86
Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди
Кўксарой қароргоҳида Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда икки мамлакат ҳамкорлигининг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Суҳбат аввалида Ўзбекистон раҳбари олий мартабали меҳмонни самимий қутлар экан, кейинги йилларда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган кўп қиррали ҳамкорликни тубдан кенгайтириш учун яхши замин яратилганини алоҳида таъкидлади.
Ушбу ташриф доирасида кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот имзоланиши икки томонлама муносабатларни янада юқори даражага олиб чиқишга ўзаро интилишдан далолат бўлиши қайд этилди.
Парламентлар, ҳукуматлар, ташқи сиёсат ва тармоқ идоралари даражасидаги мулоқотлар натижадорлигини ошириш, халқаро ва минтақавий майдонлар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон савдо ташкилоти, минтақа давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари, "Марказий Осиё плюс" форматлари доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Ҳамкорликнинг янги иқтисодий кун тартибини шакллантириш муҳимлиги қайд этилди.
Товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 2 миллиард долларга етказиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш долзарб экани кўрсатиб ўтилди. Куни кеча ўтган бизнес форуми муваффақиятли бўлди, якунида янги келишувлар тўплами қабул қилинди.
Бу галги ташриф доирасида қайта тикланувчи энергия манбалари, автомобилсозлик ва тўқимачилик соҳаларида кооперация лойиҳалари ишга туширилади.
Стратегик аҳамиятга эга минтақавий лойиҳаларни, жумладан, "Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон" темир йўли ва Қамбарота ГЭС-1 қурилишини тез фурсатда амалга ошириш масалаларига устувор эътибор қаратилди.
Транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича янги лойиҳа таклифлари кўриб чиқилди.
Президентлар ҳудудлараро ҳамкорликни, жумладан, Чегараолди вилоятлар ҳокимлари кенгаши доирасида янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.
Шунингдек, қишлоқ ва сув хўжалиги, экология, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Маданий-гуманитар алмашинув фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Бу ҳафта мамлакатимизда Қирғизистон маданияти кунлари ўтказилмоқда. Куни кеча Самарқандда иккинчи Ректорлар форуми муваффақиятли ўтказилди. Томонлар келгуси йилларга мўлжалланган маданий тадбирлар тақвимини тайёрлашга келишиб олдилар.
Давлат раҳбарлари минтақавий кун тартибидаги томонларни қизиқтирган масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.
Шундан сўнг музокаралар икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирилди.
Мазкур саммитга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, бизнес форуми, Ректорлар форуми, Авлодлар мулоқоти ва қатор маданий тадбирлар муваффақиятли ўтказилгани таъкидланди.
Савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, хавфсизлик, маданият ва бошқа муҳим йўналишлардаги ҳамкорлик натижалари танқидий таҳлил қилинди.
Музокаралар давомида томонлар парламентлар, ҳукуматлар, вазирликлар, идоралар ва ҳудудлар, ишбилармонлар, экспертлар ва жамоатчилик даражасида фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар. Давлатлараро кенгаш тузишга қарор қилинди.
Халқаро ва минтақавий тузилмалар, жумладан, БМТ, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ва бошқа кўп томонлама майдонлар доирасида яқин ҳамкорликни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш, энг аввало, импорт ўрнини босиш дастурлари ва кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Шу мақсадда ташриф давомида ўзаро савдо ҳажмини оширишга қаратилган дастур қабул қилинмоқда. Бундан ташқари, яқин йилларда 2 миллиард доллар кўрсаткичига чиқиш учун пойтахтларда савдо уйлари ташкил этилади, экспорт-импорт шартномалари тўплами шакллантирилади, экспортолди молиялаштириш воситалари жорий этилади, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини тезкор ташиш бўйича "яшил йўлак" ишга туширилади.
Саноат кооперацияси доирасидаги жорий лойиҳалар портфели 300 миллион долларга етгани таъкидланди. Куни кеча бўлиб ўтган бизнес форуми доирасида энергетика, логистика, электротехника, тўқимачилик, агросаноат ва бошқа тармоқларда савдо шартномалари ва инвестиция битимларининг янги тўплами қабул қилинди.
Бундай лойиҳаларни илгари суриш учун Ўзбекистон-Қирғизистон жамғармасининг устав капитали 200 миллион долларгача оширилади.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик стратегик йўналиш этиб белгиланди.
Қамбарота ГЭС-1 қурилиши бўйича битимни тез фурсатда имзолаш ва лойиҳанинг амалий босқичини бошлаш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, икки мамлакат салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда кичик гидроэнергетикани ривожлантириш бўйича комплекс ҳамкорлик дастури тайёрланади.
Минтақада транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди.
“Хитой - Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича стратегик лойиҳа тўғрисидаги уч томонлама битим имзолангани бу борада тарихий воқеа бўлди.
Учрашувда истиқболли транспорт лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди.
Икки мамлакат ҳудудлари савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳақиқий драйверлари экани таъкидланди. Шу маънода, Бош вазирлар раислигидаги Чегараолди вилоятлар ҳокимлари кенгаши доирасида фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.
Ҳудудлар делегацияларининг ўзаро ташрифлари жадвалини тайёрлаш ва қўшма "йўл хариталари"ни янгилашга келишиб олинди.
Қишлоқ хўжалиги ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишидир. Қишлоқ хўжалиги экинларини биргаликда етиштириш, интенсив боғлар ва агрокластерлар ташкил этишни назарда тутувчи агрокооперация дастурини амалга оширишга келишиб олинди.
Маданият, ёшлар, туризм, таълим, фан ва спорт соҳаларида фаол алмашинувлар давом эттирилади.
Шу маънода, ташриф арафасида Самарқандда Ўзбекистон ва Қирғизистон олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форуми муваффақиятли ўтказилгани мамнуният билан қайд этилди.
Келгуси йилларга мўлжалланган маданий тадбирлар тақвимини тайёрлашга келишиб олинди.
Йиғилишда Бош вазирлар ўринбосарларининг ҳисоботлари ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик юзасидан аниқ таклифлари тингланди.
Музокаралар якунида давлат раҳбарлари қўшма "йўл харитаси"ни тайёрлаш ва эришилган келишувларни самарали амалга ошириш механизмларини йўлга қўйиш бўйича топшириқ бердилар. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Starlink учун яна 20 та сунъий йўлдош орбитага учирилди
Баҳодир Жалолов: “Менга чемпионлик жангини беришса, ҳар қачон уни бажонидил қабул қиламан”