Марказий банкда ўтказилган матбуот анжуманида молия тизимидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди. Асосий эътибор миллий валюта — сўмнинг алмашинув курси ва унинг ҳозирги ҳолатига қаратилди. Марказий банк раиси Тимур Ишметов ўз нутқида алмашув курсининг тўлиқ бозор тамойиллари асосида, яъни талаб ва таклиф орқали шаклланишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Марказий банк курсга мақсадли кўрсаткичлар белгиламайди ва унга тўғридан-тўғри аралашмайди.
Ишметов маълум қилишича, йил бошидан буён сўм номинал жиҳатдан 3–4 фоизга мустаҳкамланган. Бунинг асосий сабаблари сифатида хорижий валюта таклифининг кескин кўпайгани қайд этилди. Масалан, жорий йилнинг январ-июнь ойларида олтинсиз экспорт қарийб 20 фоизга ўсган бўлса, умумий экспорт ҳажми 20,4 миллиард долларга етиб, 37 фоизлик ўсишни кўрсатди. Шунингдек, хорижий инвестициялар ва қарзлар оқими ҳам сезиларли равишда кўпайиб, ярим йил ичида 8,5 миллиард долларлик инвестиция ўзлаштирилгани қайд этилди.
Январ-август ойларида пул ўтказмалари ҳам 12,1 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 23 фоизга кўпайган. Шу билан бирга, банклар томонидан аҳолига сотилган валюта миқдори камайган бўлса-да, жисмоний шахслардан харид қилинган валюта ҳажми анча юқори бўлиб, 5,6 миллиард доллар тафовут қайд этилди. Бу кўрсаткич ўтган йилга қараганда 40 фоизга юқори.
Марказий банк раҳбарига кўра, сўнгги пайтларда доллар жаҳондаги кўплаб валюталарга нисбатан 9–10 фоизга қадрсизланган. Ўзбекистонда эса ички валюта бозорининг инфратузилмаси такомиллашиб, “market maker” функциялари самарали ишлаётгани ва бозордаги фаолликнинг ортиши миллий валютани ташқи таъсирларга нисбатан чидамлироқ қилган.
“Алмашув курси тебранувчанлиги ошиши миллий валютанинг узлуксиз қадрсизланиши ҳақидаги кутилмаларни пасайтиради. Бу тадбиркорлик субъектларини валюта хатарларидан асрайди, иқтисодиётда долларлашув даражасини пасайтиради ва пул-кредит сиёсати самарадорлигини кучайтиради”, — дея таъкидлади Тимур Ишметов.
Шу билан бирга, сўм номинал жиҳатдан мустаҳкамланса-да, реал алмашинув курси йил бошидан буён 4 фоизга қадрсизланган. Бу ҳолат ички инфляциянинг юқори даражада сақланиши ҳамда асосий савдо шериклари валюталарининг сўмга нисбатан кўпроқ мустаҳкамланиши орқали юзага келди.
“Савдо ҳамкорларида кузатилаётган иқтисодий тенденциялар ва умумий кутилмаларни ҳисобга олган ҳолда, сўмнинг реал алмашинув курсига кескин босимлар бўлиши эҳтимоли паст”, — дея қўшимча қилди Марказий банк раиси.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!