия” улушини 40 фоизга етказиш мақсадига яқинлашиб келаётганидан дарак беради.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг илк ярмида ҳам қуёш фотоэлектр станциялари орқали энергия ишлаб чиқариш 2024 йилга нисбатан қарийб икки бараварга ўсган эди. Шу билан бирга, шамол энергияси улуши ҳам мамлакат умумий генерация тизимида сезиларли даражада кўпайди.
Шундай қилиб, “яшил энергия” сектори нафақат табиатни асраш, балки мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим омилга айланмоқда. Таҳлилчилар фикрича, бу йўналишдаги барқарор қадамлар яқин йилларда Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг “яшил энергия маркази”га айлантириши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!