
Интернетда тарқалган бир видео жамоатчилик фикрини кескин иккига бўлиб юборди. Уста-рангшунос қиз Instagram саҳифасида мушукни ярқин пушти рангга бўяган ҳолдаги видеони жойлади. Видео @kamola.rustamovna4 аккаунтида пайдо бўлди ва тез орада кенг муҳокамаларга сабаб бўлди, деб хабар берди tashkent_land.
Муаллиф бу ҳаракатни ўзининг касбий фаолияти доирасидаги "эстетик" тажриба сифатида кўрсатишга уринди. Унга кўра, бу сурат "ижодий ёндашув" натижаси бўлган. Бироқ, фойдаланувчилар бундай ёндашувни жуда қаттиқ танқид остига олишди.

Instagram ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги юзлаб изоҳларда одамлар бу ҳолатни нафақат бемаъни ва беўхшов деб аташди, балки буни ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муомала, деб ҳисоблашди. Айримлар бу ҳолатни ҳатто қонунбузарлик деб таъкидлашди.
Қандай бўёқ ишлатилгани ҳозирча номаълум. Лекин ветеринария мутахассислари кўп маротаба таъкидлашган: ҳайвонларнинг териси инсонларникидан анча нозик, уларга мўлжалланмаган кимёвий воситалар кучли аллергия, куйиш, токсик реакциялар ёки ҳатто оғир касалликларга сабаб бўлиши мумкин.
Ҳайвонлар ҳуқуқлари учун курашувчи фаоллар ҳам бу видеога эътибор қаратишди. Уларнинг фикрича, пушти бўяқ қанчалик "органик" ёки "болалар учун мўлжалланган" деб таништирилмасин, бундай моддалар ҳайвонлар учун фақат зиён келтиради.
Шунингдек, кўплаб фойдаланувчилар қизга мурожаат қилиб, мушукни ветеринар шифокорга олиб боришни талаб қилишди. Айримлар ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш кераклигини ҳам таъкидлашди.
Муҳокамалар фонида баъзи ҳуқуқшунослар Ўзбекистон қонунчилигида ҳайвонларга шафқатсиз муносабатга қарши жавобгарлик белгиланганини эслатишди. Яъни, агар ҳолат ҳайвон соғлигига зарар етказган бўлса, у ҳолда шахс маъмурий ёки ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Айни пайтда қиз бу видеони саҳифасидан ўчириб ташлади. Аммо скриншот ва видеонинг нусхалари аллақачон турли канал ва аккаунтлар орқали тарқалиб улгурган.
Фуқароларнинг эътирозлари фақат шахсий ҳис-туйғуларга асосланган эмас. Яқин ўтмишда дунёдаги бир қанча мамлакатларда шунга ўхшаш ҳолатлар оммавий норозиликларга сабаб бўлган. Масалан, АҚШда бир TikTok блогери итни рангли суюқликка ботиргани учун жазога тортилган.
Бундай контент орқали қиз кўпроқ "лайк" ёки кузатувчи йиғишни кўзлаган бўлиши мумкин. Лекин интернет фойдаланувчилари бу усулни маънавий нуқтаи назардан қабул қилишмади.
Айрим мутахассислар эслатмоқда: ҳайвонлар — мода қурбони эмас. Уларнинг ташқи кўринишини инсон эстетикасига мослаштиришга уринган ҳар қандай ҳаракат салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Психологлар ҳам бу ҳолатга муносабат билдиришди. Улар бундай контент орқали “интернет шон-шарафи” учун қандай хатарли йўллар танланаётганини таъкидлашмоқда. Ҳайвонлар ҳиссиётли жонзот, уларни жонсиз буюм каби безаш — бу севимлилик эмас, масъулиятсизлик, дейишмоқда мутахассислар.
Жамоатчилик эса одатдагидек иккига бўлинди: бир гуруҳ бу қизни ҳимоя қилса, бошқалар уни танқид қилишда давом этмоқда.
Бироқ аксарият ҳолда фикр бир жойга тўпланди: ҳайвонларнинг ташқи кўриниши инсоннинг шахсий услуби ва Instagram "лайк"лари учун қурбон қилинмаслиги керак.
Мавзу кенгайиб, муҳокамалар кучаймоқда. Одамлар наfaqat бу мушукнинг, балки умуман ҳайвонлар ҳуқуқи ва саломатлиги масаласига жиддий қараш лозимлигини яна бир бор таъкидлашмоқда.
Воқеа тафсилотлари аниқлашиб бориши билан, қизнинг айби юридик баҳога тортиладими-йўқми — вақт кўрсатади. Аммо бу ҳолат орқали жамоатчилик яна бир бор хайвонларга муносабатда етук ва масъулиятли бўлиш кераклигини ҳис қилди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар