Қайд этилганидек, бу йил 6,7 миллион тонна кўмир қазиб олиш режа қилинган.
Каолин бўйича қиймати 620 миллион долларлик 33 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ундан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳисобига жорий йилда экспортни 81 миллион долларга, 2030 йилга бориб 180 миллион долларга етказиш мўлжалланган.
Шунингдек, уран захирасини ўстириш бўйича хорижий компаниялар билан ҳамкорликда геология-қидирув ишлари давом эттирилади.
Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга бу йўналишларда натижадорликни янада ошириш имкониятларини кўрсатиб ўтди. Мавжуд хомашё базаси, ноёб технологиялар ва кадрлар салоҳиятидан унумли фойдаланиб, маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш вазифаси қўйилди.
Сурхондарёдаги тошкўмир бўйича 5 та истиқболли майдонни хусусий секторга бериб, геология-қидирув ишларини жадаллаштириш, Ангренда қазиб олинадиган кўмир сифатини яхшилаш ва саралаш технологияларини жорий этиш бўйича кўрсатма берилди.
Янги каолин конларини топиш ва оқ каолин захирасини 200 миллион тоннага етказиш, уни қайта ишлаш лойиҳаларини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.
Гидротермал ва қора сланецли уран конларини ўзлаштиришга хорижий инвесторлар жалб қилиниши белгиланди.