Юк кўтарувчи деворларни бузиш хавфи кескин ошди

Ўзбекистонда кўп қаватли уйларда юк кўтарувчи девор ва конструкцияларни ўзбошимчалик билан бузиш ҳолатлари жиддий даражада кўпайган. 2025 йилда бундай қоидабузарликлар бўйича 2,4 мингдан ортиқ ҳолат аниқланган. Таққослаш учун, уч йил аввал бу кўрсаткич бор-йўғи 563 тани ташкил этган эди.
Бу рақамлар оддий статистика эмас. Гап инсонлар яшайдиган кўп қаватли уйлар, оилалар хавфсизлиги ва бутун бино мустаҳкамлиги ҳақида кетмоқда. Чунки юк кўтарувчи деворни бузиш — фақат таъмир ёки қайта режалаштириш эмас, балки бутун уй конструкциясига хавф соладиган ўта масъулиятсиз ҳаракатдир.
Президентга тақдим этилган маълумотларда айтилишича, айрим фуқаролар хонадонни кенгайтириш, тижорат объектига айлантириш ёки ички режани ўзгартириш мақсадида юк кўтарувчи қисмларга аралашмоқда. Аммо бундай ишларни мутахассис хулосасисиз амалга ошириш бинонинг зилзилабардошлигига, мустаҳкамлигига ва умумий хавфсизлигига жиддий таҳдид туғдиради.
Айниқса, фойдаланиш муддати 50 йилдан ошган уйлар алоҳида хавф гуруҳига киради. Маълумотларга кўра, мамлакатда бундай кўп қаватли уйлар сони 15,2 мингтани ташкил этади. Бу уйларда ҳар қандай ўзбошимча реконструкция, девор бузиш ёки тоифани ўзгартириш янада катта хавф келтириб чиқариши мумкин.
Муаммонинг яна бир оғриқли томони — назорат механизмлари етарлича самара бермаётгани. Амалдаги тартиблар бино хавфсизлигига таҳдид солувчи қоидабузарликларни тўлиқ тўхтата олмаяпти. Одамлар эса баъзан “уй ўзимники, хоҳлаганимни қиламан” деган нотўғри қараш билан ҳаракат қилади. Лекин кўп қаватли уйда битта хонадондаги хато бутун подъезд учун хавфга айланиши мумкин.
Шу сабабли турар-жой секторида қатор қатъий чоралар таклиф этилмоқда. Жумладан, 50 йилдан ошган уйларда тоифани ўзгартириш, реконструкция ишларини амалга ошириш ва хавфли қайта режалаштиришларни чеклаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу, аввало, эҳтимолий техноген офатларнинг олдини олишга қаратилган.
Бундан ташқари, Қурилиш инспекциясига юк кўтарувчи конструкцияларни ўзбошимчалик билан демонтаж қилганларга жойида жарима солиш ваколатини бериш таклиф қилинмоқда. Яъни эндиликда узоқ қоғозбозликсиз, хавфли ҳолат аниқланган заҳоти тегишли чора кўриш имконияти пайдо бўлиши мумкин.
Бу ислоҳотнинг асосий мақсади — аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар ҳаётини ҳимоя қилиш ва бино мустаҳкамлигига путур етказадиган ўзбошимчаликларни тўхтатишдир.
Қисқаси, девор бузиш оддий таъмир эмас. Айниқса, у юк кўтарувчи конструкция бўлса, бу бутун уй тақдирига дахл қиладиган масала. Бир хонадонни “чиройлироқ” қилиш ортидан бутун бинони хавф остига қўйиш — жуда қимматга тушиши мумкин. Тутун чиқмасидан олдин оловни ўчириш керак.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!