date

Аҳоли жон бошига даромад: ўтган 9 ойда ҳудудлар бўйича қандай бўлди?

Аҳоли жон бошига даромад: ўтган 9 ойда ҳудудлар бўйича қандай бўлди?

Миллий статистика қўмитаси эълон қилган сўнгги маълумотларга кўра, 2025 йилнинг январ–сентябрь ойлари бўйича Ўзбекистон аҳолисининг жон бошига тўғри келадиган ўртача даромади 21,8 миллион сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16,1 фоизга ошган бўлса, реал ўсиш суръати 6,3 фоизни ташкил қилди.

Бироқ ҳудудлар кесимида катта тафовут сақланиб қолмоқда. Энг юқори натижа анъанавий тарзда Тошкент шаҳрида қайд этилди — пойтахтда ҳар бир фуқаронинг ўртача йиллик даромади 52 миллион сўмни ташкил этган. Бу мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичдан қарийб 2,4 баробар кўп. Бунинг асосий сабаби — хизматлар соҳаси улушининг катталиги, иш ҳақининг юқорилиги ва қўшимча даромад манбалари кўплиги билан изоҳланади.

Иккинчи ўринда Навоий вилояти — 32,1 миллион сўм билан. Бу ҳудуддаги юқори кўрсаткич саноат ва хомашё базасининг кучлилиги, йирик корхоналар фаолияти ва минерал ресурслар экспорти ҳисобига таъминланмоқда. Учинчи ўрин Бухорога тегишли — бу ерда жон бошига тўғри келадиган ўртача даромад 26 миллион сўм бўлиб, мамлакат кўрсаткичидан 19 фоиз юқори.

Тошкент вилояти 21,9 миллион сўм билан умумий ўртачадан салгина юқорида. Фарғона, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида кўрсаткичлар 17–19 миллион оралиғида.

Энг паст натижалар Қорақалпоғистон Республикаси (14,8 млн сўм), Наманган (15,8 млн) ва Сурхондарё (16,5 млн) вилоятларида кузатилди. Демак, пойтахт билан Қорақалпоғистон ўртасидаги фарқ 37,2 миллион сўмни ташкил этмоқда — бу жуда катта номутаносибликдир.

Иқтисодчилар фикрича, ҳудудий даромадлар тафовутининг асосий сабаблари иш ўринлари сифатининг фарқлилиги, кўчмас мулк ва ижара бозоридаги фаоллик, миграция оқимлари ҳамда саноат-логистика лойиҳаларнинг нотенг тақсимланганидир.

Шу билан бирга, аҳоли даромадлари 9 ойлик даврда номинал ва реал ўсишни намоён этган бўлса-да, чекка ҳудудларда ўсиш суръатини жадаллаштириш учун иш ҳақини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш сиёсатини янада фаоллаштириш талаб этилади.

Таҳлилчилар таъкидлашича, мамлакатдаги иқтисодий ўсиш ҳозирча асосан пойтахт ва йирик саноат марказларига тўпланган. Шу боис келгуси йилларда ҳудудий тенгликни таъминлаш давлат иқтисодий сиёсатида муҳим йўналишлардан бирига айланиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Аҳоли жон бошига даромад: ўтган 9 ойда ҳудудлар бўйича қандай бўлди?