08:30 / 11.07.2019
2 724

Бизда солиқ юки пасайтирилиши эмас, солиқлар қайта таркибланиши лозим

Бизда солиқ юки пасайтирилиши эмас, солиқлар қайта таркибланиши лозим
Ўзбекистон Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси узоқ муҳокама қилингандан сўнг охир-оқибатда давлат раҳбарининг Фармони билан қабул қилинган эди. Ҳар қандай муҳим йўналишлардаги ислоҳотлар Қарор қабул қилингунга қадар муҳокама қилинади. Қарор қабул қилингандан кейин эса у фақат қатъий ижро этилиши ижро интизомининг энг муҳим тамоилидир. Шундан келиб чиқиб, 2019 йилги солиқ-бюджет сиёсати қабул қилинган фармон асосида ишлаб чиқилди.

Ҳозирда солиқ ислоҳотлари яна давом этиб, қўшилган қиймат солиғининг «узлуксиз занжири» жорий қилинишига эътибор қаратилмоқда. Лекин, улуксиз занжирга эришиш ўта мураккаблигини барча мутахассислар яхши билишади.

Солиқ ислоҳотлари концепциясини муҳокама қилиш жараёнида экспертлар ҳамжамияти хуфиёна иқтисодиётнинг улуши ниҳоятда юқорилигига эътибор қаратдилар. Кўпгина экспертлар солиқ юкини пасайтириш орқали иқтисодиётни легаллаштириш мумкин деган фикр билдиради.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг солиқ юки бошқа мамлакатларникидан юқори эмаслиги ҳам турли манбаларда эътироф этилмоқда. Агар жаҳонда солиқларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ўртача 30 фоиз бўлса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич бор-йўғи 20 фоизни ташкил этади. (2019 йилга —24 фоиз режалаштирилган) Ижтимоий тўловларни ҳисобга олганда бу кўрсаткич 34—38 фоиз атрофида. Саноати ривожланган ва ижтимоий йўналтирилган мамлакатларда у ўртача 40 фоизни ташкил этади. Олмония ва Фарангистон, ва Скандинав давлатларида 50 фоиздан юқорироқ. Яъни Ўзбекистонда солиқ юки юқори эмас. Қўшилган қиймат солиғининг «узлуксиз занжири» жорий қилинса яна бир неча фоизга ошиши мумкин.

Бизда солиқ юки бошқа давлатларникига нисбатан юқори эмаслиги ҳаммага яхши маълум. Аслида бизнинг шароитда гап, солиқ юкини пасайтирш ҳақида эмас, балки солиқлар таркибини ўзгартириш ҳақида, кетиши керак.

Бозор иқтисодиётига ўтиш ҳақида гапирар эканмиз, биз вертикал иқтисодий муносабатларни — уларнинг горизонтал турига утказишни ҳал этишимиз даркор. Тепадан пастга топшириқлар ва пастдан тепага ҳисоботлар эмас, балки хўжаликлар аро ўзаро муносабатлар ривож топиши керак. Бу шароитларда иқтисодиётни бошқариш санъати иқтисодиёт субъектлари ўртасидаги барча тўсиқларни бартараф этишдан иборат ва бу муносабатларни пуллик ҳисоб китоблар билан тартибга солиш лозим (маъмурий муносабатлар ўрнига). Бу жараён хўжалик муносабатлар «таннархини» (трансаксион харажатларни) пасайтирилиши ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлигининг ошиши билан давом этади.

Қўшилган қиймат солиги эса (ҚҚС) хўжалик муносабатларнинг орасида турадиган жуда жиддий тўсиқдир. Агар ундан қутила олмасак (шубҳали рейтингларга кўра солиқ юки бўйича 60 ўринда турсак ҳам) иқтисодий тараққиётга эриша олмаймиз.

Агар давлат бюджети ижтимоий йўналганлиги ҳисобга олинса, бизнинг шароитда солиқ ислоҳотлари солиқ юкини пасайтиришга эмас, балки қўлланилаётган солиқларнинг таркибий ўзгартиришга қаратилган бўлиши лозим.

Авваламбор олиб борилаётган солиқ ислоҳотларининг асл мақсадини белгилаб олиш зарур: ислоҳотлар азбаройи «солиқ инқилоби» ва нима бўлганда ҳам бюджетни тўлдириш учун ўтказиляптими? Ёки ислоҳотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини оширишни рағбатлантириш, меҳнат унумдорлигини кўтариш, инновацион иқтисодиётга ўтиш, илмий-ишлаб чиқариш кластерларини шакллантириш, рақобатдошликни ошириш учунми?

Солиқ ислоҳотлари фақат иккинчи гуруҳ масалаларни ҳал этишга сафарбар этилган бўлсагина – иқтисодиёт легаллашувдан манфаат топади. Бу борада «Биринчи навбатда халқнинг манфаатларини ҳисобга олиш лозим бўлади», — деб таъкидлади Президент ўзининг видеоселектор йиғилишидаги чиқишида.

Бу ўринда, афтидан, бюджетга тушумларнинг камайиши ва кўпайишини эмас, балки бюджет харажатлари натижадорлигини оширилишини муҳокама қилиш тўғрироқ бўларди.

Солиқ маъмурчилигини кучайтириш, уни қатъийлаштириш орқали — хуфиёна секторнинг легаллашувига эришиш мумкин. Лекин агар бу «кучайтириш» — монетар сиёсатни такомиллаштирмай, тадбиркорликни янада либераллаштирмай, малакали меҳнатни рағбатлантирмай туриб амалга оширилса — солиқ маъмуриятчилигини кучайтиришга кетадиган харажатлар солиқ юкини орттирса орттирадики, пасайтирмайди. Ва иқтисодиётни бундай «легаллаштириш» иқтисодий ўсишга олиб келмайди. Чунки, солиқ тўлаш билан боғлиқ юкдан ташқари, маъмурий солиқ юкининг номақбул ўсишга олиб келади.

Аслида, солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш бўйича чоралар, — қўлланилаётган солиқларни ва бутун хўжалик механизмини муҳим тарзда қайта таркиблашга, — қўшимча сифатда амалга оширилиши лозим.

Масалан, нафақат олинган фойда, балки баъзида сарфланган ресурслар ҳам солиққа тортиладиган «оборотдан», яъни тушумдан солиқ — шак-шубҳасиз тадбиркорларни «панага ўтиш»га мажбур қилади. Шунинг учун Концепцияда бу солиқдан воз кечишга қатъий қарор қилинди. Амалда-чи?..

Ишлаб чиқаришни кескин ўсишдан ушлаб турган, иқтисодиётни «панага ўтиш»га мажбур қилаётган солиқлар яна қайси? Бу ишлаб чиқаришнинг якуний эмас, балки оралиқ натижаларига солинадиган солиқлардир. Ана шундай солиқларнинг асосийси қўшилган қиймат солиғидир (ҚҚС). Расмий олиб қараганда уни охирги истеъмолчи тўлайди. Лекин ҚҚС хўжалик субъектларнинг ҳар бир шартомаларида қатнашади, ва барча ўзаро хўжалик алоқаларига понадек суқилиб киради.

Замонавий, энг юқори технологик корхоналар ягона занжир билан боғланган 200—250 тагача алоҳида хўжалик алоқаларни ўз ичига ола билади. Ишлаб чиқаришнинг бутун занжири бўйлаб кўпроқ қўшилган қийматни таъминловчи тармоқлар ва ҳудудий кластерларга бирлашган кўплаб корхоналарнинг чуқур ихтисослашуви ва кооперациясини талаб этади. ҚҚС эса кластер иқтисодиётининг шаклланишига тўсқинлик қилади. Ва шунингдек қўшилган қиймат солиғининг «узлуксиз занжири»ни замонавий-илғор индустриал иқтисодиётда жорий қилиш ўта мураккаб жараён.

Бундан ташқари, қўшилган қийматнинг таркибига амалдаги қоидаларга кўра иш ҳақи ва фойда ҳам тааллуқлидир. Яъни ҚҚС — бу ягона ижтимоий тўловлар, даромад ва иш ҳақига қўшимча равишда қўлланиладиган солиқ тури.

Фан ва техника ютуқларини жорий этиш, инновацион иқтисодиётга қадам қўйишга доир барча саъй-ҳаракатларимиз — янги қўшилган қийматни яратишни кўпайтиришга йўналтирилган. ҚҚС эса айнан инновацион иқтисодиётнинг оёғига болта урадиган солиқ. Маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар манфаатлари кўзланса ундан буткул воз кечган афзалроқ. Бу биргина Ўзбекистоннинг эмас, МДҲнинг кўплаб давлатларининг ҳам муаммосидир.

Бозор иқтисодиётига ўтишни мақсад қилган давлатлар бозор иқтисодиёти тамоилларига риоя қилишлари лозим. Бу дегани иқтисодиётдаги маъмурий иқтисодиётга хос вертикал алоқарни сусайтириб горизонтал алоқаларга ўтиши керак. Ушбу ўзаро алоқаларга тўсиқлик қиладиган барча омиллар бартарф қилиниши керак. Жумладан ҚҚС ҳам.

Мамлакатимиз бюджет тушумларининг тахминан 35 фоизи ҚҚС ҳисобидан шаклланади. Агар у бекор қилинса — бу йўқотиш бошқа солиқлар ҳисобидан қопланиши лозим бўлади. Масалан, фойда солиғидан воз кечиш ёки уни пасайтириш эмас, аксинча, уни ҚҚС бекор қилинишидан кўриладиган йўқотишларни қоплайдиган даражагача кўтариш мақсадга мувофиқ. Халқаро амалиётда кўплаб давлатларда шундай йўл тутилади.

Яъни кўплаб давлатларда, қўшилган қиймат солиғи ўрнига 30—35 фоизгача фойда солиғи қўлланилади. Бундай солиқ қўлланилиши ялпи ички маҳсулотни давлат бюджети орқали қайта тақсимлаш улушини камайтирмайди. Лекин хўжалик субъектлар орасидани муносабатлага бу солиқ салбий таъсир ўтказмайди. Фойда — хўжалик фаолиятининг оралиқ эмас, охирги натижаси ҳисобланади. Фойда солиғини солиш хўжаликлараро алоқаларнинг шаклланишига тўсқинлик қилмайди.

Шу билан бирга, ҚҚС ўрнига чакана савдодан олинадиган солиқ таклиф қилинса бўларди. Ривожланган мамлакатларда шу амалиёт мавжуд — 3—7% чакана савдо солиғи олинади. Бу ҳақиқий охирги истеъмолчилар тўлайдиган солиқдир. Кўплаб мамлакатларда маҳаллий бюджетларни айнан шу солиқ тўлдиради. Тўғри, бу солиқ билан боғлиқ маъмуриятчилик ҚҚСникига қараганда мураккаброқ, лекин ҚҚС каби иқтисодий ривожланишни издан чиқарадиган солиқ эмас.

Қолаверса, мол-мулк солиғини қисқартириш эмас, балки солиқ солишни самаралироқ йўлга қўйиш орқали мол-мулкдан унумли фойдаланишни рағбатлантириш керак бўлади. Ишлаб чиқариш асбоб-ускунасининг амортизацияси даврида мўътадил солиқ солишни қўллаб, амортизация муддати тугагандан кейин — прогрессив солиқ солишни қўллаш керак. Бу янада илғор, унумдор ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарини мунтазам янгилаб боришни рағбатлантиришини таъминлайди.

Ер солиғини қисқартириш эмас, аксинча, ўз ер хўжаликларидан тўлиқ фойдаланмайдиган ёки ернинг самарадорлиги пасайишига йўл қўйган фермер хўжаликларига ер солиғини юқори ставкада белгилаш керак. Ерларнинг унумдорлиги мунтазам ошириб бориши лозим — бу умумий қонун. Бунда фермерлар танлаши керак бўлади. Улар учун ернинг унумдорлиги пасайгани ва ирригация тизимлари ишдан чиққанига катта солиқларни тўлашидан кўра, — юқори ҳосиллардан фойда солиғини тўлагалари манфаатлироқ бўлиши керак.

Бундай ёндашув солиқ сиёсатини таркибий ўзгартиришга имкон беради, меҳнат тақсимотини чуқурлаштирган, ихтисослашув—кооперацияни ривожлантирган, тармоқлараро кластерларни шакллантирган ҳолда уни инновацион иқтисодиётга қайта йўналтиради. Бундай ёндашув юқори иш ҳақини сақлаб қолган тарзда, ишлаб чиқариш тармоқларининг янги қиймат яратишига тўсқинлик қилмайди.

Энг муҳими, «легаллаштириш» муаммосига ягона иқтисодий тизим позициясидан келиб чиқиб ёндашилса, солиқ ислоҳоти муваффақиятли кечиши муқаррар.

Юқорида келтирилган солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар ва солиқ ислохотлари қуйидагилар билан баровар амалга оширишиши керак:

1. Юқори даражадаги масъулиятли ходимларга ва юқори малакага яхшигина ҳақ тўлаш бўйича меҳнатни рағбатлантиришни ислоҳ этиш. Бусиз на «иқтисодиётни легаллаштириш», на коррупцияга қарши хатти-ҳаракатлар кутилган натижани бермайди;

2. Миллий валютани кучсизлантирмаган ҳолда иқтисодиётни пул массаси билан етарлича таъминлашга ва шу жумлада ички жамағариш тизимини ривожлантиришга қаратилган монетар сиёсатни такомиллаштириш лозим;

3. Натижадорликка қаратилган бюджетлаштириш тизимини ишлаб чиққан ва жорий этган ҳолда Давлат бюджети харажатларидан юқори самарани таъминлаш;

4. Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш.

Масалага айнан атрофлича ёндашилганда иқтисодиётни ҳар томонлама легаллаштириш ва кенг қамровда тараққий эттириш мумкин бўлади.
Мирёқуб Ҳайдаров, иқтисодчи

Манба: Daryo.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Бизда солиқ юки пасайтирилиши эмас, солиқлар қайта таркибланиши лозим