date

Нетаньяху: Эрон ядровий таҳдидга айланмоқда

Нетаньяху: Эрон ядровий таҳдидга айланмоқда
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Эроннинг ядровий қуролга эга бўлиши бутун минтақа учун жиддий хавф туғдириши мумкинлигини таъкидлади. Бу ҳақда у The Jerusalem Post нашрига берган баёнотида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, “Ҳизбуллоҳ”нинг заифлашувидан сўнг Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бойитилган уранни ядро қуролига айлантириш ҳаракатларини жадаллаштирган.

«Биз бу жараённи кузатяпмиз. Улар бир йил ичида атом бомбасига эга бўлади ва, бошқа ядровий давлатлардан фарқли равишда, ундан амалда фойдаланиши мумкин. Улар бизни йўқ қилишга ҳаракат қилади», — деди Нетаньяху.

У, шунингдек, ҲАМАС томонидан Ғазода асирга олинганлар ҳақида ҳам фикр билдирди:

«Биз уларга зарар етказмаслик учун бор имкониятимизни ишга соляпмиз. Исроил тинч фуқароларнинг жабр кўрмаслиги учун ҳаракат қилмоқда. Аммо ҲАМАС айнан уларни нишонга олмоқда», — деди у.

Маълумот учун, Нетаньяху 1995 йилдан буён Эроннинг ядро қуролига эга бўлиши ҳақида доимий равишда огоҳлантириб келмоқда. Аммо АҚШ разведка идоралари ва МАГАТЭ Эроннинг ядровий қурол ишлаб чиқараётгани ҳақида ҳеч қандай тасдиқланган далил топмаган.

МАГАТЭ раҳбари Рафаэль Гроссининг таъкидлашича: «Биз сиёсатчи эмасмиз. Шу боисдан, бундай муҳим баёнот учун аниқ фактлар керак. Биз эса бунга далил топмадик».

13 июндан бошлаб Исроил Эрон ҳудудидаги ядро инфратузилмаси, мудофаа объектлари, юқори лавозимли ҳарбийлар ва илмий ходимларни нишонга олди. Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ушбу ҳужумлар оқибатида камида 627 киши ҳалок бўлган, улар орасида тинч аҳоли ҳам бор.

22 июнь куни АҚШ ҳам бу операцияга қўшилиб, Фордо, Натанз ва Исфаҳондаги учта стратегик объектга авиазарбалар берди. Ҳужумда махсус бункер бомбаларидан фойдаланилган. Марказий разведка бошқармаси раҳбари Жон Ретклифф бу операция Эрон ядро дастурига катта зарар етказганини таъкидлади. Кўп ўтмай Дональд Трамп Исроил ва Эрон ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишувига эришилганини эълон қилди. Буни ҳар икки давлат ҳам тасдиқлади.

Шу билан бирга, Эрон расмийлари Америка томонидан берилган зарбалар катта йўқотишга олиб келмаганини айтмоқда. Олий раҳбар Али Хоманаий эса мамлакат Вашингтон ва Тель-Авив устидан “мораль ғалаба” қозонганини билдирган.

25 июнь куни Эрон парламенти МАГАТЭ билан ҳамкорликни тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилди. 2 июль куни эса Президент Масъуд Пезешкиён мазкур қонунни расман имзолади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Нетаньяху: Эрон ядровий таҳдидга айланмоқда