Ўзбекистонда ёшларнинг турли йўналишлардаги лойиҳаларини амалга ошириш ва уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш мақсадида фоизсиз қарзлар берилади. Бу ҳақда Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маълум қилди. Мазкур дастур доирасида икки турдаги қарзлар ажратилиши кўзда тутилган.
Биринчи турдаги қарз
Биринчи навбатда, тадбиркорлик фаолияти учун зарур бўлган бино ва иншоотларни қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари учун ёшларга имконият яратилади. Бунда 6 минг БҲМ миқдоридаги маблағ 3 йилгача муддатга, бўлиб-бўлиб тўлаш ва имтиёзли шартлар асосида тақдим этилади.
Ушбу қарздан бир вақтнинг ўзида бир нечта бизнес лойиҳалари учун фойдаланиш ҳам мумкин. Қарзлар 2025–2026 йилларда тажриба сифатида амалга оширилади ва бу йўналишга 30 миллиард сўм ажратилган.
Бундай имкониятдан фойдаланиш ҳуқуқи қуйидагиларга берилади:
-
устав фондида улушининг камида 50 фоизи ёшларга тегишли бўлган тадбиркорларга;
-
яратиладиган иш ўринларининг камида 50 фоизини ёшлар ташкил этадиган лойиҳаларга.
Шу билан бирга, ёш тадбиркорлар қуйидаги талабларга жавоб бериши шарт:
-
тадбиркорлик субъектлари барқарорлик рейтингида сўнгги 6 ой давомида узлуксиз камида «BBB» (76–85 балл) кўрсаткичини сақлаган бўлиши;
-
қарзнинг 125 фоизидан кам бўлмаган миқдорда гаров тақдим этилиши;
-
камида 24 ойдан бери фаолият юритиб келаётган бўлиши.
Иккинчи турдаги қарз
Иккинчи турдаги имтиёзли қарзлар эса олис ва чекка ҳудудларда хорижий тилларни ўргатиш марказларини ташкил этишни мақсад қилган тадбиркорларга берилади. Маблағ миқдори 320 БҲМ этиб белгиланган.
Бундай кредитлар қуйидаги шахсларга тақдим этилади:
-
якка тартибда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ёшларга;
-
устав фондидаги улушининг камида 50 фоизи ёшларга тегишли бўлган корхоналарга.
Шунингдек, талабгор ёш тадбиркор хорижий тиллардан камида С1 даражадаги сертификатга эга бўлиши ва уни олганига икки йилдан ошмаган бўлиши зарур.
Ташкил этиладиган курслардаги ўқувчиларнинг камида 20 фоизи “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизлардан иборат бўлиши шарт.
Қарз шартлари
Жамғарма ва қарз олувчи ўртасида тузиладиган шартнома асосида маблағ 6 ойлик имтиёзли муддат билан, 3 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш шартида ажратилади.
Мазкур дастур доирасида берилаётган имтиёзли қарзлар ёшларнинг ўз бизнесини йўлга қўйиши ва мавжуд фаолиятини ривожлантириши учун қўшимча туртки бериши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!