Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”га қўшилгандан буён юртдошларимиз орасида бу жамоага бўлган қизиқиш янада ортиб бормоқда. Ҳозирги мавсумда ҳам Хосеп Гвардиола бошқарувидаги “шаҳарликлар” иштирок этадиган барча мусобақаларда олтин медал учун курашиши кутиляпти. Бироқ олдинда жуда мураккаб ва сермасъулият синовлар турибди.
“Сити” қисқа муддат ичида — бор-йўғи беш кун давомида Англия Премьер-лигаси ва Европа Чемпионлар лигасида учта ҳал қилувчи беллашув ўтказиши керак. 14 сентябр куни “Этихад” стадионида “Манчестер Юнайтед”га қарши дерби бўлиб ўтади. Шундан сўнг, 18 сентябр куни Европа майдонларида Италия чемпиони “Наполи”га қарши синов кутмоқда. Кейин эса 20 сентябрь куни жамоа Лондонга йўл олиб, ашаддий рақиб “Арсенал”га меҳмон бўлади.
Охирги ҳафталарда “шаҳарликлар” бир қатор жароҳатлар ва жисмоний ҳолат муаммоларига дуч келганди. Бу эса нафақат ички чемпионатдаги натижаларга, балки футболчиларнинг миллий терма жамоалар сафарларига ҳам таъсир кўрсатди.
Хусусан, Жазоир термаси ҳимоячи Райан Айт-Нурини йиғинга чақирмади, Англия термаси эса Рико Льюис ва Жон Стоунзни орқага қайтарди. “Брайтон”га қарши ўйинда жароҳат олган Абдуқодир Ҳусанов ҳам Ўзбекистон термаси билан “CAFA Nations Cup 2025” мусобақасида иштирок эта олмади.
Бироқ вазият тобора ижобий томонга ўзгармоқда. Халқаро танаффусдан кейинги илк машғулотларда Савио, Фил Фоден, Йошко Гвардиол, Абдуқодир Ҳусанов, Рико Льюис, Кэлвин Филлипс, Нико О’Рейли ва Маркус Беттинелли қайтадан сафга қўшилди. Бу Гвардиолага тактик имкониятларни кенгайтириш, ҳимоя ва ҳужумда янги ротациялар уюштириш имконини бермоқда.
Айниқса, Ҳусанов ва Гвардиолнинг соғайиши ҳимоя чизиғидаги бўшлиқларни тўлдирса, Фил Фоден ва Савио ҳужумда турли схемаларда ҳал қилувчи куч сифатида майдонга туширилиши мумкин.
Cityxtra.co.uk нашри журналисти Фредди Пайнинг таъкидлашича, миллионлаб мухлислар айнан шундай қувончли янгиликларни интиқлик билан кутарди ва бу “Сити”нинг мавсум бошидаги қийинчиликларни енгиб ўтишига катта ёрдам бериши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Премьер-лиганинг 4-туридан ўрин олган “Манчестер Сити” – “Манчестер Юнайтед” дербиси 14 сентябрь куни соат 20:30 да старт олади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!