Июнь ойида Ўзбекистон судьялари тарихида биринчи бор бутун халқ олдида «Адолатли бўлишлари» ҳақида қасамёд қилдилар. Мен бу тадбирдан бошим осмонга етди. Чунки, юртимизда адолатли судьялар кўп. Уларнинг ушбу «қалб исёни» тез кунда билиниб, адолатсиз ҳукмлар бекор бўлиб, қанчадан-қанча оилаларга қувонч кириб келади деб ўйлагандим.
Аммо, негадир бундай хушхабарларни эшитмаяпман. Мен халқ хўжалиги ва иқтисод бўйича ҳуқуқшуносман. Иқтисодий тараққиётда суднинг роли катталигини жуда яхши англайман. Ҳуқуқшунос сифатида агар Суд тизими тўғри йўлга қўйилса Жаҳоннинг иқтисоди кучли йигирматалигига кира оламиз деб умид қиламан. Тўғриси, Худо хоҳласа, ўзимизнинг қаддимизни ўзимиз кўтара оламиз. Ақлли инсонлар ҳам, меҳнаткаш инсонлар ҳам бизда кўп. Четдан бизга молиявий ёрдам керакмас, деб ўйлайман.
Уммон ортидаги Ҳайбатуллонинг чўнтаги бўлган Халқаро Валюта Фондининг кредитига қизиқмадим, қизиқмадим-да. Чунки, бу банк маблағи ўша ерга кириб олгач, тили бурро Бойвучча жуда кўп бузғунчиликларни бошлаб юборади-да. Берган пулини бир неча баробар қайтариб олса, жим кетар, балки. Аммо, қайтаролмасакчи? Фисқ-фасод-у, иғво ғийбатларни урчитиб, бирон-бир бузғунчиликларни келтириб чиқарсаям, «момиқдай оппоқ» бўлиб тураверади. Энди унинг ғоявий ҳужумларига биз дош беролмаймиз, бу аниқ.
–Хўш нимани таклиф қиласиз, дейсизми?
Таклиф бор, хавотир олманг. Фақат даб-дурустдан гапирсам тушунмай қолишингиз мумкин. Гапни узоқдан бошлайман.
Темир йўл, автотранспорт хизматлари, автомобиль йўллари, тиббиёт, санаторий хизмати, савдо хизмати, умумий овқатланиш сифати бўйича ён атрофимиздаги қўшниларимиздан олдинроқдадирмиз, балким. Бироқ умумжаҳон рейтингида жуда пастдамиз.
Биз бино қуришда, йўл қуришда, аҳолига ижтимоий кўмак беришда, ижтимоий имтиёзлар бериш соҳасида, радио, телеведениедаги ошкоралик соҳасида, ҳатто, баъзи қўшниларимиздан орқадамиз.
Аммо, бугун бу гапларни айтишимиз, ўша муаммоларни ечишга бўлган катта қадам эканлигини ҳам унутманг.
Бу ишларнинг бошқа мамлакатларда илгарилаб, ривожланиб кетишини учта устувор далил билан тушунтирса бўлади:
1. ХУСУСИЙ МУЛК;
2. ХУСУСИЙ МУЛК;
3. ХУСУСИЙ МУЛК.
Хусусий мулкнинг устунлик томони нимада?
Аввало, тўлов интизомида. Тўлов интизоми деганда баландпарвоз гаплар керакмас.
Сотилган маҳсулот ёки кўрсатилган хизматнинг пулини жойида тўлаш дегани холос.
Пахта ҳосили теримини кучайтиришнинг шарти, даланинг ўзида терилган пахта учун пул тўлаш каби, ҳар бир ишда пулини ўз вақтида беринг, олам гулистон.
Нега пахта терими мавсумида чевар теримчиларимиз ҳужжатларни қонуний расмийлаштириб қўшни Қозоғистонга ўтиб пахта териб келишяпти?
У ерда ҳашарчи-ишчининг емоғиям, ётоғиям бепул. Терим пули бизникига нисбатан уч, тўрт маротаба кўп. Асосийси ўз вақтида тўланади.
Бунинг ҳаммаси оддий сўз билан тушунтирилади. Қозоғистонда пахта сотиб олувчи фермер ХУСУСИЙ МУЛКДОР.
Бизда пахта бизнеси ДАВЛАТники…
Хусусийлаштирилган ўзимизнинг ўзбекча бизнесдан мисол келтирсам – аптека бизнеси, ёнилғи қуйиш шохобчаси бизнеси.
Пулини бермасангиз, дори берилмайди, ёнилғи қуйилмайди. Ҳисоб-китоб жойида бўлгани туфайли барака ўша ерда бўлади.
Агар аптекачи ёки ёнилғи қуйиш билан шуғулланувчи бой тадбиркорга «халқинг учун бир ёрдам бер» -дея, унга ер участкаси ажратиб, аҳоли учун арзон-гаров уйларни неча пулга қурардинг?-деб сўрасангиз, унинг ҳисоб-китоби анча арзон суммадан иборат бўлади. Мисол учун у 150 миллион сўмга давлат томонидан қурилаётган уйларни, аптекачи ёки ёнилғичи 100 миллион сўмга қуриб битказиши мумкин. Нақд пулга эса ундан-да арзон бўлиши мумкин.
Чунки, бу калласи жойида тадбиркор, ўз хусусий пулини сарфлашда МОЛИЯ ВАЗИРИдан кам эмас. У албатта, қурилиш материаллари арзонини қидириб топади, ишчиларни ойлик, ҳафталик ёки кунлик маошини ҳам ўз вақтида бериб иш унумдорлигини оширади. Эртага у ўзи учун алоҳида ғишт заводи қуриши ҳам мумкин. Бунда уй таннархи янада арзон бўлади.
Тошкентда замонавий талабларга тўла жавоб берадиган, ҳар томонлама қулай уйлар қуриб сотувчи тадбиркорлар бор. Улар ишчи кучини мардикор бозорларидан олади. Ишчининг ейиши, ичиши, ётоғи, иш ҳақини ўз вақтида бериши ҳисобига бундай тадбиркорлар қурдираётган уйларда иш унумдорлиги жуда юқори.
Аммо, унга давлат буюртмаси бўйича арзон-гаров уй қуриб сотиш бизнесига кир дейилса, у кирмайди.
Нега?
Чунки, арзон-гаров қурилаётган уйларда буюртмачи ҳокимият. Ҳокимият ишни режали олиб бораман,-дея кимгадир ғишт, кимгадир цемент, кимгадир шифер, кимгадир сантехника буюмларини етказиб беришни олдиндан топиб қўйган бўлса, иш пачава. Қурилаётган уйларни таннархини арзонлаштириш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.
Ҳокимиятнинг аралашуви асосида ишчига, мулкдорга пул етиб боришида «тўхташ» бекатлари кўпаяяпти десам, кимдир менинг фикрларим нотўғрилигини айтса, мен хатоимни тан оламан. Ҳар қандай ишда пул «тўхташ» бекатларини камайтирсак, тараққиётимиз тезлашади.
Хусусий мулкдор осонлик билан бу маблаққа эга бўлмаган. Ўзбекистонда яшаб, йиққан пулини халқ фаровонлиги учун сарфлашга бел боғлаган ўзбек долларли миллионери – бу аввало, ватанпарвар киши!
Миллионлаб йиққан долларини Ўзбекистон иқтисодига киритмасдан чет элларда бизнес юритаётган ўзбек бойлари ҳақидаги гаплар ҳам онда-сонда қулоққа чалиниб қолади. Шуни билингки, булар жуда истеъдодли, зукко бизнесменлардир. Аммо, ўзбек халқини севувчи, ватани учун қайғурадиган ватанпарвар деган фикрдан йироқман. Улар ўз капитали учун қайғурадиган бойлардир холос.
Яна бир тоифа ўзбек долларли миллионерлари, балким миллиардерлари борки, улар Илья Ильф ва Евгений Петровнинг «Олтин бузоқ» романи қаҳрамони молиячи Корейкога ўхшайди. Улар йиққан пулларини ҳеч қаёққа сарфламайдилар. Бой эканликларини билдирмайдилар. Аксинча, эски костюм шим кийиб, бирон-бир «Матиз» ёки «Тико»ни ҳайдаб арзон-гаров ошхоналарда таомланиб юраверадилар.
Юқорида санаб ўтган бойлар қанча?
Мен биламанки, булар жуда кўп. Аммо, уларнинг кўпчилиги бу бойликларни давлат вазифасида ўтириб топгани учун ўз бойликларини ошкор қилишмайди.
Сиз менга Ўзбекистонда муқим ишлаётган, доим даромад топаётган ва йигирма йилдан буён фаолият юритиб келаётган биронта гигант, яъни камида 10.000 (ўн минг)та ишчи-ходими бор фирманинг номини айтинг?
Йўқ!
Аммо, бундай ишчи ўрни яратиши мумкин бўлган, ақлли бойлар бор. Лекин, улар Ўзбекистонда ишлашни истамайдилар.
Чунки, судимиз мулкдорларнинг мулкини ҳимоя қилишда жуда ишончсизлигини амалиётда кўрсатиб бўлди. Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида яшайдиган бир танишим бор. Бечора бир парча ер участкаси дея 107 марта суд процессини ўтказибди. Шу бир парча ернинг кимники эканлиги ҳақидаги низо Фуқаролик ишлари бўйича судда ҳам, Хўжалик судларида ҳам кўрилаверган. Яқинда бу ҳақда алоҳида мақола чиқади дегани учун, бу ишнинг тафсилотларига тўхталиб ўтирмайман.
Ўтган йили июнь ойидан бошлаб мен интернет саҳифаларига Ғузорлик уч ака-ука грузтаксичилар – Қоржов Файзиев, Нормамат Мирзаев, Тўйчи Мирзаевларнинг Ғузор тумани марказида жойлашган «Ғузор ипак йўли» савдо мажмуаси, Қоржов Файзиевнинг ўғли Файзиев Владимирнинг учта КамАЗ автомашинаси уларнинг куёвлари А.Шоевга қўйилган айб бўйича дастлабки тергов давомида жиноий йўл билан топилиб ошкоралаштирилганлиги исботланмаганлиги, суд эса ЎзЖПК талабларидан четга чиқиб, тергов давомида қўйилган айбловни, янада оғирлаштириб, қонунга хилоф равишда савдо мажмуаси ҳамда уч дона КамАЗни нотўғри мусодара қилиб юборганлигини айтгандим.
Бу иш бўйича иш материалларини кўриб чиққан адвокатларининг таъкидлашича, суд ўз ваколатидан чиқиб кетган ва қоралов- тергов хулосасидан ҳам оғирроқ жазо қўллаб юборган. Аммо, бу ишни қайта кўриш бўйича ёзилган аризалар Олий Суд томонидан деярли саккиз йилдан буён кўрилмасдан ёки асоссиз даражада рад этиб келинмоқда.
Бу орада мулкдорларнинг бири, ака-укаларнинг энг ёши Тўйчи Мирзаев бевақт ҳаётдан кўз юмди, Нормамат Мирзаев инсульт бўлиб тўшакка михланди, етмиш ёшли Қоржов Файзиев эса яна КамАЗ рулига ўтириб, кун кечиряпти.
Улар бутун умр йиққан пулларига эвазига қурган бинолари эса мана тўққиз йилдирки, асоссиз равишда хатланган ҳолда турибди.
Бундай бўлгач қайси бир бой каттароқ бино қуришга ёки ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга, ишчи ўрин яратишга ўзида куч топади?
Барча ривожланган мамлакатларни қаранг!
Ривожланган Европа, АҚШ, Японияда баъзи хусусий мулкдорлар фаолият юритаётганига юз йиллардан ошди. Бу хусусий компанияларда юз минглаб, балким, баъзиларида миллионлаб ишчилар ишлайдилар.
Чунки, улардаги АДОЛАТЛИ СУД ТИЗИМИ мулкдорнинг пешона териси билан топган пулини тиш-тирноғи билан, қонун асосида ҳимоя қилади. Шу сабабли мулкдор ўз мулкини янада кенгайтиришга уриниб, ижодий меҳнат қилади.
Биз ҳам бундай натижага эришишимиз керак ва мумкин.
Бунинг учун Судьяларимиз фақат қонунга бўйсунган ҳолда иш юритиши керак холос. Суд Мулкдорга унинг мулки хавфсизлигини таъминлаш кафолатини бермас экан, ўзбек пулдори сандиқ, йўғ-э, сейфида сақлаётган пулини халқ, эл, давлат тараққиёти учун сарфламайди.
Ўзимизнинг фуқаролар пулларини иқтисодимизга солишдан чўчиб турган бир пайтда чет эллик инвесторлар келишини кутиш амримаҳол. Тўғрисини айтсам, шу чет эллик инвесторларга кўпам ишонмайман. Агар ўзимизнинг бойлар ҳақиқатда капиталларини ўз иқтисодимизга киритсалар, қонунларимиздаги чалкашликлар ҳам бартараф бўлар, биз эса инвесторни киритиш, киритмасликни ўйлаб кўрадиган ҳолатда бўлардик.
Муаллиф: Анвар Шукуров
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”